Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:53

Академияда ўқиш учун ҳам Тошкент пропискаси сўрашяпти


Навоий вилоятидан юборилган "OzodMaktub"да ички ишлар ходимларидан бири, ИИВ Академиясида ўқиш учун адолатсизлик бўлаётгани ҳақида ёзган. Мактуб таҳрирсиз чоп этилмоқда.

"Маълумотим олий. Ички Ишлар Вазирлиги Академиясида ташкил этилган, касбий тайёргарлик факультетига ўқишга кирмоқчи эдим.

Бу факультетга 30 ёшгача бўлган олий маълумотли, соғлом ҳамда судланмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади. Ўзимнинг яшаш жойим ҳисобланган Навоий вилоятидан ўқишга кириш учун ҳужжат топширмоқчи эдим, аммо Навоий вилоят Ички Ишлар Бошқармасидаги кадр ходимлари бу йил бизнинг вилоятдан ўқишга кирувчиларга кам ўрин ажратилгани сабабли ҳужжат қила олмаслигимни айтишди.

Ўзбекистон ИИВ Академияси
Ўзбекистон ИИВ Академияси

Шундан кейин мен ўқишга кириш учун Тошкент шаҳар ИИББ кадрлар бўлимига мурожат қилдим. Бу ердаги кадрлар бўлими ходимлари менга рад жавобини беришди. Уларнинг айтишига қараганда, Тошкент шаҳри ҳисобидан ўқишга топшириш учун номзод Тошкент шахрида доимий яшаш учун рўйхатга қўйилган бўлиши керак экан. Тошкент шахрида доимий рўйхатда турмаган фуқаролар эса ишга ва ўқишга кира олишмас экан.

2018 йилда менинг икки нафар курсдош дўстим Тошкент шаҳри ҳисобидан ўқишга кирган эди, нега мен бу йил ўқишга топшира олмайман деб сўрасам, улар олдинги йилда бошқа вилоятликларга хам рухсат берилган эди, аммо бу йил рухсат йўқ эканлигини айтишди. Ички Ишлар Вазирлигининг қандайдир буйруғига тўғри келмас эмиш.

Энди мени ўйлантирган бир саволга тўхталиб ўтмоқчиман. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев узининг кўплаб маърузаларида Тошкент шаҳрида давлат органларига ишга қабул қилишда фуқароларнинг доимий рўйхатда туриши шарт эмаслигини таъкидлаб ўтмоқда. Шундан кейин, дарҳақиқат, кўплаб давлат идораларига ишга қабул қилишда Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриши талаб этилмай қўйди.

Академияга ўқишга юборилувчилар рўйхати
Академияга ўқишга юборилувчилар рўйхати

Кўпгина бошка вилоятлик шахслар хам бемалол пойтахтда ишга жойлашишмоқда. Аммо Ички Ишлар Вазирлиги тизимига кирувчи Тошкент шаҳар ИИББда ўқишга ва ишга киришда доимий рўйхат сўралмоқда. Бундай тартиб ҳатто ДХХ, Божхона, Прокуратура, Мудофаа Вазирлик тизимида йўқ. Бу тизимларга доимий яшаш жойидан қатъий назар ишга ва ўқишга қабул қилиниб келинмоқда.

Расмийлар “Ички Ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги 29.11.2017 йилдаги ПК 3413 сонли Президент қарорининг 7 – бандига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий пропискада бўлмаган шахслар ўқишга ва ишга топшира олмайдилар,- деб айтишмокда

2018 йил 22 январ куни Президентимиз Тошкент шахрида доимий пропискада бўлмаган шахслар ҳам Тошкент шаҳрида ишлаш ва уй-жой сотиб олиши мумкинлиги тўғрисидаги фармонни имзолаган. Фармонга мувофиқ пропискасиз фуқарони ишга олган иш берувчини маъмурий жавобгарликка тортиш маъсулияти бекор қилинди.

Ўз-ўзидан, кейин чиққан юридик ҳужжат ўзидан олдинги юридик ҳужжатни инкор қилиб турибди. Аммо ички ишлар кадрлар бўлими ходимлари бунга эътибор хам беришмаяпти.

Балки, бунга уларнинг ақли етмаётган бўлиши ҳам мумкин".

Ички ишлар ходими.

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG