Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Бош вазир танқидидан сўнг телеканалларда жонли эфир тўхтатилди


Жонли эфирга берилмаган дастурдан сурат
Жонли эфирга берилмаган дастурдан сурат

Ўзбекистон телеканалларидаги информацион дастурлардан бошқа кўрсатувларни жонли эфирда бериш тўхтатилди. Жонли эфири тўхтатиб қўйилган кўрсатув муаллифларидан бирининг Озодликка айтишича¸ 21 августдан бошлаб кўрсатувлар олдин ëзиб олиниб, муҳаррир назоратидан ўтгачгина, эфирга қўйилмоқда.

Кейинги пайтларда МТРКнинг етакчи каналларида информацион дастурлардан ташқари "Муносабат", "Халқаро пресс-клуб", "Учбурчак" каби ток-шоулар жонли эфирда ёйинланаётган эди.

Шу пайтгача жонли тарзда намойиш қилиниб келган Халқаро пресс - клуб кўрсатувларининг сўнгги уч сони одатдаги вақтида эфирга узатилмади. Ёзиб олинган сўнгги 3 дастурнинг эфирга қачон берилиши ҳам ҳозирча номаълум. Шунингдек, "Ўзбекистон" телеканалидаги "Муносабат" кўрсатуви ҳам жонли эфир сеткасидан олиб қўйилган.

“Муносабат” кўрсатувнинг ëзиб олинган варианти сешанба куни намойиш қилинган. Тележурналист Қуддус Аъзам бошловчилигидаги бу кўрсатув ҳар ҳафтада 4-5 марта жонли эфирда узатилиб келаётган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Бош вазир Абдулла Арипов ва давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов иштирокидаги мажлисда "жонли эфирга нуқта қўйилган".

Ўзбекистон МТРК Медиа марказида 21 август куни МТРК журналистлари билан ўтказилган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов “жонли эфир” тўхтатилганини айтиб¸ жонли эфирда йўл қўйилган нуқсонлари учун МТРК раҳбари Бобир Алихоновга ҳайфсан берган эди.

Бу йиғилишда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган журналистлардан бирининг айтишича,“Бош вазир “бундан кейин ҳеч қандай онлайн-понлайнинг бўлмайди, қисиб ишлайсан ҳамманг. Онлайнни эфирга яқинлаштирмайсан, ҳар бир кўрсатувни эфирга беришдан олдин Хайриддин Султонов билан маслаҳатлашасан”, деб айтган.

Озодлик суҳбатдоши бўлган ўзбекистонлик журналист ”жонли эфирдаги кўрсатувлар сиëсий тақиққа учради” деб таъкидлаëтган бир пайтда¸ Шерзод Қудратхўжаевнинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали томошабинларига мурожаат қилиб «Халқаро пресс-клуб ўз фаолиятини тугатгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.

"Пресс-клуб ўз режаси бўйича ишлашда давом этади, аммо баъзи техник сабабларга кўра, ҳозирча тўғридан-тўғри эфирга чиқиши тўхтатилган" деб ёзди Қудратхўжаев.

Халқаро Пресс-клуб ташкилотчилридан бири Озодлик билан боғланиб 23 август куни ЎзМТРК Медиа марказида Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги мажлиси ëзиб олингани ва жонли эфирга берилмаганини айтиб фотосуратлар юборди. Суратларда кўрсатув иштирокчилари, жумладан Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов​ни кўриш мумкин.

Жонли эфирга узатилмаган бу кўрсатувда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти иштирок этиб, журналистлар билан мулоқот олиб борган.

Пресс-клубда ўтказилган матбуот анжуманининг бошланишида ХПК раиси Шерзодхон Қудратхўжаев Пресс-клуб фаолиятига оид энг сўнгги янгиликлар (Арипов иштирокидаги мажлис) тушунтириш берган.

Ўз тушунтиришида Қудратхўжаев пресс-клуб фаолиятида “форматдан чиқиш юз берганини” тан олган.

ТВда юзага келган вазият юзасидан кўрсатувлари жонли эфирдан олиб ташланган бошловчилар Қуддус Аъзам ва Шерзодхон Қудратхўжаевлардан, телеканаллар раҳбарларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Жонли эфир кўзгусида кўринган "қийшиқ" манзаралар

Жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиб иш бошлаган Халқаро пресс-клуб шу пайтгача жонли эфирда ток-шоу форматида ўнлаб кўрсатувларни эфирга узатди.

Бу кўрсатувларнинг бирида сенатор Светлана Ортиқова ўқитувчи ва ҳамшираларни шанбалика жалб қилишни деярли оқлаганидан кейин ижтимоий тармоқларда танқидига нишон бўлган эди. “Муносабат” кўрсатувнинг жонли эфирдаги сонларидан бирида “Қадимий обидаларни ҳимоя қиляпмиз” дея таъкидлаган қашқадарëлик депутат Дилфуза Жалилованинг кўзини қисгани ҳам бутун республика бўйлаб мутоибага сабаб бўлди.

Акмал Ризаев тахаллуси билан блоглар ëзадиган тошкентлик блогерга кўра¸ айнан жонли эфир “мулозимларни фош қилиш” учун энг маъқул формат:

- Бу депутат маданий обидаларни асраш бўйича қўмита аъзоси. Унга обидаларни асраш масаласида неча марта мурожат қилган бўлсам ҳам жавоб ола олмагандим. Ўзбекистондан ўғирлаб олиб чиқиб кетилган Чашмаи Айюб мақбараси бўлаги борасида депутатларнинг роли ҳақидаги саволга Олий Мажлис депутати Дилфуза Жалилова "Бор, бор, бор ролимиз" дея жавоб қайтариб партиядошлари томон юзини буриб кўз қисиб қўйди. Жонли эфир боис бу депутатнинг қадимий обидаларга бефарқлиги ошкор бўлди¸ дейди блогер.

"Ўзбекистон 24" каналида ишлайдиган журналистнинг Озодликка айтишича¸ “шу каби юмористик ҳолатлар эфирга чиқиб кетмаслиги ва давлат раҳбарини ортиқча мақтаб юборишга чек қўйиш мақсадида жонли кўрсатувлар тўхтатилган”.

Айни пайтда «Ўзбекистон 24» каналидаги информацион кўрсатувлар жонли эфирда кетишда давом этмоқда деди журналист.

***

Юқоридаги мақола эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач,

айрим маҳаллий нашрлар ЎзМТРКдаги ўз манбаларига таяниб, кўрсатувлар жонли эфирга қайтажаги тўғрисида хабар қилди.

"Ўзбекистон" телеканалидаги манбанинг маълум қилишича, жонли эфирдаги кўрсатувлар намойиши вақтинча — эфир байрам дастурлари билан тўлиб кетгани муносабати билан тўхтатилган. Сентябрь ойида шу кунгача жонли эфирда чиққан кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга қайтади",- деб ёзди daryo.uz сайти.

XS
SM
MD
LG