Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:00

Ўзбекистонда лицензиясиз таксичилар билан ким шуғулланади?


Эътиборингизга "Қошқайрон МФЙда яшовчи бир қатор фуқаролар номидан Шоирбек" Озодликка йўллаган мактубни OzodMaktub рукнида ҳавола қилаяпмиз. Хат "Фарғона вилоят, Риштон туман солиқ инспекцияси ходимлари диққатига" номли мақола эълон қилингач..." деб бошлангани учун ўша мақола қаерда эълон қилинганига қизиқдик. Маълум бўлишича, муаалиф тилга олган мақола "Дунё ўзбеклари" сайтида эълон қилинган ва қуйидаги матн мавзунинг давомидир.

Шоирбекнинг хатини таҳрирсиз, имло ва пунктуациясини сақлаган ҳолда бераяпмиз.

***

Фарғона вилоят, Риштон туман солиқ инспекцияси ходимлари диққатига номли мақола эълон қилингач, Риштон туман солиқ инспекциясидан ижобий натижа кутганим рост. Аммо мана бир неча кундирки, улардан садо ҳам чиқмади. Афтидан солиқчиларга халқнинг дарди керак эмасга ўхшайди? Яна билмадим.

Айни дамда Риштон шаҳри Қошқайрон МФЙдан шаҳар марказига қатновчи ҳайдовчилар бензин нархри ошди деб йўл кира ҳақини 500 сўмдан 1000 сўмга ошириб олишди. Лекин бу аҳоли учун қимматлик қилади.Сабаби Қошқайрондан шаҳар марказига қадар бўлган йўл 2 кмни ташкил этади холос. Бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Яқинда ДСИ ходимларидан бири билан шу мавзуда суҳбатлашдим. Унинг гапларини эштиб ҳайрон қолдим. Унинг айтишича, солиқчилар фақат лицензияси бор таксичиларга ўз гапини ўтказа олишар экан холос. Лицензиясиз, давлатга ҳеч қандай пул тўламай такчисилик қилаётганлар билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ эмиш. Қизиқ, шундай бўлса, қолган ҳайдовчилар лицензия олиб нима қилади? Ахир Ўзбекистонда қонун ҳамма учун бир хил эмасми?

Қонун ҳақида гап кетганда, яна бир нарсага ойдинлик киритиб ўтишни лозим деб топдим. Ўзбекистонда таксичилар билан “Дарётранс” ташкилоти шуғулланар экан. Аҳоли бир километр йўл учун қанча йўл кира тўлаши керак? Масалан, шаҳар ичидаги таксилар 2,5 кмгача бўлган йўл учун 2500-3000 сўм қилиб белгиланган. Ундан кейин эса ҳар бир км учун 500 сўмдан тўлашга тўғри келади.

Бундан ташқари, Риштон шаҳридан Фарғона шаҳрига қатновчи таксиларнинг нархи 5000 (беш минг) сўм. Риштон-Фарғона оралиғидаги масофа эса 50 кмни ташкил этади. Ҳайдовчи ҳар 10 км учун 1000 сўм олмоқда. Лекин Қошқайрон МФЙ таксичилари 2 км учун ҳар бир кишидан 1000 сўмдан олишмоқда. Бу бир марта бориш учун 4 минг сўмни ташкил этади. Қани бу ерда мантиқ?

Соддароқ тушунтиришга ҳаракат қиламан. Фарғонага қатновчи таксичилар 50 км йўл учун 20 минг сўм олишади. Қошқайрон – Риштон йўналишидаги таксичилар эса, шунча йўл босиб 100 минг сўм пул топмоқда. Бундан ташқари, бу таксичилар ҳеч қандай солиқ тўлашмайди. Уларда лицензия йўқ. Аммо уларни назорат қиладиган одам бўлмагач, хоҳлаганини қилишмоқда. Солиқ инспекцияси чора кўрмаяпти, қолганлар ҳам жим. Аслида йўл нархини давлат белгилаб бериши керак эмасми, биз тилга олаётган йўналишдаги таксичилар эса нархни ўзлари белгилаб олишмоқда.

Уларга нархни нега оширдингиз десангиз, бензин нархи ошди деб жавоб беради. Сизнинг машинангиз метан газда юради-ку, десангиз нима бўпти деб кулиб қуяди.

Ахир бундай адолатсизликнинг чек-чегараси борми? Лицензиясиз таксичиларни ким назоратга олади? Яна бир ҳақли савол туғилади? Лицензия олиб, давлатга солиқ тўлаб таксичилик қилаётган ҳайдовчилар нархни оширишса ёки бирор ножуя ҳатти-ҳаракат қилишса, дарҳол уларни жазолашади. Лицензия олмай, давлатга ҳеч қанақа солиқ тўламай таксичилик қилаётганларнинг ошиғи эса олчи? Улар ҳохлаганини қилса, қонунларни бир тийинга илмаса? Ахир бу адолатсизлик эмасми? Бунга ким жавоб беради?

Яна такрор айтаман: қонун ҳамма учун баробар эмасми?

Юқоридаги ҳолат бўйича, Фарғона вилоят ДСИ, Вилоят прокуратураси, Вилоят МХХ ва тегишли идоралар ходимлари томонидан ижобий натижа кутиб қоламиз.

Эҳтимол, Риштон туманидаги мутасаддиларнинг ўзлари бу масалага жиддий ёндошишар? Яна билмадим? Ўйлаймизки, бу муаммо тез кунларда ўз ечимини топади.

Қошқайрон МФЙда яшовчи бир қатор фуқаролар номидан Шоирбек

***

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG