Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:22

“Улар Путиндан эмас, мобилизациядан қочмоқда” - ўзбекистонликлар россияликлар оқими ҳақида


Тасдиқланмаган маълумотларга кўра,  сўнгги бир ҳафта ичида 300 мингга яқин одам Россияни тарк этган,  асосан ҳарбий ёшдаги эркаклар ва уларнинг оила-аъзолари. 
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра,  сўнгги бир ҳафта ичида 300 мингга яқин одам Россияни тарк этган,  асосан ҳарбий ёшдаги эркаклар ва уларнинг оила-аъзолари. 

Сотиб бўлинган авиачипталар ва Россиянинг қўшни давлатлар билан чегара ўтиш масканларида бир неча километрга чўзилган тирбандлик.

Президент Владимир Путин 21 сентябрь куни эълон қилган қисман ҳарбий сафарбарликдан қочиш россияликлар учун осон бўлаётгани йўқ.

27 сентябрь куни йўловчи ташувчи ўзбек ҳайдовчиларидан бири Озодликка Россия-Қозоғистон чегарасидаги Маштаков назорат-ўтиш масканида тирбандлик 20 километрни ташкил этгани, тунни чегарада ўтказганини айтди.

"Маштаков" чегара масканида тирбандлик 20 километрни ташкил этган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

“20 километр узунликда машиналар тизилиб турибди. Тунни шу ерда ўтказдик”, -дейди ўзбекистонлик ҳайдовчи.

Россия ОАВлари хабарига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида 260 мингдан ортиқ одам Россияни тарк этган, асосан ҳарбий ёшдаги эркаклар ва уларнинг оила аъзолари.

Frontex чегара агентлиги маълумотига кўра, ўтган бир ҳафтада 66 минг россиялик Европа Иттифоқи ҳудудига кирган.

Аксарият Шенген визаси ёки ЕИ давлатларидан бирида доимий яшаш ҳуқуқи борлар Финляндия ва Эстония назорат-ўтказиш пунктлари орқали кирган, мобилизация эълон қилинганидан кейин Финляндияга кирганлар сони сезиларли даражада ошган.

Сешанба куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 21 сентябрдан буён Қозоғистонга 98 минг россиялик кириб келганини билдирди.

Қозоғистон ҳукумати сафарбарлик билан боғлиқ ҳолда ҳарбий комиссарликлар томонидан қидирилаётган россияликларни уларга нисбатан жиноят иши очилмаган бўлса, экстрадиция қилмаслигини билдирган.

Айни пайтда Қозоғистонга кирган 98 минг россияликнинг 64 минги учинчи давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга ўтган.

Аммо Ўзбекистонга кириб келаётган россияликлар сони бўйича мамлакат расмийлари ҳозирча бирон маълумотни очиқлагани йўқ.

“Украинада минглаб одам ўлдирилди, ҳамманг жим эдингиз. Энди…”

Тармоқлардаги муҳокамалардан Ўзбекистонга ўтишни хоҳловчилар оз эмаслиги кўринади.

"Оилада уч кишимиз, эрим, мен ва қизим. Қозоғистон чегарасидамиз. Жуда одам кўп тўпланган. Тошкентга ўтмоқчимиз. Уй ижарага берадиганлар борми? ", - деб ёзди Телеграм каналидиган “Русские в Узбекистане” гуруҳида Татьяна исмли фойдаланувчи.

Аммо тармоқларда мобилизациядан қочаётган россияликларга муносабат турлича.

Тармоқларда мобилизациядан қочиб келаётган россияликларга ҳамдардлик билдираётганлар кам.
Тармоқларда мобилизациядан қочиб келаётган россияликларга ҳамдардлик билдираётганлар кам.

“Ярим йил давомида Украинада минглаб одам ўлдирилди, ҳамманг жим эдингиз. Энди пропагандистлар экранидан туриб эмас, бевосита иштирок этиш кераклиги маълум бўлганда ҳамманг тарқала бошладиларинг. Россия бегона юртга шунча ғам, шунча ташвиш, шунча кулфат ёғдирди, нима учун?”, - деб ёзди Telegram гуруҳи фойдаланувчиларидан бири.

Телеграм каналидиган “Русские в Узбекистане” гуруҳи.
Телеграм каналидиган “Русские в Узбекистане” гуруҳи.

“Биз жуда меҳмондўст халқмиз. Лекин, урушга қарши бўлган одамларга жон деб ёрдам қиламиз”, - деб ёзди бошқа бир фойдаланувчи.

Яна бир фойдаланувчи: “Қўрқоқ руслар қочиб кетишяпти, дезертир ва қўрқоқларни киритмайлик”, дея шарх қолдирган.

Қозоғистондан эканини айтган аёл эса барчани мобилизациядан қочаётганларга ёрдам беришга чақиради.

Телеграм каналидиган “Русские в Узбекистане” гуруҳида қолдирилган шархлардан.
Телеграм каналидиган “Русские в Узбекистане” гуруҳида қолдирилган шархлардан.

“Азиз ўзбекистонликлар, озгина мурувватингизни кўрсатинг. Мен ўзим Қозоғистонданман. Россияда содир бўлаётган воқеалар жуда аянчли. Одамлар қўрққанидан охирги пулига келяпти, Илтимос, уларнинг вазиятига тушуниш билан қарайлик".

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан.
Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан.

Ўзбекистондаги Yep.uz сайти бош муҳаррири Марина Козлова келаётган россияликларга ёрдам бериш учун ўз сайтида махсус канал очган.

“Улар билан форумда гаплашганларимдан англадимки, улар Путиндан эмас, мобилизациядан қочишмоқда. Улар урушга юборилишдан қўрқишяпти. Путинга эътирози йўқ, баъзилари унинг сиёсатини қўллаб-қувватлашади ҳам. Мендан Facebook, Instagram даги саҳифамдан Украина аватарини олиб ташлашни талаб қилганлар ҳам бўлди ”, - дейди Марина Козлова.

Ўзбекистон ва Россия аҳолиси ўзаро визасиз, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.

Россияликларнинг ксенофобик, шовинистик хатоларини такрорламаслигимиз керак

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистонга келаётган россияликларни тушуниш билан қабул қилиш кераклигини айтади.

“...ўзбекистонликлар россияликларга бошпана топишда ёрдам бериши, ва айни пайтда, Россиянинг империалистик сиёсати батамом ўзгариши кераклигини муттасил билдириб боришлари керак. Кейинги ўн йилликлардаги Россиянинг сиёсий тафаккури империализмдан, Ўзбекистон давлати ва халқига нисбатан шовинистик кибрдан мутлақ тозаланиши лозим. Бунинг учун Ўзбекистон Миллатининг сифати, тафаккури шунга яраша ўзгариши, кристаллашган онг ва иродага эга бўлиши керак”, деб ёзди у ўзининг Facebook саҳифасида.

Тармоқларда айрим фаоллар келаётганлар орасида империячи ёки шовинистик кайфиятда бўлган руслар ҳам бўлиши мумкинлиги, улар Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет республикаларидаги "бешинчи колонна" сафларини тўлдириши ва шунинг учун ҳам миллий хавфсизликка таҳдидга айланиши мумкинлигидан огоҳлантириб чиқишди. Блогер Ақида Ханумга кўра, россиялик муҳожирларнинг янги тўлқини маълум ижтимоий-иқтисодий оқибатларни келтириб чиқариши, жумладан, нарх-наво ошишига олиб келиши тайин.

“Россияликларнинг иккинчи оқими, меҳмонхоналарда жой йўқ. Ижара нархлари кўтариляпти. Иккинчи жаҳон урушида ҳам қабул қилганмиз, ўзбекни бағри кенг. Лекин, бир нарса маҳаллий қонунларни ҳурмат қилишса бўлди”, - дейди Ақида Ханум Озодлик билан суҳбатда.

“Тошкент меҳмонхоналарида жой қолмади” - Россияликлар мобилизациядан қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:26 0:00

Украина уруши ортидан Ўзбекистонга россияликларнинг биринчи оқими шу йил мартига тўғри келган эди. Камида 2 минг россиялик, асосан IT-мутахассислар Тошкентда иш ва бошпана қидириши турар-жой ижара нархларига сезиларли таъсир кўрсатгани айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияда эканини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча мобилизациядан қочиб келаётган россияликлар масаласида ҳам, Украинанинг бўлгинчи ҳудудларидаги “референдум”лар бўйича ҳам расмий баёнот бергани йўқ.

26 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакати россияликларга ёрдам бериши, аммо уларга имтиёз бермаслигини айтиб чиқди. Тоқаевга кўра, юзага келган вазият сиёсий ва гуманитар масаладир. Қозоғистон Украинанинг бўлгинчи ҳудудларида ўтказилган "референдум" натижаларини ҳам тан олмаслигини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG