Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:15

OzodTarmoq: Президент Администрацияси раҳбари "cеҳрли таёқча" бўла оладими?


Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан. 13 декабрь, Ашхобод, Туркманистон.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан. 13 декабрь, Ашхобод, Туркманистон.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда икки феномен кузатилмоқда: қишнинг илк аёзли кунлари билан баравар бошланган навбатдаги (саноғига етиб бўлмай қолган!) энергетика коллапси ва ҳукуматнинг ушбу муаммони қандай ҳал этмоқчи бўлаётгани.

Мазкур икки муаммони сираси билан кўриб чиқамиз.

– Қизиғи шундаки, Ўзбекистон 50 млрд кубометрдан зиёд газ қазиб олади ва ҳатто экспорт ҳам қилади, аммо газга ички эҳтиёжларини қондира олмайди. Бу ўз навбатида қуйидаги икки муаммо билан боғлиқ:

а) 2003-2004 йиллардаёқ асосий газ конлари қазиб олинган ёқилғини бўлиб олиш шарти билан Россия ширкатларига топширилган. Россия ширкатлари қазиб олинган газ миқдори ҳақида ишончли маълумот берганида эди бу шарт Ўзбекистон учун мақбул бўлур эди. Бироқ, афтидан, россияликларнинг бош энергетика идораларидаги қазилма ҳажмига доир маълумотларни тасдиқлаб берувчи мулозимлар билан тили бир, шунинг оқибатида қазув ҳажмига доир маълумотлар камайтириб кўрсатилмоқда ва Ўзбекистон бу шартномалардаги ўз улушини тўлиқ ололмаяпти. Албатта, мазкур шартномаларни қайта кўриб чиқишни талаб қилаётганлар бор. Лекин уларга ўзбек ҳукуматидаги Россия лоббиси халал беряпти.

б) Сўнгги вақтларда қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи йирик электр станцияларни қуриш лойиҳалари амалга оширилаётган бўлса-да, уй хўжаликлари ва фермер хўжаликларини қуёш энергиясига ўтказишга мутлақо эътибор берилмаяпти, ҳолбуки бутун мамлакат электр энергияси истеъмолининг қарийб ярми шулар ҳиссасига тўғри келади. Уй хўжаликларининг ақалли ярми қуёш панеллари ва аккумулятор батареялари ўрнатиб олганида эди, бу, газ соҳасида ислоҳот бўлмаган тақдирда ҳам ички бозордаги газ тақчиллиги муаммосини яқин бир неча йил сездирмаган бўлур эди. Аммо бунинг учун давлат даражасида зарур дастур қабул қилиш, логистика ва сервисни йўлга қўйиш, қатор тендерлар ўтказиш, шунингдек уй хўжаликларини қуёш панеллари ва батареялар ўрнатишга қизиқтириш учун уларга грантлар ажратиш керак. Қуёш энергияси қиймати аллақачон газга нисбатан арзонлашганини, айниқса, жаҳон бозорида газ ёқилғиси нархи кескин ошиб кетганини ҳисобга олганда бу уй хўжаликлари учун жуда ҳам фойдали бўлур эди.

Энди, ҳукумат кўраётган чоралар ҳақида. Биринчидан, ҳукумат газ соҳасидаги вазиятни ва инқирознинг конкрет сабабларини таҳлил қилишга, ушбу маълумотларни жамият билан бўлишишга, шунингдек аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун самарали стратегия ишлаб чиқишга уринаётгани йўқ. Бунинг ўрнига ички газ таъминотига масъул кичкина мулозимлар билан ўралашиб, улар устидан жиноят иши очишяпти, ҳатто биттасини ҳукумат йиғилишида кишанбанд қилишди. Бу, албатта, хўжакўрсинга, аниқроғи, оммани юпатиш ва ҳукумат чора кўраётганини намойиш этиш учун қилинди. Бироқ, афтидан, бу чоралар соҳадаги айбдор қилиш мўлжалланаётган шахсларга қарши қатағонлар билан чекланиб қоладиганга ўхшайди. Лекин келаси йил инқироз такрорланмаслигига кафолат борми? Такрорланса, яна кимлардир қатағон қилинадими?

Тўғри, Туркманистондан газ сотиб олиш йўли билан муаммога ечим топмоқчи бўлишяпти, гарчи Ўзбекистоннинг ўзи ҳам минтақанинг газ қазиб олувчи мамлакатларидан бири бўлса-да. Бу юқорида қайд этганимиз ички муаммолар ҳал этилмай қолишини билдиради.

Ва ниҳоят, газ импорти бўйича музокара қилиш учун Ашхободга бош вазир ёки энергетика вазири эмас, балки президент администрацияси раҳбари борди. Бу нима дегани? Чамаси, президент ўзи тайинлаган ҳукуматга ишонмайди, дегани. Айни вазиятда Умурзоқов ўзини шунчаки президент администрацияси раҳбари эмас, балки ҳукумат тагига олдириб юборган ўткир муаммоларни бартараф этишга чоғланган кризис-менежер каби тутмоқда.

Президент Администрациясининг янги раҳбари Сардор Умурзоқов ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:12 0:00

Бу ерда энг катта инқироз газ тақчиллиги эмас, балки – лаёқатсизлиги ва коррупциялашгани туфайли бошқарув масалаларини ҳал этишга ожиз маъмурий тизимдир. Айнан тизим ношудлиги сабабли тартиб-интизом ўрнатиш Умурзоқовга топширилган, тўғридан-тўғри унга бўйсунувчи ҳоким ўринбосари лавозимлари жорий қилинаётган эди, энди бўлса у ҳукумат функцияларини ҳам бажара бошлади.

Бироқ маъмурий тизим ислоҳотида ижобий натижа бўлмас экан, Умурзоқов сеҳрли таёқча мисол президентни саботажлардан ёки давлат бошқаруви коллапсидан қутқара оладими? Менинг бунга кўзим етмайди.

Алишер Илҳомов

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори

(Facebook саҳифасидан олинди)

OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG