Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:08

“Ўзбеккўмир”даги жиноий схемани фош қилган собиқ ишчиларнинг ўзи жиноятчига чиқарилди


"Ўзбеккўмир" собиқ ишчилари ширкатни бюджет ташкилотларига брикет нархида кўмир кукунини сотиб¸ давлатнинг миллиардлаб пулини ўзлаштирганликда айбламоқда.
"Ўзбеккўмир" собиқ ишчилари ширкатни бюджет ташкилотларига брикет нархида кўмир кукунини сотиб¸ давлатнинг миллиардлаб пулини ўзлаштирганликда айбламоқда.

Сурхондарёда мавжуд олтита кўмир брикети цехи маҳсулот ишлаб чиқармасдан, хомашёни элаб қопларга жойлаб мактаб¸ боғча ва касалхоналарга брикет нархида сохта фактура ёзиб тарқатган.

Бу иддао “Ўзбеккўмир” АЖнинг Сурхондарë вилоятидаги олти омборида ишлаган 71 нафар собиқ ишчи номидан 12 февраль куни Озодлик билан гаплашган вакиллар мурожаатида янгради.

Бу иддаоларни қувватловчи далил-ҳужжатлар билан Сурхондарë вилоят прокуратураси¸ республика Транспорт прокуратураси¸ президент порталига мурожаат қилган “Сурхонкўмир” собиқ ишчиларининг ўзи¸ уларнинг айтишича¸ пировардида жиноятчига чиқарилиб¸ жазоланган.

Озодлик гаплашган ишчилар вакиллари¸ “Ўзбеккўмир”нинг биргина вилоятда миллиардлаб сўмни ташкил қилувчи ўғирлик схемаси тепасида турганларнинг жазоланиши¸ ўзларига уюштирилган туҳмат кампанияси тўхтатилиб¸ ишга қайта тикланишини талаб қилмоқда.

Озодлик бу иддаоларга “Ўзбеккўмир” раҳбарияти ва прокуратурадан ҳозирча расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

“Ўзбеккўмир”даги кулдан пул қилиш схемаси

12 февраль куни Озодлик суҳбатлашган сурхонлик собиқ кўмирчилар¸ ўзларини "Ўзбеккўмир" нинг янги маҳаллий раҳбарлари томонидан 2018 йил январида бирваракайига ишдан ҳайдалган 71 нафар омбор раҳбари ва хизматчилари вакиллари деб таништирди.

Озодликка гапирганлардан бири Райҳон Раҳмонова ўзи ва собиқ ҳамкасбларининг ишга тикланишини талаб қилиш жараëнида янги раҳбарият жиноятларини ҳам фош қилгани учун жазоланганини айтади.

Бу жиноят моҳияти эса ниҳоятда жиддий.

Сурхондарëдаги олтита кўмир омбори Қарши бирлашган ëнилғи омбор хўжалиги таркибига қўшилган. Бу олти омборда 2018 йил ижтимоий соҳа объектлари, мактаб, боғча, касалхона, коллежларнинг қиш мавсуми учун брикет маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши керак эди. Аммо брикет маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўрнига хом ашёни элаб қопларга жойлаб мактаб¸ боғча ва касалхоналарга брикет нархида сохта фактура ёзиб тарқатишган.

1 кг хом ашё 210 сўм¸ тайёр маҳсулот – брикетнинг килоси 375 сўм. Ўртадаги фарқ 165 сўм. Буни бир вагон хомашёга кўпайтирсак¸ 165 × 69000 кг= 13 миллион 385 минг сўм бўлади. 2018 йили бу олти омборга Ангрендан 335 та вагон хом ашë келган. Энди 13 385 000 ни 335 га кўпайтирсак¸ битта вилоятда давлатнинг 4 миллиард 483 миллион 975 минг сўми кўмир етказувчи раҳбарларнинг чўнтагига кираяпти. Буни бутун Ўзбекистон миқëсига кўчирсангиз¸ даҳшатли ўғирлик схемасини кўрасиз”¸ дейди Озодлик гаплашган Термиз кўмир омборининг собиқ мудираси Райҳон Раҳмонова.

Раҳмонова ва унинг собиқ ҳамкасблари бу жиноятни фош этувчи маълумот ва далилларни Сурхондарë вилоят прокурори ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти раҳбарига тақдим қилган.

Вилоят бўйича ҳамма туман ижтимоий соҳа ташкилотларининг брикет таъминоти департамент тезкор гуруҳи аъзолари билан ўрганилди ва барча важларимиз ўз исботини топди. Аммо миллиардлаб бюджет пулини талон-тарож қилганлар иши яна бости-бости бўлди. Улар қолиб¸ бизнинг ўзимизни жиноятчига чиқаришди»¸ дейди Раҳмонова.

Озодлик Раҳмонова ва «Ўзбеккўмир» «Ўзбекистон темир йўллари» таркибига ўтганидан сўнг ишдан бўшатилган яна 70 нафар ходимнинг бу иддаоларига расмий муносабат билдиришни сўраб «Ўзбекистон темир йўллари» ва Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Ҳозирча иккала идорадан ҳам жавоб келмади. (Жавоб келиши билан мақола янгиланади - таҳр.)

“Темир йўллари” президент қароридан кейин 71 "кўмирчи"ни ишдан ҳайдади

Озодликка мурожаат қилган “Ўзбеккўмир” АЖнинг 71 нафар ишчиси “Ўзбеккўмир” президент Мирзиëевнинг 2017 йил 8 ноябрь кунги қарори билан “Ўзбекистон темир йўллари” таркибига ўтказилганидан сўнг 2018 йил январида ишдан ҳайдалган.

Бўшатилганлар Қашқадарë ва Сурхондарëдаги "Ўзбеккўмир" омборларини бошқариш ваколати берилган Қарши бирлашган ëнилғи омбор хўжалигининг бу қарори устидан маҳкамага арз қилган.

Қарши туманлараро суди 2018 йил 22 февраль куни 71 нафар ишчининг қонунчиликка зид равишда бўшатилганини эътироф қилиб¸ Қарши бирлашган ëнилғи омбор хўжалигидан уларни ишга қайта тиклашни сўраган.

Аммо “Темир йўллари” ҳудудий бўлими бу ҳукм устидан шикоят аризаси киритган ва 22 апрель куни ҳукмнинг Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилоят суди томонидан бекор қилинишига эришган.

Шундан сўнг арзчилар Тошкентга – республика Бош прокуратураси¸ ундан эса¸ республика Транспорт прокуратурасига шикоят билан борган.

Хусусан¸ Термиз кўмир омбори собиқ раҳбари¸ “Ўзбеккўмир” тизимидаги саноқли менежер аëллардан бири бўлган Райҳон Раҳмонованинг Озодликка айтишича¸ у 2018 йил 17 август куни Транспорт прокуратураси расмийси Жаҳонгир Солихонов қабулига киради.

Суҳбат давомида Раҳмонова нафақат ноқонуний ишдан бўшатилиш¸ балки “Ўзбеккўмир” “Ўзбекистон темир йўллари” таркибига кирганидан сўнг бу ерда амалга оширилаëтган катта иқтисодий жиноятлар ҳақида гапириб беради. Прокуратура расмийси унинг айтганларини эшитиб¸ чора кўрилишини айтади.

Аммо Тошкентдан қайтганидан кўп ўтмай¸ Раҳмонова ўзи ва шикоятчилар орасида бўлган яна беш нафар собиқ омбор мудири устидан Транспорт прокуратурасининг Сурхондарë вилоятидаги терговчилари томонидан жиноят иши очилганидан хабар топади.

Уларга ишдан бўшатилганидан 8 ой ўтиб¸ ўзи бошлиқ бўлган омбордаги кўмир маҳсулотларини янги раҳбарга расман топширмаганлик айби қўйилади.

Вилоят Солиқ бошқармаси ишчи гуруҳининг¸ омбордаги маҳсулотларни янги раҳбарга ўз вақтида расмийлаштирмагани учун собиқ ишчилар эмас¸ балки муассаса раҳбарларини жавобгарликка тортиш кераклиги ҳақидаги хулосаси суд томонидан инобатга олинмаган - Раҳмонова 31 миллион сўмлик зарарни давлатга тўлаш ва уч йиллик озодликни чеклашга ҳукм қилинган.

Ўзбеккўмир”даги жиноятлар схемаси ҳақида арз қилганимиздан кейин бир йил олдинги приëм-сдачани кўтариб¸ бизни қалбаки ҳужжатлар , ёлғон кўрсатмалар¸ солиқ ходимлари билан ноқонуний текширув хулосалари тайёрлаб¸ давлат мулкини талон- тарож қилганликда айблашди”¸ дейди Озодлик гаплашган судланганлардан бири.

Халқ таълими вазирлиги брикетларнинг кукун эканини тасдиқлайди

2018 йилнинг 14 ноябрь куни Turon24 агентлиги суҳбатлашган Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров “мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати паст, ярмидан кўпи кукун ёки нам брикетлардан иборат” эканини айтган эди.

Хусусан¸ вазирлик расмийси суҳбат давомида айнан Райҳон Раҳмонова тилга олган Қарши бирлашган ëнилғи омбор хўжалигига бириктирилган “Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мавжуд 89 та умумтаълим мактабига 1312 тонна нам брикет ва сифатсиз кўмир етказиб берилаётгани аниқланган”ини тилга олган.

“Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иловасида мактабларга етказиб бериладиган кўмирга аниқ талаблар қўйилган. Унга кўра, кўмирнинг куллик даражаси 17 фоиздан ошмаслиги, фракцияси эса 50 миллиметрдан кичик бўлмаслиги керак”¸ деган Халқ таълими вазирлиги расмийси¸ “Ўзбеккўмир” тарқатаëтган маҳсулот сифатини текширишга ўз тизимида ваколат йўқлигини эътироф қилган эди.

XS
SM
MD
LG