Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналисти Саодат Омонова 11 йилдан буён ўз касби бўйича иш тополмайди. У бу ҳақда “OzodMikrofon”га сўзлаб берди.
"Телевидениеда коррупция авж олган. Менда жуда кўп фактлар бор. Ҳаммаси қонун олдида жавоб бериши керак!”
“Менинг айбим ҳаққимни талаб қилганим, маҳаллийчиликка, цензурага, коррупцияга барҳам беришни талаб қилганимми?..”
"Истеъдодли кадрлар ҳаммаси хусусий телеканалларга ўтиб кетди...”
Жуда қийналиб кетдим, кўчада сарсонман, йигирмата жойга ишга кирдим, барибир бўшатишади, мен номимни оқлашни истайман, президентга мурожаат қилмасам бўлмайди...”
“МТРКда тиним билмаганман. 2008 йил аниқ эсимда бор, шанба-якшанбасиз дам олмасдан икки ой ишлаганман. Энди уч соат ишда бўлмади деб, ишдан бўшатишга қандай ҳақлари бор уларни...”
“2011 йилда Қозоғистонга семинарга учаётганимда аэропортда ушлаб мени подвалга туширишган. Бир қўрқитиб қўяйлик, дейишган экан...”
“Қаерга ишга кирсам икки-уч ой ўтмай бўшатишяпти. 2014 йилда Ishow. uz да ишга кирдим. Раҳбари мени икки ҳафтадан сўнг чақириб, “сиз учун менинг иккита сайтимни ёпишларини истамайман, деди. Индамай кетдим...”
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 12 йил фаолият юритган Саодат Омонова ҳамкасби Малоҳат Эшонқулова билан телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, 2010 йилнинг 6 декабрь куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан уч кун ўтиб, ишдан ҳайдалган эди.
Журналистлар 2011 йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик эълон қилган, аммо уларнинг ўша пайтдаги президент ва ҳукумат раҳбарларига мурожаатлари жавобсиз қолган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолиятини давом эттирган Малоҳат Эшонқулова кейинроқ таъқиблардан шикоят қилиб, Ўзбекистонни тарк этган.
Озодлик Саодат Омонова билан суҳбатда янграган иддаолар юзасидан МТРК ва расмий идораларнинг муносабатига очиқ.
****************************************************************
Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!
OzodMikrofon рукнида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва Озодлик таҳририятининг нуқтаи назарини акс эттирмайди.