OzodNazarнинг бугунги меҳмони ўзбекистонлик ношир ва блогер Фируз Аллаев билан суҳбатимиз Лола Йўлдошеванинг тармоқни портлатган клипи¸ “Паризод” кинофильмининг ютуғи ва рус амалдори томонидан “қўй подаси” деб аталган ўзбек ишчилари қадри ҳақида бўлди.
La Scala саҳнасида куйлаган илк ўзбек Женисбек Пиазов ва Гиннес китобига кирган ўзбек гимнастикачиси Оксана Чусовитина ҳақида гапирган Фируз Аллаев "Ўзбекистон паспортига эга бўлган ватандошларнинг ҳаммаси ўзбекдир" деган фикрни илгари сурди:
-Ўзбекистон парламентидаги энг фаол депутат Расул Кушербаевдир. У киши этник қозоқ. Аммо мен уни энг фаол ўзбек депутати¸ Оксана Чусовитинани эса энг буюк ўзбек спортчиси деб биламан¸ дейди суҳбатдош.
Лола Йўлдошеванинг клипига тўхталган Фируз Аллаев “турлиликдан қўрқмаган жамият эркиндир” деган фикрини бундай давом эттирди:
- Эркин фикрли инсонлар турли хил бўлиши, уларнинг диди ҳам, хоҳишлари ҳам турли хил бўлиши табиий. Инсониятни мана шу хилма-хиллик, мана шу турлилик, мана шу «ўзгачалик» бугунги даражага олиб келди. Ким учундир Шерали Жўраев санъат устуни бўлиши, ким учун Lady Gaga энг зўр қўшиқчи бўлиши табиий ҳолат. Сиз ўз дунёингизга эга бўлишга маънавиятчи, радикал ва бошқалар билан тенг ҳуқуққа эгасиз. Энг муҳими сизнинг дунёқарашингиз, сизнинг эътиқодингиз, сизнинг хоҳишларининг бошқанинг эркини чегараламаса бўлди. Ва энг муҳим қоидани ҳеч қачон эсдан чиқарманг: Сизнинг эркингиз, бошқанинг эрки бошланган жойда тугайди...