Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Pandora Papers: Путин атрофидагилар ва Назарбоевнинг "иккинчи хотини" қандай бойиди?


Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путин - Москва, 7 сентябрь, 2019.
Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путин - Москва, 7 сентябрь, 2019.

Дунёнинг 120 мамлакатидан 600 дан зиёд журналист бир неча йил давомида ўрганган махфий ҳужжатлар сиёсатчилар, давлат амалдорлари ва уларнинг қариндошларига оид офшор ва ҳисобварақлардаги маълумотларни ўртага чиқарди.

"Пандора ҳужжатлари" (Pandora Papers) деб ном берилган глобал суриштирув доирасида журналистлар қарийб 12 миллион ҳужжатни ўрганиб чиқишган. "Пандора ҳужжатлари"ни Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциумига (ICIJ) хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини сир тутган манба бергани айтилмоқда. Суриштирувлар асносида МДҲдаги қатор мамлакатларнинг раҳбарлари, уларнинг қариндошлари, яқинлари ва катта мулозимлар эгалик қилаётган яширин бойликлар ҳам ўртага чиқди.

Россия: Путиннинг тахминий маъшуқаси ва бошқалар

Суриштирувда номи тилга олинганлар орасида Россия президенти Владимир Путин йўқ, аммо унга яқин одамлар зикр қилинган.

Эълон қилинган маълумотга кўра, Россия президентининг маъшуқаси ўлароқ танилган ва қизи Лиза Путинга “қуйиб қўйгандек ўхшаш” дея таърифланадиган Светлана Кривоногих 2006 йилдан бери Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган “Brockville Development Ltd” ширкатининг бенефициари саналади. Монако кўчмас мулк қайдномасига кўра, “Brockville” ширкати ҳашаматли “Monte Carlo Star” турар-жой мажмуасидаги 3.6 миллион евро қийматли шоҳона квартиранинг расмий соҳибидир.

Урғуланишича, қоғозларда “Brockville” мулкдори сифатида Панамадаги “Radnor Investments SA” офшор ширкати номи қайд қилинган. Илгари мазкур ширкат Путиннинг дўсти, тадбиркор Геннадий Тимченкога қарашли “SNG Trading” нефть трейдери олди-берди қилгани ошкор бўлган эди.

Британия Виргин оролларида Светлана Кривоногихдан ташқари, Путиннинг талабалик даврида орттирган дўстлари – Николай Егоров ҳамда Виктор Хмаринлар ҳам ўз ширкатларини рўйхатдан ўтказишган. Хусусан, Егоров эгалик қиладиган “Pollux Global Corp” фирмаси активларининг тахминий қиймати 50 миллион долларга тенг. Хмарин эса, суриштирувга кўра, “Luciano Services Corp” ширкати бенефициаридир – мазкур ширкат 2009 йилда, Швейцариянинг BSI банкида ҳисобварақ сақлаш мақсадида таъсис қилинган.

Ўз навбатида, Путин амакиваччасининг ўғли бўлган Роман Путин Сейшель оролларида қайддан ўтган “Infinite Capital Corp” офшорига камида 2013 йилга қадар эгалик қилган. Ширкат бизнес-авиация соҳасига сармоя ётқизиш билан шуғулланиши лозим бўлган, унинг низом жамғармаси эса 100 минг долларни ташкил этган.

Журналистларнинг ишонишича, “Сбербанк” бошқаруви раиси Герман Греф ўз ширкатини Сингапурда таъсис этган. Ширкат Грефнинг оиласига қарашли қиймати 55 миллион доллардан ортиқ активларни бошқарган. 2017 йилда “Сбербанк” раҳбари Швейцарияда истиқомат қилувчи жияни Оскарни “Angelus Trust” бошқарувчиси ва бенефициари этиб тайинлашга қарор қилган.

Ниҳоят, суриштирувда “Ростех” корпорацияси раҳбари бўлмиш Сергей Чемезов оиласи 22 миллиард рубль қийматли мол-мулкларини, жумладан Испаниядаги ҳашаматли чорбоғи ҳамда яхтасини офшор ширкатлар орқали кўздан пана қилгани айтилади.

Суриштирувда тилга олинганларнинг кўпчилиги эълон қилинган маълумотлар юзасидан изоҳ беришганича йўқ.

Халқаро журналистик лойиҳада Россия вакили сифатида иштирок этган “Важние истории” нашри глобал суриштирувда Россия Давлат Думасининг кўплаб депутатлари ва давлат ширкатлари раҳбарларининг қариндош-уруғларига оид маълумотлар ҳам мавжудлигини билдирган. Нашр ушбу маълумотларни тез орада очиқлашга ваъда берган.

Назарбоевнинг “иккинчи хотини" 30 млн долларни қаердан олди?

Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми ихтиёридаги ҳужжатларнинг бир қисмини ўрганган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг норасмий турмуш ўртоғи Асал Қурманбоева махфий офшор битимидан 30 миллион доллар пул ишлаганини аниқлади. Ушбу олди-сотдида собиқ президентга яқин икки олигархнинг қўли бор, дейилади тадқиқотда.

“Асал Қурманбоева ҳамда Элбоши (Назарбоевга берилган ва у ҳамда оиласини ҳар қандай таъқиблардан умрбод ҳимоя қилувчи расмий мақом) ўз алоқаларини ҳеч қачон на тасдиқлаганлар, на инкор этганлар. Аёл собиқ президентнинг "тўқол" - "иккинчи хотини" экани ҳақидаги гап-сўзлар у “Қозоғистон гўзали” танловида ютиб чиққанидан сўнг тарқаган эди. Қурманбоеванинг икки ўғли бор ва интернет сайтларида эълон қилинган паспорт нусхаларида уларнинг фамилиялари “Нурсултанули” деб кўрсатилганди. Қозоғистонда ота исми кўпинча фамилия ўрнига ёзилади”, дея қайд этишган тадқиқот муаллифлари.

OCCRP маълумотига кўра, Қурманбоева Қозоғистондаги давлатга қарашли икки рақс институтининг бадиий раҳбари, шунингдек балет ва миллий рақс санъати соҳаларига оид бир неча фирма ва фондларнинг эгаси саналади.

“Аммо унинг маданият соҳасида ишлаб топган пуллари Назарбоевнинг даврадош улфатларидан олган бойликлари олдида ҳеч нарса эмас”, дейишади тадқиқотчилар.

Сиздирилган ҳужжатларга қараганда, Қурманбоеванинг Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтказилган махфий ширкати бўлган. Ширкат бирон фаолият билан ёлчитиб шуғуллангани маълум эмас. Шунга қарамай Қурманбоева уни 30 миллион долларга сотишга муваффақ бўлган.

OCCRP баёнотига кўра, ушбу олди-сотдига Назарбоевнинг содиқ сафдошлари бўлмиш олигархлар – Владимир Ни ҳамда Владимир Ким бош қўшишган. Тадқиқотчилар ёзишича, Қурманбоева пулни 2010 йилда, Владимир Ни ўлимидан икки ой ўтгач олган. Маблағ Нининг қизи эгалигига ўтган ширкат ҳисобидан кўчирилган бўлиб, Владимир Ким тўлов гувоҳи сифатида қайд қилинган.

OCCRP мухбирлари аниқланган файллар юзасидан Назарбоев ва Кимга, Ни оиласига ва Қурманбоевага сўров жўнатганлар, аммо улардан ҳеч бири жавоб бермаган.

Назарбоевнинг уруғ-аймоғи ва дўстлари офшор ҳужжатларнинг сиздирилиши билан боғлиқ бурунги тадқиқотларда ҳам тилга олинган эди. Хусусан, собиқ президентнинг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда унинг тўнғич ўғли Нурали Алиев, куёви Темур Қулибоев, жияни Қайрат Сатибалди ва бошқалар олдинги глобал суриштирувларнинг қаҳрамонлари ҳисобланади.

81 яшар Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг март ойида президент лавозимидан кетишини эълон қилган ва ўрнига эски сафдошларидан бири Қасим-Жомарт Тоқаев номзодини илгари сурган эди. Бироқ мамлакат раҳбари лавозимидан кетган бўлса-да, у иқтидордаги “Нур Отан” партияси раиси ҳамда Хавфсизлик кенгаши раҳбари сифатида ҳокимиятдаги нуфузини сақлаб қолмоқда. Айрим экспертлар фикрича, мамлакатда янги президент бўлса-да, ҳокимият ҳамон Назарбоевнинг қўлида.

  • "Пандора ҳужжатлари"да ҳаммаси бўлиб 35 нафар собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари ҳамда 300 дан зиёд юқори мартабали мулозимларга тегишли офшор ширкатлар ва кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Британиянинг Guardian нашри чоп этган рўйхатда постсовет макондан Путин ва Назарбоевдан ташқари, Украина президенти Владимир Зеленский ҳамда Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг исмлари бор.
  • OCCRP тадқиқотчилари ёзишича, Украина президенти Владимир Зеленский 2019 йилда, президент бўлиб сайланишидан бирмунча олдин махфий офшор ширкатдаги улушини бошқа одамга бериб юборган. Зеленский вакили OCCRP саволларига жавоб беришни хоҳламаган.
  • Ҳужжатларга кўра, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев офшор ширкатлар орқали Лондондаги 700 миллион доллар турадиган кўчмас мол-мулкларга эгалик қилади.
  • "Пандора ҳужжатлари" фош этувчи маълумотлари билан дунёни ларзага солган машҳур "Панама ҳужжатлари"дан беш йил кейин пайдо бўлди.
XS
SM
MD
LG