Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:57

Муҳожирлар ҳимоячиси, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев устидан жиноят иши очилди


Баҳром Ҳамроев 1993 йилдан буён Россияда яшайди
Баҳром Ҳамроев 1993 йилдан буён Россияда яшайди

Хусусий квартирасида бир неча меҳнат муҳожирини қайд қилгани учун москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев устидан жиноят иши очилди. “Мемориал” ташкилоти бу айбловни ўз ходимига нисбатан бошланган босим сифатида баҳоламоқда.

14 февралда Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти аъзоси, “Ёрдам” ҳуқуқий маркази раҳбари, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев устидан жиноят иши очилганини эълон қилди.

Рус полициячилари ҳуқуқ фаолини ўзига қарашли хусусий квартирасида бир неча ўзбек муҳожирларини вақтинчалик қайдга қўйганликда айбламоқда.

Озодлик билан суҳбатда асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россия ватандоши Баҳром Ҳамроев Россия қонунларига риоя қилишга урингани учун жавобгарликка тортилганини билдирди.

- Менга жиноий иш қўзғаганиниг асосий сабаби – иккита ўзбек одам. Бири тожикистонлик, иккинчиси – қирғизистонлик ўзбеклар. Улар ўз ватанларига экстрадиция қилиниши керак бўлган, аммо биз уларни ҳимоя қилиб, қамоқдан сақлаб, уларни қонунлаштириш мақсадида қайдга қўйсак, Россия ҳукумати менинг устимдан ақлга сиғмайдиган жиноий иш қўзғади. “Нима учун улар қонунан қайдга қўйилган, аммо яшамайди?” деган претензия билдирилди. Бу ишни қўзғаганлар ўзи кулаяпти! “Бу абсурдку!” деяпти ўзлари, дейди Баҳром Ҳамроев.

Москванинг Бибирево туман полиция бўлимидан олинган маълумотга биноан, “Мемориал” вакили ўз ҳимоясида бўлган қирғизистонлик Валишер Қодиров ва Тожикистон ватандоши Фируз Рустамовларни 2018 йилнинг январида Россия қонунчилиги талабларига мувофиқ вақтинчалик қайдга қўйган.

Қўзғатилган жиноий ишига оид қарорда “Ҳамроев шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, бу шахсларнинг қайд этиш манзили бўйича яшамаслигини олдиндан билган ҳолда <...> Бибирево туман УФМС бўлимига юқорида зикр этилган шахслар устидан миграция назоратини ўрнатиш ва Россия ҳудудида ҳаракатланиш имконидан маҳрум этган”ликда айбланаётгани айтилган.

Баҳром Ҳамроев Валишер Қодиров 2010 йилдаги Ўш ҳодисаларидан кейин Қирғизистонни тарк этишга ммажбур бўлгани, 2012 йилда Россияда Қирғизистон талаби билан ҳибс этилгани ва “Гражданское содействие” қўмитаси ёрдамида Европа судига мурожаат қилгани ва 39- Қоида асосида экстрадиция қилинмаганини айтди.

Ҳуқуқ фаоли 12 феврал куни Бибирево туман полиция бўлимидан унга телефон орқали уланган офицерлардан бири квартирада қайдга олинган Қодиров, Рустамов ва яна бир исми сир қолаётган ўзбекистонлик масаласи бўйича тушунтириш беришни талаб қилган.

Баҳром Ҳамроев бу босимлар ортида ФСБ идораси турганини тахмин қилаётганини гапиради:

- Бу босимлар биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. Охирги кунларда Петербург ва бошқа шаҳарлардан бизнинг ҳимоямизда бўлган одамлар ўғирланаётгани, Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларига нисбатан 39-Қоида қўлланилаётганига қарамасдан жўнатишаётгани кузатилмоқда. Мен уларга тўсқинлик қилаётганим бир томонда. Иккинчидан, охирги 1,5 йил ичида менинг уйимда икки маротаба тинтув ўтказилган эди – 2016 йилнинг 29 сентябрида ва 2017 йилнинг 28 март куни. Ўзбекистон президентининг Россияга келишидан бир неча кун олдин мен ҳақимда маҳаллий телевидениеда “экстремист” сифатида бўҳтон видеолар тарқатилди. Умуман олганда, охирги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан кучли босим кетаяпти! Сайлов олдидан одамларни, ташкилотларни қўрқитиб олиш мақсад қилинган. Полиция шунчаки қоғоз расмийлаштиради, аслида буни ФСБ қилаяпти, - деди Баҳром Ҳамроев.

Б.Ҳамроев Ўзбекистонга ўғирлаб кетилган Мирсобир Ҳамидқориев билан прокуратурада
Б.Ҳамроев Ўзбекистонга ўғирлаб кетилган Мирсобир Ҳамидқориев билан прокуратурада

“Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ўз ходими ҳимоясига махсус баёнот тарқатиб, Баҳром Ҳамроев “резина квартиралар тўғрисидаги қонун”нинг навбатдаги қурбонига айлантирилаётганидан хавотир билдирди.

- Масала “резина квартиралар”да эмас. Қўйилган айблов – Россия махсус хизматлари иштирокида юртига мажбуран қайтарилаётган марказий осиёлик қочқинларни ҳимоя қилиш билан ном чиқарган ҳуқуқ ҳимоячисини жазолашдир,- дея хулоса қилди “Мемориал” Кенгаши аъзоси Виталий Пономарёв.

Озодлик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга нисбатан олдин ҳам махсус кучлар босими бўлгани кузатилгани ҳақда хабар берган.

2010 йилда ҳимоячи ФСБ ходими томонидан қаттиқ калтакланган; 2011 йилда у номаълум шахслар томонидан ўз уйи яқинида калтаклаб кетилган; 2016 ва 2017 йилларда ФСБ ва Росгвардия махсус кучлари унинг квартирасида тинтув ўтказгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG