Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Тошкент шаҳрининг бош солиқчиси "йирик камомад"да гумонланиб ҳибсга олинди


Музаффар Пардаев 2015 йил июн ойидан буён Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.
Музаффар Пардаев 2015 йил июн ойидан буён Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига уч йил раҳбарлик қилган Музаффар Пардаев ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига яқин икки манбаси бир-биридан мустақил равишда хабар қилди.

Бу икки манбанинг бир хил маълумотларига кўра, “йирик камомад”да гумонланаётган Пардаев ўн кундан буён Давлат хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида сўроқ қилинмоқда.

Музаффар Парлаев 2015 йил июнидан буён Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.

Озодликнинг Солиқ қўмитасига яқин биринчи манбасига кўра, Пардаев солиқ тизимида олиб борилаётган текширувлар доирасида 4 июнь куни ҳибсга олинган.

Ҳибс этилишидан бир кун ўтиб Музаффар Пардаевнинг лавозимидан олингани эълон қилинди ва ўрнига унинг муовини бўлиб ишлаган Нормат Турсунов Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди.

- Шаҳар бюджетига тушумлар текширилган, йирик камомад чиққан. Ҳозир Пардаев солиқ тизимидаги бошқа ўнлаб амалдорлар билан бирга сўроқ қилинмоқда, - деди Озодликнинг Ўзбекистон Солиқ қўмитасига яқин иккинчи манбаси.

Пардаевнинг ҳибсга олингани юзасидан Озодлик Тошкент шаҳар солиқ бошқармасидан ҳам Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматидан ҳам изоҳ ололмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июн куни солиқ ва молия идоралари раҳбарлари иштирокида Тошкентда ўтган видеоселектор мажлисида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасини қаттиқ танқид қилган эди.

“Тошкент бозорларидан тушумлар бюджетга эмас, амалдорларнинг чўнтагига тушган. “Чилонзор” буюм савдо комплексида 791 нафар шахс солиқ тўламасдан савдо қилиб келаётгани аниқланди. Тошкент шаҳридаги автомобилларни сақлаш жойларидаги тушумлар назорати йўқлиги туфайли маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетяпти”, - деган эди Мирзиёев.

Айни шу мажлисда Мирзиёев Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Назарали Норбоевларнинг ҳам эгаллаб турган лавозимидан четлатилгани айтганди.

Бундан аввал Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғли Жавлонбек 28 май Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бирида қўлга олиниб, Ўзбекистон хавфсизлик кучларига топширилган эди.

“Турмада ўтирганлар айтиб беряпти - битта солиқчи ишга жойлашиш учун 30-40 минг доллар бераркан, жаноб Йўлдошев (Абдусалом Йўлдошев) каттаконига обориб бераркан”, дея таъкидлаган президент Мирзиёев 5 июн кунги селектор мажлисда..

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини сўнгги 14 йилда бошқариб келган келган 72 яшар генерал Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 майида Президент Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланган эди.

Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Парпиевнинг яқин қариндошларидан 4 киши 27, 28 май кунлари ишдан олингани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG