Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

OzodTarmoq: "Руҳий касалхонада қолаётган блогер қамалганидан бери кийимини алмаштирмаган"


OzodTarmoqда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, Озодлик тингловчиси (ўқувчиси, томошабини) қизиқишини уйғотиши мумкин матн, аудио ва видеоларни бериб борилади.

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари, журналист Абдураҳмон Ташанов Фейсбукдаги саҳифасида 24 октябрда эълон қилган​ пост эътиборингизга ҳавола қилинади. Матн таҳрирсиз берилмоқда. Стилистика ва имло муаллифники.

***

Худо ташвишингни аритсин, Шабнам!

21 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик комиссияси Хоразм вилояти руҳий касалликлар шифохонасида блоггер Нафосат (Шабнам) Оллошукурова билан суҳбат ўтказди. 165 дақиқа давом этган суҳбат давомида биз жамоатчилик вакилларига Оллошукуровага муассаса маъмуриятининг муносабати, унга яратилган шарт-шароитлар ва шифохонадаги умумий вазиятга доир аҳволни мониторинг қилиш вазифаси юклатилганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳалқаро квалификацияга эга икки нафар психиатр-экспертига эса унинг саломатлиги билан боғлиқ саволларга жавоб топиш ва хулоса бериш мажбурияти берилган.

Шабнам комиссия таркибидаги мендан бошқа шахсларни танимагани учун ўзаро суҳбатимиз қийинроқ бошланди. Ҳамма бараварига унинг аҳволини сўраши, шарт-шароитлар ҳақида саволларга кўмиши уни ўнғайсизроқ аҳволга солди. Дарров ижтимоий тармоқлардаги “Уни сабзавотга айлантиришган”, “Уни жинни қилишган” деган иддаолар хаёлим ўтди, аммо янглишган эканман. “Абдураҳмон ака, сизни келганиздан жуда хурсандман, ҳаммаси яхшими?” деди. Мен: “Сизнинг масалангиздан бошқа ҳаммаси яхши...” дедим. Шу тариқа суҳбатга бироз жон кирди.

Мен дарров очлик акцияси ҳақида сўрадим. У бу протестни маъмурий жазони ўтган изоляторда қилгани, бу ерда овқатланаётгани, бу ерга келганидан бери норозилик ўлароқ бирор ҳаракат қилмаганини айтди. “Ака, уйга телефон этишга рухсат этмаётирлар, ҳеч гим билан гўришишига бермаётирлар” деди. Омбудсман вакили орага кириб, дарҳол ўз телефонидан унинг уйини териб берди. У тахминан 10 дақиқа ота-онаси билан гаплашди. Такрор-такрор онасини тинчлантирди, яхшиман, тез орада бу ердан чиқиб бораман, деди.

Суҳбатнинг катта қисмида Омбудсман вакили ва Хотин-қизлар қўмитаси мулозими Шабнамга бу ердан чиққач, иш топиб беришга, ҳатто ўқув маркази қуриш учун кредит олиб беришга ваъда беришди. Чунки Шабнам суҳбат давомида бир неча марта бу ердан чиқса, таълим йўналишида ишламоқчи экани, ўзининг 3 тилда мутахассис эканини айтди. Акаси Муроджонни олиб кирдик, бирга ўтирди, суҳбатлашишди.

Кейин психиатрлар унининг руҳиятини ўрганиш, саломатлик даражасини аниқлаш учун бизнинг иштирокимизсиз тест ва муолажалар ўтказишди. Ўз хулосаларини беришди ва яхши томонга жуда катта ўзгариш борлигини айтишди. “Кризис пайтида келтирилган, ҳозир яхши, симптоматикалар бор” деди экспертларнинг каттаси. Мен: “Менда ҳам сиз айтган симптоматика бўлса керак, баъзан бўлаётган ишлардан дунёим қоронғи бўлиб қолади” дедим, кулишдик. Психиатрнинг айтишича, у тез орада озод қилиниши мумкин, албатта, ойлик комиссия кўрикларида ижобий натижа кўрсатса.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашим керакки, Хоразмга боришдан аввал ҳам, кейин ҳам кўплаб ҳамкасбларим менга Шабнамнинг касал эмаслигини уқтиришга уринишди. Эҳтимол, ўзим ҳам шу фикрдадирман, аммо мутахассис бўлмасам, менинг бу борадаги фикрларимнинг қиймати бўлмаса, нима фарқи бор қандай фикрда қолишимнинг? Мен ҳуқуқ фаоли ва жамоат вакили сифатида кўрганларимни айтяпман, мен билан мулоқотда у ўзини анчайин яхши тутди, у жиннихонада бўлмаганида, у ерда учрашмаганимизда ҳатто уни касал деб, ҳам ўйламасдим эҳтимол. Фақат бир нарсадан ғазабланибди: бу ерга олиб келишганида, касалхона кийимини кийдиришга эркак киши ҳам кўмаклашибди.

Хуллас, анча гаплар гапирилди, хоразмча айтганда кўписи ижобий гаплар. 1-2 ойга қолмай, Шабнамнинг ўзи келса, ижтимоий тармоқларда ўзи ҳам айтар. “Ака, менда шамоллаш билан боғлиқ касалликлар ҳам бор экан, почкам шамоллаган экан, уларни ҳам даволашяпти” деди у менга. “Куч-ғайратга тўлиб чиқинг, давом эттирамиз” дедим ҳазиллашиб.

Хуллас, муассаса маъмурияти унинг қариндошлари билан тез-тез кўришиб туриши, телефонда гаплашишига ваъда берди. Омбудсман ва Хотин-қизлар қўмитаси бу ерда чиққач, ишга жойлаштириш, Тошкентдаги ижара уйи пулини тўлашга кўмаклашиш, ўқув маркази қуриши учун кредит олишга ёрдам беришга тайёрлигини билдиришди. Шу гаплар, бошқа эътиборга молик сўз йўқ.

Тошкентга қайтаётган пайтимизда аэропортда узоқ кутиб қолдик ва психиатрларнинг бирини “вербовка” қилмоқчи бўлдим. “Балки касалмасдир, ака, сиздаям бола-чақа бор...” дедим илмоқли қилиб. “Ока, бир нарсани тушуниш керак. Узоқ муддатли асабийлик ҳолатлари, муттасил юкламалар касаллик чақиради. Шукрки, қизники оғир эмас” деди психиатр. “Абдураҳмон аканинг айтганини қилмаганим учун қамалдим, “Эзгулик”ка борганимда у киши менга санкциясиз пикетлар қамоққа олиб боради, илтимос, санкциясиз пикет қилманг, деганди. Энди уни устоз дейман” дебди психиатрга Шабнам. (Чиққач, ўзидан сўраймиз бу гапларни айтган-айтмаганини).

Психиатр мендан: “Шунақа пикетлар қилиш қанча туради? Мен пулга муҳтожлигим учун қилдим, деяпти Оллошукурова. Масалан, 5-6 миллион турадими?” деб сўради психиатр мендан. Жуда ҳайрон бўлдим, “Менимча, бу гап ёлғон, ҳатто Шабнам айтган бўлса ҳам” деб гапни қисқa қилдим. “Ўзимча ўйладим, ким пул беради, халқаро донорлар қуриб-қақшаб ётган бўлса, мухолифатчи валломатларимизга бировга пул бериш туйғуси бегона бўлса” деб ўйладим.

Хоразмдан яхши кайфиятда қайтдим, сабаби вазият мен ўйлаганимдан яхши экан. Шабнам ижтимоий тармоқдаги барча дўстлоарига салом айтди, уларнинг қўллаб-қувватловини ҳис қилаётганини айтди.

Мана шу қораламаларни ёзаётган пайтимда Омбудсманнинг расмий сайтида кичик бир баёнот ва юқорида Шабнамнинг икки ҳамкасби билан ўша пайтда олинган сурати чиқди. Менинг ташаббусим ва илтимосим билан олинган суратда кўриниб турибдики, Шабнам бир ой олдин ҳамшаҳарлари билан Тошкентга қилган “юриши” давридаги уст-бошда. Чунки у қамалганидан бери деярли ҳеч ким билан кўришмаган, уст-бошларини алмаштирмаган. Ҳеч бўлмаса шуни қилишса бўларди..Минг афсуски, уйидагилар хам ортидан кийим обкелишмаган.

XS
SM
MD
LG