Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:48

OzodTarmoq: Учинчи Ренессансда ўлим


Президент Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев.

Марказий банкнинг собиқ раиси Файзулла Муллажонов эски Ўзбекистонда яшаб, давру давронини суриб, адашмасам, 70ларга яқинлашиб бандаликни бажо келтирди. Унинг ўғли, Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов эса Учинчи Ренессанс даврида 51 га ҳам бормади.

Ўлим ҳақ. У эртами, кечми келади. Бироқ...


Носоғлом турмуш тарзи ҳар қандай полвон йигитни ҳам йиқитади. Соат кечаси бир, иккигача селектор, йўл-йўлакай сектор штабига кир, эрталаб олтида ҳокимиятда мажлис. Нонуштанинг, тушликнинг, кечки овқатнинг аниқ вақти йўқ. Имкон бўлганда кечаси уч бўлса ҳам қоринни шишириб еб кетиловради. Оила, хотин, бола чақа ташвиши ҳам бор амалдорда. Агар ўргилай замонамга мос равишда иккита оила қилиб олган бўлсанг ва яна “закуска”сига битта жазманинг бўлса, урди худо деявер. Ора-сирада балки палон лойиҳадан қанча қоларкин, пистончининг долясини элтиб бердингми, деган ташвишлар. Хуллас Амазон шепи Жефф Безосда ҳам бўлмаган улкан стресс...

Исм бермоқчи эмасман, лекин телевизорда баъзи амалдорларнинг елкаси қийшайиб, ранги бир аҳвол бўлиб қолганини кўриш мумкин. Ҳали 50га ҳам бормаган эркаклар президентнинг ёнида унинг тенгдошига ўхшаб турибди. Ўзбек мулозимларининг мажлисларда ухлаб қолаётгани, баъзиларининг ҳатто халқаро учрашувларда ҳушидан кетиб қолаётгани ҳақида катта хориж газеталари ҳам ёзди.


Катта раҳбарнинг импульсив менежменти, проректорлик, ҳокимлик ва бош вазирлик лавозимлари пайтида шаклланган топшириқни дарҳол ва эътирозларсиз бажариш ва бажартириш менталитети ўзбек амалдорини ҳолдан тойдирди. Ўзбекистондаги давлат бошқаруви менга мамлакатни жадал саноатлаштириш, модернизация қилишга уринаётган, лекин бунга билими ва лаёқати етарли бўлмаган ҳарбий диктатурани эслатмоқда. Зотан ҳудудларни секторга бўлиб ташлаш, сектор штабларини ташкиллаш, бу штабларда тинмай мажлислар ўтказиш ана шундай ҳарбий бошқарувнинг яққол намуналаридан биридир. Тафаккуримизда бу манзарани идрок қилишга халақит бераётган нарса штабга кириб чиқаётган мулозимларнинг классик ҳарбий диктатурадагилардек ҳарбий эмас, фуқаролик кийимида юрганида бўлса керак.

Ўзбекистон ўйдим-чуқур йўлдан катта тезликда юрмоқчи бўлган машиналар карвонига ўхшаб қолгандек. Бунинг устига газ педалини тинмай босаётган ҳайдовчиларнинг етарлича ўқиб, “езда” қилиб права олганлари аниқ эмас...

Ўзбекистонга бироз сокинлик, бироз режали, стратегик ҳаракат керакдек. Велосипедни бошқатдан ихтиро қилишга тиришмасдан вакиллик демократиясини шакллантириш, давлат бошқарувини унинг асосида юритишимиз лозим. Ижро ҳокимиятининг эртадан кечгача ҳаракатни имитация қилиб ҳаракат қилиши нафақат мамлакат келажаги учун, балки уларнинг ўзлари, оилалари учун ҳам хавфга айланиб бормоқда.

Хуршид Ҳабиб

Сиёсатшунос, Германия

OzodTarmoq рукнида чоп этилган мақолалар муаллифларнинг шахсий нуқтаи назарини акс эттиради.

XS
SM
MD
LG