Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:41

Пандемия ўртасида инқироз. СанЭпидХизмат рухсатномаларни қалбакилаштиргани аниқланди


Баҳодир Юсупалиев Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар СанЭпидХизмат раҳбарлари видеоконференциясида, 25 май, 2020
Баҳодир Юсупалиев Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар СанЭпидХизмат раҳбарлари видеоконференциясида, 25 май, 2020

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) 2019-2020 йилларда мамлакатга биологик актив моддаларни олиб кирувчи ширкатларга қалбаки рухсатномалар бергани аниқланди.

Озодликка сиздирилган ҳужжатлардан, бир хил рақамдаги лицензия камида 3 та ширкатга берилгани кўринади, уларда хизмат раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг исми ва имзоси кўрсатилган.

Озодликнинг Адлия вазирлигидаги манбаси СЭОЖСХ фаолиятига оид давлат назорат инспекцияси текширувидан кейин хизматга тақдимнома киритилгани, аммо аниқланган қалбаки рухсатномалар юзасидан ҳануз суриштирув ёки тергов бошланмаганини тасдиқлади.

Озодлик ушбу суриштирув доирасида туғилган саволлар билан уч кун давомида хизмат бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг икки ўринбосари ва матбуот котибига боғланди, баъзи саволларга қисман жавоб олди. Аммо энг муҳим саволларга ҳануз жавоб кутмоқда.

Бундан ташқари, Озодлик 29 мартдан 3 апрелга қадар СЭОЖСХ расмий сайтида марказий аппаратдаги мавжуд жами 9 та лавозимнинг ҳаммаси вакант кўрсатилганига гувоҳ бўлди. Хизмат раҳбари ўринбосари Қобилжон Ҳайитов буни сайтни янгилаш пайтидаги “техник ҳолат” деб изоҳлади.

Аммо, исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган эпидемиологлар иддаосича, СЭОЖСХнинг марказий аппаратида кризис ҳукм сурмоқда, яхши кадрлар ишдан кетган, аксар бўлимларда номутахассис кадрлар ишламоқда.

Озодликка сиздирилган Ҳужжат

Озодликка сиздирилган ҳужжатда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан 2019-2020 йилларда мамлакатда биологик актив моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришга "рухсатномалар бериш фаолияти текширилгани" қайд этилган.

Ҳужжат ушбу текширув асосида ҳозирланган "маълумотнома"дир. Унда “Адлия вазирлиги хузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) директорининг 2021 йил 9 мартдаги 24-ум-сон буйруғи” текширувга асос бўлгани айтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, текширув Адлия вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги назорат бошқармаси томонидан 11 мартдан 23 мартгача ўтказилган. Унда назорат бошқармаси вакиллари билан бирга СЭОЖСХ бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ҳам иштирок этган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси

Текширув пайтида, Вазирлар Махкамасининг 2016 йилги қарори билан тасдиқланган маҳсулотлар:

  • Янги махсус киритиладиган биологик актив моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома бериш тартиби,
  • Янги озиқ овқат қўшимчаларини олиб кириш ва ишлаб чикаришга рухсатнома бериш тартиби,
  • Янги кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик масалалар, парфумерия-косметика воситаларини олиб кириш ва ишлаб чикаришга рухсатномалар бериш тартиби ўрганилган.

Протокол хулосасида бундай рухсатномаларни бериш асносида қонун бузилиш ҳоллари аниқлангани, хусусан, айни рақамдаги рухсатнома бир неча ширкатга берилгани қайд этилган:

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси

“Масалан, 2019 йил 22 августда БАД фаолияти учун 000535 раками билан “Новафарма глобал груп” МЧЖга берилган рухсатнома, 2019 йил 19 сентябрда айнан шу фаолият учун худди шундай тартиб ракам билан “Азиз фарм люкс” МЧЖга берилган. Бу холат 2021 йилда купол равишда такрорланиб, бир санада, яъни 5 февралда 000861 ракамли рухсатнома “Омаркейр” МЧЖ, “Биомед фарм” МЧЖ ва “Нео лабс” МЧЖга бериб юборилган. Бундай холатларга 14 та ҳолатлар мисолини келтириш мумкин”.

Ҳужжатда қайд этилишича, хизматнинг сўнгги икки йиллик фаолияти давомида бу қонунбузарлик системали равишда содир этилган, хизмат раҳбари бундай қалбаки ҳужжатларга камида 14 та ҳолатда имзо чеккан.

Озодлик манбалари протоколда тилга олинган 000861 рақамли рухсатнома нусхасини ҳам таҳририятга йўллади. Ушбу рухсатнома 3 та ширкатга берилган, уларнинг ҳар бири остида СЭОЖСХ бошлиғи Баҳодир Юсупалиев номи ва имзоси кўрсатилган.

ДХА текширувига сабаб

Ҳужжатни Озодликка тақдим қилган манбага кўра, ДХА директорининг бундай текширув ўтказиш қарорига айнан ана шу қалбаки лицензиялар сабаб бўлган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган текширув ҳақида маълумотнома нусхаси

Бу манба, текширув ўтказилганига оид маълумот Адлия вазирлиги, ДХА ва СЭОЖСХ таркибидаги раҳбарлар ва оз сонли масъул шахсларда бўлгани боис унинг шахси ва ишлаб турган ташкилотини очиқламасликни сўради:

“Божхона ва Госстандартда сертификат бўйича муаммо чиққан. Чунки айни рақамдаги сертификат 3 та ҳар хил ширкатга берилгани ўртага чиқиб қолган. Текширув шундан бошланиб кетди. Адлия вазирлиги томонидан СЭОЖСХ фаолияти ўрганилди. Асосан рухсатномалар бериш жараёни. Кўп ҳолларда қалбакилашириш аниқланди. Шунингдек, 3 ойлаб кўриб чиқмаслик, отказ бериш асоссиз ва х.к. аниқланган”.

Бу манба иддаосича, 3 дона қалбаки лицензия ортидан бошланиб кетган бу текширув аслида СЭОЖСХ марказий аппаратида бўлаётган катта қонунбузарликлар ва коррупцион схемани аниқлаган:

“Унақа қалбаки лицензиялар аслида 14 та эмас, 50 та. Ҳаммаси шу текширувда ўртага чиққан. Аниқ, бу қалбаки лицензиялар орқасида катта миқдорда пора олди-бердиси турибди, буни ҳамма билади. Хизматда ишлаётган ходимларнинг ҳаммаси билади буни, бизга ҳам ўзаро суҳбатларда келиб айтишарди, кейинги йилларда нопрофессионаллар келиб, ҳамма ёқда муаммо тиқилиб кетди, деб”.

Бу манбанинг иддаосича, СЭОЖСХ марказий аппаратидаги ходимларнинг кўпи бундай схемалардан хабардор, аммо бу ҳақда матбуотга маълумот беришга чўчийди.

Озодлик суриштирувига Давлат хизматлари агентлиги муносабати

Озодлик мазкур текширув ўтказилишига сабаб ва унинг ортидан кўрилган чоралар ҳақида маълумот олиш учун 31 март куни Адлия вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

Матбуот хизмати Озодлик сўровини вазирликнинг Давлат хизматлари агентлигига йўналтирди. Агентлик Озодлик саволларига расман жавоб бермади.

Аммо Озодлик мурожаатидан бир кун ўтиб, 1 апрель куни агентлик сайтида ушбу суриштирувга доир кичик баёнот эълон қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги ишчи гуруҳи Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолияти юзасидан ўтказган текширувга оид баёнот.
Давлат хизматлари агентлиги ишчи гуруҳи Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолияти юзасидан ўтказган текширувга оид баёнот.

Баёнотда айтилишича, СЭОЖСХда давлат хизматларини кўрсатиш фаолияти "ўрганилган", унда 603 ҳолатда қонун бузилгани аниқланган:

“Мазкур ҳолатлар юзасидан Санэпидхизмат масъул ходими С. М. МЖтКнинг 215-5 моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга такроран йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш, давлат хизматларини кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган айбдор ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш сўралган ҳолда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди”.

Агентлик бу ҳолатга Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215-5-моддаси билан чора қўллаган.

Бу моддада Давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида қонунни бузиш, жумладан, мурожаатларни кўри тартибини бузиш, ортиқча ҳужжат талаб қилиш, давлат органи қонуний талабини (топшириғини) бажармаганлик” айби кўзда тутилган.

Аммо бу баёнотда, хизмат раҳбарининг номи ва имзоси кўрсатилган қалбаки лицензияларга оид аниқланган 14 та ҳолат ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Хусусан, суриштирув асносида аниқланган ўта қўпол қонун бузилиши, жумладан ҳужжатларни системали равишда сохталаштириш алоҳида суриштириладими ва бу ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жалб этиладими ёки жалб қилиндими - бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Озодлик мурожаатларига СЭОЖСХ муносабати

Озодлик суриштирувида жараёнда СЭОЖСХ раҳбариятига такрор ва такрор мурожаат қилди.

Хизмат бошлиғи ўринбосари Ҳолмамат Норбоев, мухбир билан 31 март кунги қисқа суҳбатда, ташкилот Озодлик билан мулоқотга очиқлиги ва барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини билдирди, мавжуд саволлар билан матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровга мурожаат қилишни сўради.

Озодлик мухбири 31 март куни Муҳаммаджон Бозоровга телефон орқали боғланди. Матбуот котиби саволларни Телеграм орқали йўллашни сўради, мухбир саволларни йўллади. Аммо бу саволларга ҳануз жавоб берилмади.

СЭОЖСХнинг Давлат хизматларини кўрсатиш бошқарма бошлиғи Собир Муҳаммедовдан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Матбуот хизмати ва бошқа масъул шахслардан жавоб олиш учун, Озодлик мухбири 1 ва 2 апрель кунлари СЭОЖСХ раҳбарларига яна боғланишга уринди.

Ва ниҳоят, 2 апрель куни телефон гўшагини кўтарган хизмат бошлиғи ўринбосари Қобилжон Йўлдошев мухбир саволларини эшитди.

Бу ўринбосар, хизматнинг фаолияти текширилгани ортидан “масъул ходими С. М.”га чора кўрилганидан бехабарлигини айтди.

Йўлдошев бу масъул ходимнинг ўзи Озодликка қайта боғланиб, вазиятга изоҳ беришини ваъда қилди. Озодлик бу масъулдан ваъда қилинган жавобни ҳануз кутмоқда.

Ҳужжат сохтакорлиги учун қонунчиликда белгиланган жазо

Ўзбекистон ДХА ишчи гуруҳи СЭОЖСХ фаолиятида аниқланган қонунбузарликларга чора кўриш асносида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таянган ва аниқланган қонунбузарликнинг бир қисми - давлат хизматини кўрсатиш тартибини бузиш ҳолатига чора кўрган.

Кодекснинг 215-5-моддасида “Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш” қонунбузарлиги кўзда тутилган:

“Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этганликда, давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда, арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши, — мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Аммо, ДХА текширувида аниқланишича, давлат хизматини кўрсатиш асносида ҳужжатлар 2 йил давомида системали равишда қалбакилаштирилган ва қалбаки ҳужжатларда ташкилот раҳбари номи ва имзоси кўрсатилган.

Бундай қонунбузарлик учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддасида жазо белгиланган.

Жумладан, 209-моддада “Мансаб сохтакорлиги” жинояти кўзда тутилган, жумладан “ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиш” учун базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жаримадан тортиб 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бу жиноятни такроран ёки гуруҳга бирлашиб содир этганлик учун 5 йилгача қамоқ белгиланган.

228-моддада “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” жинояти кўзда тутилган, бу жиноят такроран содир этилган тақдирда 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

СЭОЖСХдаги кадрлар инқирози

СЭОЖСХда муқаддам ишлаган эпидемиолог, қонунбузарликлар муттасил жазосиз қолаётгани сабаб, ушбу тузилма марказий аппаратида ҳозир “коррупция кучайган ва малакали кадрлар кризиси кузатилмоқда”, дея фикр билдирди:

Пандемия пайтида, яхши кадрларни йиғиш ўрнига, қочирди бу ташкилот.

“Кўп йиллик таниқли эпидемиолог кадрлар МСОга (Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт-санитария бирлашмаси - таҳр.) ўтиб кетган, исталган одам сўраб кўриши мумкин. Пандемия пайтида, яхши кадрларни йиғиш ўрнига, қочирди бу ташкилот".

Озодлик билан суҳбатда, 20 йилдан ортиқ ушбу соҳада ишлаганини айтган ва шахси сир сақланишини сўраган эпидемиолог иддаосича, пандемия пайтида Ўзбекистон учун ўта зарур бўлган бу ташкилот марказий аппаратидаги яхши кадрлар ишдан бўшатилган ёки ўз ихтиёри билан ишдан бўшашга “мажбур бўлган”:

СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 30 март, 2021
СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 30 март, 2021

"Кадрлар масаласи жуда ёмонлашди. Кўринг, айрим раҳбар ходимлари маълумоти ҳамшира, ўрта тиббий ходим, солиқчи, иқтисодчи ёки шунга ўхшаган кадрлар. 15 - 20 йилдан ортиқ ишлаган эпидемиолог қолмаган ҳисоб. Аксар раҳбарлар ўрнига И.О.лар (раҳбар вазифасини бажарувчи масъуллар - таҳр.) ишлаяпти. Ташкилотни кадрлар бўлимидаги ҳужжатлар битта кўтарилса, тамом - хизмат чуқур кризисда экани шундай кўринади”.

Эпидемиолог, хизматнинг марказий аппаратидаги бу ҳолат, унинг Тошкент шаҳри ва вилоятдаги бўлимларига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиб бўлган, деб таъкидлади:

СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 30 март, 2021
СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 30 март, 2021

“Пандемия пайтида бу ташкилот аслида эпидемиологларни қидириб топиб, ишга қайтариши керак эди. Жойлардаги станцияларга малакасиз, номутахассис кадрларни ишга олиш, малакали кадрларни иш ҳақи талаб қилгани учун ишдан бўшатиш - хуллас, буларни санаб ўтиришимга ҳожат йўқ.

Коррупциянику айтиб ўтирмайман, Бош прокуратуранинг ўзи неча марта сайтида маълумот берди. Ҳозир ҳам бўлса, бу ташкилот зудлик билан қайта реформа қилиниши керак. Хизмат раҳбаридан тортиб, бошқарма раҳбарларигача жиддий текширилиши керак. Чунки бу пандемия ҳали-бери битмайди бу кетишда. Яна бу раҳбарлар хатоси, ишнинг нотўғри ташкил қилиниши, соҳанинг номутахассисларга бериб қўйилгани жабрини оддий аҳоли кўрмаслиги керак!”

СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 3 апрель, 2021
СанЭпидХизмат сайтидаги вакант раҳбарлик лавозимлари, 3 апрель, 2021

Дарвоқе, Озодлик мухбири 29 мартдан 3 апрелга қадар СЭОЖСХ расмий сайтида “Агентликнинг марказий аппарати” саҳифасида 9 та раҳбар ўрни “вакант” кўрсатилганига гувоҳ бўлди.

Хизмат бошлиғи ўринбосари Қобилжон Йўлдошев, бу ҳолатни “сайтда маълумотлар янгиланаётган пайтдаги техник ҳолат” деган тахминда эканини айтди ва бунга аниқлик киритишни ваъда қилди. Аммо, ҳануз бу борада қўшимча маълумот берилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG