Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:32

OzodDayjest: Парламент ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратувчи қонунни маъқуллади


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Археология ёдгорлигига 1,5 триллион сўм моддий зарар етказилгани аниқланди. Шерматовнинг UzIMEI борасидаги фикри кескин танқидга учради. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Отнинг калласидек маош олаётган” вазирнинг фикри абсурд деб баҳоланди

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг UzIMEI тизими борасида фикрлари блогерлар ва жамоатчилик томонидан салбий қарши олинди (www.kun.uz, 3 февраль). Вазир мазкур тизимга қарши фикрлар ортида ноқонуний бозор вакиллари ва лобби турганини иддао қилган эди.

“Отнинг калласидек ойлик олиб, катта пулли тижорат ташкилотида кузатувчилар кенгашида раислик қиладиган одам шунақа абсурд гапларни айтишдан олдин, ҳечқурса UzIMEI тарафдорларининг эмас, модомики иссиқ кабинетидан кўчага чиқишга ҳафсала қилмаяпти экан, оммавий ахборот воситаларидаги UzIMEI ҳақида материаллар остидаги комментларни ўқиб кўрса бўлар эди... Қиммат ва IMEI'ли телефон сотиб олиш вазирга муаммо эмасдир, лекин оддий ўзбекистонлик учун бу масала. Ва энг муҳими, арзон ва сифатли телефон сотиб олиш, уни қаердан сотиб олиш жиноят эмас. Халқни потенциал айбдор сифатида кўрманг”, деб ёзди Телеграмдаги Davletov.uz канали.

Ижтимоий тармоқ фаоллари UzIMEI тўлови қимматлиги ва йиғилаётган маблағ сарфи шаффоф эмаслигини ҳам танқид қилган.

Яқинда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси, эксперт Винаяк Нагараж UzIMEI'ни тушунарсиз бюрократик тизим деб атаб, мамлакатни орқага тортаётгани ҳақдида ёзган эди.

Ўзбекистонда 2020 йилдан мобил қурилмаларни IMEI тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш бошланган вақтда тушунмовчилик ва норозилик пайдо бўлганди. “Менинг фикрим” порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан бу бўйича тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаат эълон қилинганидан бир йил ўтиб Қонунчилик палатаси томонидан рад қилинган.

“Ҳозирча шу, бошқа илож йўқ...” – Спикер ҳокимларнинг вилоят кенгашига раислик қилаётганига муносабат билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратиб берувчи яна бир қонунни маъқуллади (www.gazeta.uz, 2 февраль).

Бу ўринда гап “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хусусида кетмоқда.

Мазкур ҳужжат билан бузиш режасига киритилган ер майдонларига компенсация тўлаб бериш масалалари тартибга солинади. Бироқ қонун лойиҳаси камчиликлардан холи эмас, буни депутатларнинг қарийб бир ярим соат давом этган баҳс-мунозаралари ҳам тасдиқлайди.

9-моддада “снос” сабабли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича жамғармаларнинг кузатув кенгаши таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган. Ҳудудларда мазкур кенгашларга вилоятлар ҳокимларнинг биринчи ўринбосари раислик қилади. Депутат Дониёр Ғаниев компенсация ажратишни кўриб чиқиш масаласи бутунлай ҳокимлар ихтиёрида қолаётганига эътироз билдирди.

“Яъни (ҳоким) кўриб чиқиш учун ўзига ўзи киритади, яна ўзи ҳал қилади, шунақами?” дея кинояли савол билан юзланди депутат.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов буни тасдиқлаб, ҳокимларнинг халқ депутатлар кенгаши раиси мақоми бекор қилинсагина, бу муаммо бартараф этилишини айтди. “Унгача шу, бошқа илож йўқ”, деди палата раиси.

Эътирозларга қарамай, лойиҳа қабул қилинган. Уни 111 нафар депутат маъқуллаган, 3 нафари овоз бермаган, 1 нафари эса бетарафликни танлаган. Шу билан қонун маъқулланиб, Сенатга кўриб чиқиш учун юборилган.

Ҳокимларнинг халқ депутатлар кенгаши раиси мақомини бекор қилиш масаласи икки ярим йилдан бери ортга сурилаётгани ҳақида аввалроқ “Gazeta.uz” суриштирув эълон қилганди.

Ҳоким археология ёдгорлигини сотиб юборгани аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги археологик ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилишда қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганини аниқлади (www.xabar.uz, 2 февраль).

Тошкент вилояти Паркент тумани Истиқбол МФЙдаги Тепа (Култепа) археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокими Н.Муҳаммедов томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион орқали “U.Q.B” МЧЖга ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган. Мазкур МЧЖ археология иншоотини бошқа бир тадбиркорга сотиб юборган. У эса ёдгорлик ҳудудида хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Натижада Тепа (Култепа) археология ёдгорлигининг кўчмас мулк объектига 1 трлн 587 млрд 600 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси томонидан МЧЖ мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 32-, 205- ва 207-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги Мингўрик археология ёдгорлиги олдида пойтахт ИИББга тегишли бино қурилаётгани танқид қилинган ва бунинг ортидан қурилиш тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG