Британия элчиси Тошкентда автомобиль ҳайдашни қўрқинчли машғулот деб атади. Қинғир усуллардан фойдаланаётган абитуриентларга жазо кучайтирилмоқда. Уйда ёввойи ҳайвонларни боқиш урфга айланмоқда. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.
Буюк Британия элчиси: Кўчада милиция кўп, лекин ҳеч ким тезлик чекловига риоя қилмайди
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатига изоҳ берди ва ҳайдовчилик маданияти масаласига тўхталиб ўтди (www.gazeta.uz, 5 апрель).
“Менга бу ерда автомобиль ҳайдаш ёқмайди. Менга қолса ҳеч қаерда ҳайдамаган бўлар эдим, чунки, аввал айтганимдек, кўпроқ жамоат транспортида юришни яхши кўраман, велосипедда кўп юраман”, деди у.
Дипломат тезлик чекловларига риоя этилмаётганини танқид қилган.
“Кўчаларда кўплаб милиция ходимларини кўришингиз мумкин, бироқ мен тезлик чегараларига амал қилинаётганини сезмаяпман. Одамлар жуда тез ҳайдайди ва бунинг учун жазолар йўқдек кўринади”, дейди Т. Торлот.
Дипломат Тошкентдаги вазиятни яхшилаш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаш керак деб ҳисоблайди.
“Кўп нарсалар қилиш мумкин: вариант сифатида – кўчалар дизайни. Дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида мен икки томонлама қатнов ўртасидаги бурилиб олишларга дуч келмаганман, бу жуда қўрқинчли”, деб таъкидлайди элчи.
Т. Торлотнинг ҳикоя қилишича, Лондонда шаҳарни лойиҳалаштириш, кўчаларда хавфсизликни таъминлаш ва бошқа жамият муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти жуда муҳим роль ўйнайди.
Аввалроқ Франциянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Брис Рокфёй ҳам Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Тошкентда машина ҳайдаш хатарли экани, чунки қоидаларга риоя этилмаслигини таъкидлаганди.
Расмий маълумотларга қараганда, 2021 йилда рўй берган 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисасида 9 минг 230 нафар фуқаро жароҳатланиб, 2 минг 436 нафари ҳалок бўлган.
“Шпаргалка” ишлатган абитуриентлар бир неча йилга имтиҳонда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади
Талабаликка қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовлари вақтида турли қинғир усуллардан фойдаланаётган абитуриентларга жазо кучайтирилиши кутилмоқда (“Миллий тикланиш” газетаси, 6 апрель).
Айни пайтда тест синовлари вақтида белгиланган тартибни бузган абитуриентлар имтиҳондан чиқариб юборилади. Ўтган 2021 йилда 379 нафар абитуриент тартибни бузгани учун имтиҳондан четлатилган.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳудуд ёки бинога телекоммуникация қурилмалари, шпаргалкалар олиб кириш, тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш ёки олиб чиқиш, топшириқлар варағини йиртиш, жараёнда бир-бири билан гаплашиш, синов учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортиш каби ҳаракатлар тартиббузарлик деб баҳоланади.
Бош прокуратура ва адлия вазирлиги тест ўтказиш тартибини бузган абитуриентларни 5-7 йилгача қабул имтиҳонларида қатнашишини чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда.
“Таълим соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган педагог сифатида Давлат тест маркази томонидан таклиф қилинаётган нормани қўллаб-қувватлайман. Чунки ёшларни олий таълим олишига кенг имкониятлар яратиб берилаётганига ношукрлик қилаётган, етарли билимга эга бўлмаганлар албатта ўз жазосини олиши керак”, дейди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдумалик Акрамов.
Уйда ёввойи ҳайвон боқиш урфга кирмоқда
Ёввойи ҳайвонларни уйда сақлашни кўз-кўз қилиш орқали “тренд”га чиқиш истагидаги харидорлар кўпаймоқда (“Оила ва табиат” газетаси, 7 апрель).
Қайд этилишича, дунё бўйлаб ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси энг сердаромад соҳага айланиб бормоқда. Дейлик, бир бош ноёб зотдаги маймун ёки лочин қора бозорда 100-200 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу эса браконьерларни қизиқтириши табиий.
Ўзбекистонга ҳам ўсимликлар ва ҳайвонот оламининг ноёб турларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишлар кузатилмоқда. Тошкент халқаро аэропортида Шаржадан учиб келган йўловчи Жако зотига мансуб 12 бош тўтини олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинган. Қайд этилишича, СITES конвенциясининг I иловасига киритилган йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар турларини тижорат мақсадида экспорт, реэкспорт ва импорт қилиш тақиқланади.
Божхона, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар ҳамкорлигида Сирдарё туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса иккита шер боласи 70 млн сўмга сотилаётган вақтда олиб қўйилган.
Маълумот ўрнида, Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги CITES конвенцияси 1973 йилда Вашингтонда имзоланган. Ушбу муҳим халқаро ҳужжат 33 мингдан ортиқ турдаги ҳайвон ва ўсимликларни ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда.