Мушакбозликлар пайти қушлар нобуд бўлаётганидан хавотир билдирилди. Бухоро шаҳрида 1900-1905 йилларда қурилган тарихий бинолар бузиб ташланмоқда. Жаҳон чемпиони Абдусатторов халқаро турнирда қатнашиш учун Шахмат федерациясидан пул ололмай сарсон бўлган. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.
Бухородаги тарихий бино бузиб ташланмоқда
Бухоро шаҳрида 1900-1905 йилларда қурилган тарихий бинолар бузиб ташланмоқда (“Халқ сўзи” газетаси, 4 январь).
Бу ҳақда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири Ўктамали Равшанов хавотир билан маълум қилган.
120 йил аввал Бухоронинг Қарши дарвозаси олдида темирйўл бекати ҳамда божхона мажмуаси барпо этилган. Яқинда шу биноларнинг ярми бузиб ташланган. Бухоронинг божхона тарихига оид 10 га яқин хоналарга эга мажмуанинг ҳозир 3 та биноси қолган, холос. Улар ҳам қулаш арафасида.
Ў.Равшанов тарихий бино ҳатто хусусий мулк бўлган тақдирда ҳам уни бузиш мумкин эмаслигини урғулаган. Айни чоқда, тарихий қимматга эга иншоотнинг бузилаётганидан масъуллар хабардор ёки хабардор эмаслиги савол остига олинган.
“Юртимизнинг, жумладан, кўҳна Бухоронинг ҳар бир обидаси, ҳар бир ғишти – аждодларимиздан бизга мерос. Уларни асраб-авайлаш, зиён-заҳмат етказмай келажак авлодга етказиш бурчимиз саналади”, деб ёзади муаллиф.
Газета Бухородаги айрим обидалар ҳали ҳам давлат муҳофазасига олинмаганига эътибор қаратган.
Эколог журналист мушакбозликлар пайти қушлар нобуд бўлаётгани ҳақида бонг урди
Ҳар йили Янги йил ва бошқа байрам тадбирлари якунида мушакбозликлар ўтказилади. Аммо ушбу мушакбозликларнинг Ўзбекистон экологияси ва ҳайвонот дунёсига таъсири ҳақида ўйламаяпмиз, деб ёзади экология мавзусига ихтисослашган журналист Наргис Қосимова (“XXI аср” газетаси, 6 январь).
“Ёдингизда бўлса, Римда янги йил мушакбозлиги оқибатида юзлаб қушлар ҳалок бўлгани ҳақида ҳам ёзган эдик. Ўшанда минглаб қушлар нобуд бўлган. Нега Ўзбекистондаги ҳукумат аъзоларини ҳам шундай масалалар ўйлантирмайди?” дея мутасаддиларни саволга тутади журналист.
Қайд этилишича, одамларнинг бир лаҳзалик қувончи деб қанча-қанча қушлар жон беради.
Аввалроқ бир гуруҳ экофаоллар мамлакат бўйлаб ўтказилган ёшлар фестиваллари доирасидаги мушакбозликларни тўхтатишни сўраб мурожаат қилган, аммо бу сўров инобатга олинмаган эди.
Ёшлар ишлари агентлиги директори, Сенат аъзоси Алишер Саъдуллаев ҳам Telegram’даги расмий каналида қушларни ҳимоя қилиш масаласини кўтарган.
“Биз табиатни, об-ҳавони асрашимиз керак-ку, айниқса, Тошкент шаҳри. Сунъий чанг бўронларини ўзимиз яратиб, яна шаҳар ифлосланиб кетяпти деймиз. Лекин кўчага қарасанг, 20 дақиқадан бери пиротехника воситалари тингани йўқ! Охири қушлар ҳам сурворади бу кетишда!” деб изоҳ қолдирган ёш сенатор.
Жаҳон чемпиони Абдусатторов халқаро турнирда қатнашиш учун Шахмат федерациясидан пул ололмай сарсон бўлган
Куни кеча жаҳон чемпионига айланиб, рекорд натижа қайд этган 17 яшар Нодирбек Абдусатторов бугун ҳукумат томонидан кўкка кўтарилаётган бўлса-да, бундан қарийб икки йил аввал халқаро турнирда иштирок этиш учун Шахмат федерацияси эшигини тақиллатганда, сарсон қилинган (www.qalampir.uz, 3 январь).
Пировардида, у Москвада ўтган “Aeroflot 90” турнирига ҳомийлар маблағи ҳисобидан борган.
Чемпионнинг отаси Фазлиддин Очилов “Qalampir.uz” билан мулоқотда 2019 йилдаги воқеани эсга олди ва ўғлининг халқаро турнирга ҳомийлик ёрдами билан борганини федерациянинг моддий имконияти чеклангани билан изоҳлаган. Шунингдек, Нодирбек Абдусатторовнинг ўзи ҳам федерация фаолияти ҳақида гапириб, бугун шароит ижобий томонга ўзгарганини айтган.
Ёш шахматчиларнинг халқаро мусобақаларга бориши учун Шахмат федерацияси пул ажратмаслиги 2019 йилда “Маърифат” газетаси журналисти Ҳусан Карвонли томонидан ҳам танқид қилинган. Ушбу мақола ортидан федерация раддия бериб, журналистни туҳматда айблаган.
“Ўзбекистонда кўп йиллардан буён халқаро мусиқа фестиваллари ва спорт мусобақаларида иштирок этаётган болаларнинг хорижий сафарлари харажатларини қоплаш билан боғлиқ айрим муаммолар мавжуд. Кўп ҳолларда ёш чемпионлар ва мусиқачилар Абдусатторов каби халқаро тадбирларга ўз ҳисобидан бориши, ҳомий тополмаган тақдирда, мусобақаларда қатнашолмай қолиб кетиши мумкин. Бу бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган ҳолат бўлиб, бугунгача қанчадан-қанча иқтидор эгалари азият чекканига қарамай, аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган. Бироқ улар ана шундай танловлар ғолибига айланиб қолса борми, ғалаба ва соврин эгалари дарров топилади”, деб ёзади нашр.