Жиззах вилоят, Мирзачўл туман, Ғалаба маҳалласидаги собиқ уруғчилик корхонасининг ташландиқ гаражида эри ва икки ойлик чақалоғи билан яшаётган Лаззат Норқулова президент Шавкат Мирзиёевнинг Мирзачўлга келишини кутиб яшамоқда.
23 яшар Лаззат Норқуловага кўра, унинг оиласи кам таъминланган
оилалар рўйхатига киритилган, бироқ мутасадди ташкилотлар унинг ёрдам сўраб қилган мурожаатларини беътибор қолдирмоқда.
- Олдин гараж бўлган бинода 6 ойдан бери яшаяпмиз. Бинонинг поли йўқ, цемент қилинган. Шу цемент устига гилам тўшаб қўйганмиз. Лекин цемент бўлгани учун жуда зах ўтиб кетади. Чақалоғимни кўрпага ўраб қўяман. Қўлбола ўчоқ қилганмиз. Болам учун нафақа пули ҳам беришмаяпти. Эрим устачилик қилиб, оиламизни боқаяпти. Оиламизни кам таъминланган оилалар рўйхатига киритишди. Бизга ўхшаган бошқа оилаларга ёрдам беришди. Нимагадир бизни қолдириб кетишди. Туман ҳокимига мурожаат қилдик. Вилоят ҳокимлигига чиқдик. Порталгача ёздик. Лекин бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти, дейди Лаззат Норқулова.
Лаззатнинг айтишича, у муаммолари ҳал бўлиши учун президент Мирзиёевнинг Мирзачўлга келишини кутиб яшамоқда.
- Биз тарафга президент келади, деган хабар келди. Келиб қолса, президентга учрашамиз, деб кутиб ўтирибмиз, дейди Лаззат Норқулова.
Лаззат Норқулова билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
----------------------------------------------------------------------------------------
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!
OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!