Қашқадарё вилоят, Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараевнинг “Каптива” хизмат машинаси ўтган йилнинг 12 декабрь куни уриб ўлдирган косонлик 59 яшар Шерали Жумақуловнинг хотини Ноила Ваҳобова айбланувчи шахс устидан бораётган судга жабрланувчи сифатида чақиртирилмаганини, судда сохта кўрсатмалар инобатга олинаётганидан арз қилди:
“Мен асосий жабрланувчи бўлсам ҳам, бирор марта терговга чақирилмадим. Ўғлимни жабрланувчи қилиб ўтказишибди. Судга ҳам чақиришмади. Ўғлимнинг айтишича, судда бу жиноят ишини айбланувчи фойдасига ҳал қилиш учун сохта гувоҳликлардан ҳам фойдаланишяпти. Жиноят ишида гўёки эримнинг синглиси Феруза Жумақулованинг акам бордюрдан сакраб машинанинг олдига ўзи сакраб чиққан, деган кўрсатмаси бор экан. Лекин Феруза ҳам судга чақирилмаган. У мен ҳеч қачон бундай деб айтмаган эканман, деяпти. Бундан ташқари Ўктам деган депутат ҳам, худди шундай деб кўрсатма берган экан. Ваҳоланки ўша куни у воқеа жойида бўлмаган. Судья, прокурор ўғлимга онангизни судга олиб келманг деб қаттиқ тайинлаган экан”.
Озодлик бу ҳақда жорий йилнинг 20 январида эълон қилган “Косон ҳокимининг одам уриб ўлдирган машинасини унинг ўғли бошқаргани иддао қилинмоқда” мақоласида гувоҳлар машина рулида ҳокимнинг ўғли бўлганини айтишган эди:
“Бизлар томонда Оброн болниса бор-да, ўша пешеходга яқинлашаётган эдим. Бирдан кучли қарс, деган овоз эшитилди. Бир бувача анча метрга учиб кетди. Мошин бориб, шундай тўхтади-да, ичидан иккита аёл ва битта оқ сочли одам тушди ва аёллар Косон томонга қараб қочиб кетишди. Оқ сочли одам ҳокимимиз эди. Мен ҳам қўрқиб кетдим-да, ўзим ҳам билмай орқага қоча бошладим. Бирпас маҳаллага кириб, ўзимга келдим-да, яна қайтиб ўша жойга бордим. Борсам одамлар уже тўпланган, милиса келган, одамларнинг телефонларини йиғиштириб оляпти. Кўнглим ёмон бўлиб қайтаётсам ўша мошинадан бир ёшгина бола тушиб, Қарши томонга қараб қочиб кетяпти, йўлда менга урилиб ҳам кетди. Чиройликкина бола экан”.
Воқеага гувоҳ бўлган иккинчи косонлик туман ҳокими Асрол Бойқараевни ўз кўзи билан кўрганини айтган эди:
“Шанба эди. Мен ўша куни тўйдан пиёда келаётган эдим. Ҳокимнинг машинаси пешеходдан ўтаётган пиёдани шундай ҳам қарсиллатиб урдики, у одам учиб кетди. Қора куртка кийган, сочи оқ одам олд томондаги пассажир жойидан тушди ва мошинани олди орқасига қарай бошлади. Яқинроқ бориб қарасам, ҳоким бовонинг ўзи экан. Мени кўрди-да, йўлдан ўтаётган битта мошинани тўхтатиб, миниб кетди. Ҳайдовчи ҳам қочиб кетди, уни кўзим илғамай қолди”.
Ноила Ваҳобованинг айтишича, унинг эри ўлганидан кейин, туман ҳокими маҳаллий кенгашнинг Ўктам исмли депутати воситасида даъвосидан воз кечиши учун 80 миллион сўм пул таклиф қилган эди:
“Менга даъвом йўқ, деб ёзиб берсангиз шу пулни берамиз деди. Мен, пулларингни олгунча ўзимни ёқиб юбораман, дедим. Худойига деб берган тўртта продуктаси ҳам қишлоқда қанча гап бўлди, мен жуда кўп туҳматларга қолдим. Рулда бўлган ҳокимнинг ўғли ўрнига Раҳим Жўраевни расмийлаштиришиб, уни енгил жазо билан қутултириб олиш учун ҳамма чораларни ишга солишяпти. Менинг даъвом суд бу ишни қайта терговга қайтарсин, холис гувоҳларни таклиф қилсин, ҳақиқат юзага чиқсин, эримнинг ўлимида асосий айбдор бўлган шахс жазолансин!”
Марҳум яқинлари ва ҳодиса гувоҳлари машинани ҳокимнинг 19 яшар ўғли бошқарганини, ёнида ҳокимнинг ўзи, салонда эса унинг хотини билан қизи ҳам бўлганини иддао қилишган эди.
Озодлик суҳбатлашган гувоҳларга кўра, Асрол Бойқараев ва унинг оиласи ходиса жойини зудлик билан тарк этганидан сўнг, ҳокимнинг буйруғи билан рулда тамоман бошқа одам, ҳоким ўринбосарининг ҳайдовчиси Раҳим Жўраев бўлгани расмийлаштирилган.
20 январь куни Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан бирининг юқори мартабали мулозими ҳам бу йўл-транспорт ҳодисаси Косоннинг ўзида кўрилмай, вилоят ИИБга оширилгани ортида Ўзбекистон ИИВда ишлайдиган расмий турганини айтган эди.
Косон тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев бу иддаоларни рад қилиб, автоҳалокатда ҳоким ва унинг оиласининг иштироки йўқлигини таъкидлаган эди.