Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:36

“Оламан деганам, сотаман деганам кўп”. Вилоятларда буйрак трансплантациясига рухсат берилди


Ўзбекистон Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти, май, 2021
Ўзбекистон Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти, май, 2021

Президент Мирзиёев келаси йилдан бошлаб, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида буйракни кўчириб ўтказиш амалиётини ўтказишга рухсат берди.

Бу ҳақдаги президент қарорида 2022−2023 йиллар давомида мамлакат бўйлаб хирургия бўлимларини ривожлантириш, зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш ва буйрак трансплантациясини бошлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида юрак ва ўпка трансплантациясини ўтказишга рухсат берилган. Ҳужжатда қайд этилишича,чет тилини биладиган шифокорлар келаси йилдан хорижга малака оширишга юборилади ва

Ҳозирда Ўзбекистонда буйракни кўчириш амалиёти ўтказилади. Тошкентда учта муассаса ва вилоятлардаги бир неча муассасада 200 га яқин амалиёт ўтказилган.

Тиббиётчилар бу қарорни олқишламоқда, боиси ҳозирга қадар аксар беморлар асосан Россия, Ҳиндистон ва Исроилга бориб амалиёт қилдириб келаётган эди. Аммо, айни пайтда мамлакатда бундай амалиётдан чиққан беморларни тиббий назоратда ушлаб туриш учун шароит йўқлиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон қонунчилиги фақат туғишган ва тутинган қариндошларга ўзаро донор бўлиши учун рухсат беради. Шу боис, ички органга муҳтожлар ҳам, сотишни истовчилар ҳам нажотни ички “қора бозор” ёки хориждан қидирмоқда.


Қарор

Президент 4 октябрь куни “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорга биноан, 2022-2023 йилларда ҳамма вилоятларда тиббиёт бирлашмалариинг хирургия бўлимларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва жарроҳлик амалиётлари турини 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага етказиш белгиланган.

В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида юрак ва ўпка трансплантациясини бошлаш кўзда тутилган.

Бу масканларни шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш учун, хорижий тилларни биладиган тиббиёт ходимларини хорижга юбориб, ўқитиш режаланган. Бу тиббиётчилар сўнгра давлат тиббиёт муассасаларида ишлаб бериш мажбуриятини олиши лозим.

Ўзбекистонда буйрак ва жигар бўлаги трансплантацияси 2018 йилдан бери ўтказиб келинади. Ҳозиргача 200 га яқин беморга буйрак ва жигар бўлаги кўчириб ўтказилган.


Амалиёт

Шу кунда Тошкентда трансплант буйрак билан яшаётган 2 беморни тиббий назорат остида ушлаб турган шифокорга кўра, Ўзбекистонда бундай амалиётлар ҳозирча яхши ўтказилмоқда.

“Буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти, орган трансплантацияси орасидаги энг енгили. Бизда малакали врачлар етарли, ҳозирча яхши ўтказишяпти. Менда иккита бемор бор, иккиси ҳам яхши. Буйраклар яхши ўрнашяпти, отказ бергани йўқ”, деди Чилонзор туманидаги кўптармоқли поликлиникадаги ишлайдиган уролог врач.

Исмини ошкор қилмаётганимиз врачга кўра, буйракни кўчириб ўтказишга эҳтиёжи бор беморлар кўп, уларнинг аксари донорга муҳтож. Аммо Ўзбекистон қонунчилиги ҳозирча фақат яқин-қариндошларга рухсат бергани боис, донор топиш қийин.

“Бизда 150 тадан ошиқ операция бўлди. Асосан Тошкентда, лекин яқинда Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳам қилишди. Фақат оила-аъзолари донор бўляпти, қонунчилик шунга рухсат беради. Амалиёт бепул, операцияга қадар таҳлиллар пуллик. Лекин қариндошларидан донор чиқмаганлар гемодиализ билан яшаяпти. Уларга ҳам бепул қуйилади, биласиз”, дейди тошкентлик уролог.

Мутахассислар

Тошкентлик яна бир шифокор Шерзод Розиқов ҳам мамлакат орган трансплантациясини кўпайтиришга рухсат берилганини олқишлади.

УТТ (ультра товуш текширув - УЗИ) шифокори бўлган Розиқов буйраги Ўзбекистонда кўчирилган бемор ва донорларни тиббий кўрикдан ўтказиб туради.

Айтишича, Ўзбекистонда амалиёт ўтказишда муаммо кузатмаган ва жиҳозлар борасида ҳам муаммо йўқ. Аммо мутахассислар ва амалиётдан чиққан беморларнинг тиббий назоратини таъминлашда жиддий муаммолар бор.

“Биздаги тиббиёт олий ўқув юртларида трансплантология факультети йўқ, яъни мутахассислар асосан Москвада ўқишади. Кейин Туркия, Исроилда ўқиб келишади. Лекин, бизда хирургия совет замонидан бери яхши, биласиз. Собиқ совет ўлкасида ҳам энг яхши врачлар бизда, кейин Москвада. Шунинг учун амалиётнинг ўзида муаммо йўқ”.

Тиббий назорат

Аммо врач Шерзод Розиқовга кўра, узоғи билан бир ҳафта ичида шифохонадан чиқадиган беморнинг амалиётдан кейинги тиббий назоратида муаммолар бор.

“Бемор амалиётдан чиққанидан кейин 6 ой уролог ёки трансплантолог врач назорати остида бўлиши керак. Дори-дармон таъминоти ҳам ҳозир етарли. Лекин агар ҳар бир вилоятда бунақа амалиётларни қилиш бошланса, қишлоқ ҳудудларида бундай беморлар қишлоқ врачлик пунктидаги умумий амалиёт шифокорларининг (УАШ) зиммасида қолиши мумкин. Уларнинг аксарида малака етмайди, малакаси бўлса вақт етмайди. Кейин кўчирма буйрак бирдан ишламай қолиши мумкин. Хуллас, менимча бу масалани аввалдан ҳал қилиб олиш керак”, дейди Шерзод Розиқов.

Наманганда 18 минг аҳолига хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокорига кўра, 2022 йил бошланишига бир неча ой қолган бўлсада, уларга трансплант орган билан яшаётган беморлар парвариши ёки даволаш регламентига доир бирор кўрсатма келмаган.

“Ҳозир республикада битта умумий амалиёт шифокорига ўртача 3 минг аҳоли тўғри келяпти. Шулар орасида камида 2-3 нафари доимий ёки маълум муддатли махсус парваришга муҳтож бемор. Яъни ўзининг тор доирадаги мутахассиси қараш керак. Буйрак ҳамма вилоятларда кўчирилиши ҳақидаги қарорни кўрдим мен ҳам. Лекин, бунақа махсус муолажа қилинадиган беморларни даволаш, тиббий назоратига оид бирор кўрсатма келмади ҳали бизга”, дейди исми очиқланишини истамаган умумий амалиёт шифокори.

Қонунчилик

Ўзбекистонда трансплантация Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 23 октябрда қабул қилган “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом” билан тартибга солинади.

Низомга кўра, фақат тирик яқин қариндош беморга донор бўлиши мумкин:

  • ота-оналар,
  • туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар,
  • эр-хотинлар,
  • фарзандлар (шу жумладан асраб олинганлар),
  • бува ва бувилар,
  • набиралар,
  • эр-хотиннинг ота-оналари, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар

Жарроҳлик амалиёти бепул ўтказилади. Аммо, барча вилоятларда амалиётлар бошланганидан кейин ҳам бепуллигича қоладими, йўқми - бу ҳақда ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Ҳозирча президентнинг янги қарорига мос равишда Ўзбекистон қонунчилигига ҳам ўзгартириш киритиладими, йўқми - бу ҳақда ҳам маълумот йўқ.

Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган илмий-амалий жарроҳлик тиббиёт марказидан аниқ маълумот ололмади.

Аммо шу йилнинг 20 сентябрида Олий Мажлис Сенати ва В.Воҳидов номидаги Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтган тадбирда “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси жамоатчиликка эълон қилингани йўқ. Аммо, йиғилишда ички орган учун донорликка фақат яқин қариндошлар орасида рухсат берилгани “бугунги кун талабига жавоб бермайди” деб таъкидлангани хабар қилинди.

Озодлик гаплашган шифокорларга кўра, ҳозирча қонунчиликка киритилган “тутинган ёки асраб олинган” қариндошлар айрим беморларнинг жонига оро кирмоқда.

“Яъни яқин қариндоши бўлмаса ҳам, таниши бўлса ва тутинган акам ёки укам, опам, синглим, деб келиб донор бўлиши мумкин, принципда. Лекин, ҳозир бунақа амалиётлар қаттиқ назорат остида бўлгани учун, ёлғондон тутинган қариндош ўртага тушиши қийин. Чунки, ҳужжатлар йиғиладида барибир. Аммо, кенг кўламда бошланса, бундан фойдаланишлари мумкин. Менимча, икки тараф ҳам рози бўлса, бунда муаммо йўқ. Ҳатто, қонунийлаштириб рухсат бериш керак бунга”, дейди тошкентлик уролог.

Оламан деганам, сотаман деганам кўп

Озодлик гаплашган шифокорларга кўра, мамлакатга донор органни сотиб олишни истовчилар ҳам, сотишни истовчилар ҳам - расман айтилган рақамлардан анча юқори.

Иқлим ўзгариши, аҳоли турмуш даражасининг пастлиги ва сўнгги икки йилдан бери аҳолини қийнаб келаётган COVID-19 пандемияси вазиятни янада оғирлаштирган.

“Мисол учун, ковиддан кейин одамларда ўпка фибрози кучайди. Яъни, яллиғланган ўпка тўқималари қуриб, ўрнида чандиқ қолиб кетган. Бемор касалланганидан бир йил ўтиб ҳам нафас етишмовчилигидан қийналади. Ковиддан кейин юрак-қон томир касалликлари ҳам кўпайган. Масалан, жигар циррози ҳам кўпайган. Буйрак етишмовчилиги ҳам кўп, гемодиализга муҳтож берморлар кўп. Трансплантация амалиётларини кенгайтиришга рухсат берилганини маъқуллайман”, дейди Шерзод Розиқов.

Тошкентлик уролог врач ҳам, орган кўчиришга муҳтож беморлар сони ортаётганини айтаркан, орган сотишга муҳтож одамлар ҳам кўпайганини қўшимча қилди.

“Бизга келиб ҳам очиқ айтишади: буйрагимни сотмоқчиман, нима қилай, деб. Қонунчиликда тақиқланган, деб тушунтирамиз. Лекин икки томон келишиб, Қозоғистон ёки Россияга бориб, трансплантация қилдириб келишяпти. Энди “қора бозор” ҳақида, очиғи мен бирор маълумот беролмайман. Билганим - шу кўчадаги қуруқ гап, “Қозоғистон ёки Россия, масалан Туркияга бориб, 4 минг - 6 минг доллардан бошлаб, буйракларини сотиб келишяпти”, деган. Лекин бу қуруқ гап, мен шахсан билмайман”, дейди тошкентлик уролог.

Озодликка ҳам буйрагини сотиш истагида бўлган ва бунинг йўл-йўриғини қидираётган ўнлаб одам мурожаат қилган. Уларнинг аксари, буйрагини моддий қийинчилик боис пул топиш мақсадида сотишга мажбур бўлаётганини айтади.


“Қора бозор”

Постсовет ўлкаларида сўнгги йилларда одам органлари савдоси ва яширинча трансплантология кенгаяётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистонда одам тана аъзоларини хориждаги донорларга контрабанда қилувчи жиноий гуруҳларнинг борлиги, Бухорони титратган "одамхўр Қораевлар иши"дан сўнг маълум бўлган.

2000 йилда Бухородаги ахлатхоналардан бирида одам танаси қолдиқлари топилган ва ҳодиса бутун Ўзбекистонни ларзага солган туркум қотилликларнинг очилишига сабаб бўлганди.

Оила бошлиғи Фируддин Қораев Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида декан лавозимида ишлаган ва ўнлаб бухоролик йигитларни Жанубий Кореяга ишга юбораман, деган баҳона билан ўз уйига олиб келиб, уларни сўйиб, тана аъзоларини хорижга сотиш билан шуғуллангани айтилган.

Тергов давомида Қораев ўзи ишлаган институт биносининг юқори қаватидан ўзини ташлаб жонига қасд қилгани айтилган эди. Тафсилотлари жамоатчиликка қоронғу бўлган қотилликлар, Ўзбекистонда одам танаси аъзоларини хорижга сотиш билан шуғулланувчи гуруҳлар фаоллигини ўртага чиқарган.

Икки йил муқаддам худди шундай гуруҳ Қозоғистоннинг Ўзбекистонга яқин Чимкент шаҳри шифохонасида ҳам аниқланган эди. Бу ердаги шифохона бош врачи тана аъзоларини ноқонуний кўчириб ўтказиш билан шуғулланишда айбланган. Аайбловга кўра, донорлар Украина, Ўзбекистон ва Қирғизистондан, мижозлар эса асосан Исроилдан бўлган.

Ҳозирга қадар бундай ноқонуний трансплантация амалиётининг асосий қисми Туркия, Хитой, Миср ва Ҳиндистонда ўтказилиши айтилади.

Ўзбекистонда эса, ҳозирда бундай ноқонуний амалиётлар ўтказилиши ҳақида расмий ёки норасмий, мустақил манбалардан тасдиқланган маълумот Озодликда йўқ.

XS
SM
MD
LG