Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:01

Сайлов-2024: Ўзбекистон "янгича", аммо ҳануз мухолифатсиз сайловга тайёрланмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида парламентаризмни ривожлантириш ва сиёсий мухолифат кераклиги ҳақида гапирган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида парламентаризмни ривожлантириш ва сиёсий мухолифат кераклиги ҳақида гапирган.

Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайлови, қонунда белгиланган жадвалга мувофиқ жорий йил октябрь ойи охирида ўтиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу йилги парламент сайлови биринчи марта янгича, аралаш - пропорционал ва мажоритар тизимда ўтади.

Озодлик манбаларига кўра, шу кунда сиёсий партияларга, Олий Мажлис ва маҳаллий органларига номзодлар рўйхатини шакллантириш топширилган.

Озодлик манбалари, юқори доираларда парламент сайловларини шу йил баҳорда ўтказишга ҳозирлик бораётгани ҳақида ҳам ёзмоқдалар.

Ҳозирча, парламент сайловини муддатидан олдин ўтказиш ҳақида бирор расмий баёнот берилмади.

-----------------------------------------------------------------------------------

“Балки баҳор, балки кузда...”

Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бирининг вакили парламент сайловини муддатидан аввал ўтказиш ҳақида “гап юрганини” айтди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган вакилга кўра, шу кунда аксар сиёсий партияларга, номзодлар рўйхатини шакллантириб, сайловга тайёр туриш топшириғи берилган.

“Балки баҳорда, балки кузда бўлиши мумкин, деган гап бўляпти”, деди партия вакили.

Бундан ташқари, Озодликнинг бир-биридан мустақил яна икки манбаси парламент сайлови муддатидан аввал ўтказилиши эҳтимоли ҳақида хабар йўллади.

Ҳозирча на сиёсий партиялар, на Марказий сайлов комиссияси ва на Адлия вазирлиги бу ҳақда бирор аниқ маълумот берди.

  • Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлис - олий давлат вакиллик, қонун чиқарувчи органидир.
  • Олий Мажлис 2 палата — ваколати 5 йил бўлган Қонунчилик (қуйи) палата ва Сенатдан иборат.
  • Қонунчилик палатаси ҳудудий, бир мандатли округлардан - умумий ва тўғридан-тўғри асосда яширин тарзда сайланган 150 депутатдан иборат.
  • Бунинг 15 нафари Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун ажратилган.
  • Сенати 100 (аммо янги қонунчиликка биноан 65) аъзо - Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан - 6 кишидан сайланган ҳамда фуқаролар орасидан Президент танлаган 16 (бундан буён 9) сенатордан иборат.
  • 2023 йилнинг ноябридан, Ўзбекистонда аралаш сайлов тизими жорий этилди. 150 депутатнинг ярми умумхалқ сайлови, 75 нафари бир мандатли округдан мажоритар тарзда сайланади.

Аралаш сайлов - Мирзиёев таклифи

Бу галги парламент сайловлари аввалгилардан фарқли, аралаш тизимда ўтади.

Ўтган йилнинг 6 март куни Шавкат Мирзиёев сиёсий партиялар ролини ошириш учун - мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 март куни бўлиб ўтган мажлисида ЎзХДП етакчиси Улуғбек Иноятов маълум қилганди.

Ушбу таклиф асосида 2023 йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун қабул қилинди.

Янги қонунчиликка биноан, Ўзбекистонда янги-аралаш сайлов тизими жорий этилди.

Бундан буён парламентдаги 150 ўриннинг ярми - пропорционал шаклда - партиявий рўйхатлар билан, ярми - мажоритар тизимда - номзодларга овоз бериш йўли билан тақсимланади.

Бундан ташқари, янги қонунчиликка биноан, Ўзбекистонда парламент ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколатига ҳам эга бўлди.

Бу ўтган йилиёқ парламент сайловлари муддатидан аввал ўтказилиши мумкин, деган тахминларни кучайтириб юборганди.

Бундай муҳокамаларга жавобан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев муддатидан аввал парламент сайлови бўлмайди, деганди:

“Иккинчи энг кўп учраган савол — парламент палаталарининг ўзини ўзи тарқатиб юбориши ҳақидаги норма парламент сайлови муддатидан илгари ўтказилишини англатадими? Йўқ. Қонун лойиҳасида ушбу ваколатнинг белгиланаётгани жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтишини англатмайди”.

Аммо, бундан бери 4 ой ўтди - хўп ҳозир техник жиҳатдан парламент ўзини ўзи тарқатиб, муддатидан аввал сайлов ўтказиб юборилиши мумкинми, деган саволга расмийлар ҳозирча жавоб бермаётир.

Парламентдан бошланган олий ҳокимиятга йўл

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий карьераси айнан парламентдан бошланган.

1980-йилларнинг охирида у Совет иттифоқи коммунистик партиясига аъзо бўлган, 1990 йилларнинг бошида эса Ўзбекистон Олий кенгашининг ўша кезда бир палатали парламентига сўнгги - 12-чақирувда Тошкент шаҳридан халқ депутати бўлиб сайланган.

Ўша пайтда парламентнинг Саноқ комиссиясига раислик қилган.

1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилгач, Мирзиёев аъзо бўлган Коммунистик партия - Халқ демократик партиясига айланди.

Автомат тарзда коммунистдан депутатга айланган партия аъзоси ўлароқ, Шавкат Мирзиёев, кейин яна икки марта - 1995 йил ва 1999 йилардаги сайловларда Олий Мажлис депутати бўлиб сайланган.

Яъни, 1995 йилдан 2003 йил - Бош вазир бўлиб тайинлангунига қадар - депутат бўлган.

Унинг президент Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келишида ҳам аслида парламент қонуний восита бўлиши лозим эди.

Аммо, Мирзиёев олий ҳокимиятдаги илк қадамини ўз хизмат карьерасида пиллапоя бўлган парламентни четлаб ўтишдан бошлади.

Каримов даври парламенти

Мустақил Ўзбекистон парламентининг энг узоқ - 27 йиллик тарихи - бир шахс - Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан боғланган.

Каримов 1989 йилда - Ўзбекистон парламенти ҳали Ўзбекистон Олий совети бўлган пайтда - Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий қўмитасига биринчи котиб этиб тайинланган эди.

  • 1991 йилнинг 31 августида - Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилган парламент - Ўзбекистон Олий кенгаши бўлди.
  • Бу парламент - Ўзбекистон ССР Олий Советининг тўғридан-тўғри давомчиси эди.
  • 1995 йилда Ўзбекистон Олий кенгаши – Олий Мажлис, деб ўзгартирилди.
  • Мустақил Ўзбекистон парламенти - дастлаб бир палатали - 250 депутатдан иборат бўлган.
  • Бу парламентга 2 та чақириқда - 1994-1995 ҳамда 1999 йилларда 3 ва 2 босқичда сайланган депутатлар сайланди.
  • 2002-йил 27-январда ўтган референдумда ўзбекистонликлар икки палатали парламентга овоз беришди.
  • Олий Мажлисда 2 палата — ваколати 5 йил бўлган Қонунчилик (қуйи) палата ва Сенат пайдо бўлди.


1990 йилнинг 24 мартида Олий кенгаш сессиясида Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти этиб тасдиқланган.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон парламенти қатор жиддий ўзгаришларга юз тутди. Жумладан, Қонунчилик палатаси учун сайловчиларнинг ташаббус гуруҳарига бирлашиб, ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқи бекор қилинди.

Депутатлар кўп босқичда эмас, асосан бир босқичда, юқоридан туширилган рўйхатлар асосида сайланадиган бўлди.

Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан 15 таси Экологик ҳаракатга ажратиб берилди ва улар сайловларсиз, рўйхат асосида тўғридан-тўғри парламентга кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Аммо, Ислом Каримов, 27 йиллик бошқарувининг сўнгги йилларида парламент ваколатларини бироз кенгайтиргандек бўлди.

Яъни, бирор сабаб билан президент ўз вазифасини бажаролмай қолса, унинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига бериладиган бўлди.

Аммо, халқаро майдонда олқишланган бу ҳуқуқий норма ҳам Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келаётган паллада ишламади.

Каримов ва Мирзиёев парламенти

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон парламентида 2016 йилдан кейин кузатилган - бир муддат жонланишни айнан Ислом Каримов бошқарувининг илк 5 йилига қиёсламоқдалар.

Ўша кезда парламентда нисбатан эркин чиқиш қилган депутатлар - 2018-2023-йиллар оралиғида кўзга ташланган бугунги ёш депутатлар билан параллел ўтказишади.

Қобул Дўсов, Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев каби ёш депутатлар шулар жумласидандир.

Кобул Дўсов Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани кенгаши собиқ депутати, “Миллий тикланиш” партияси собиқ аъзоси бўлган.

Унинг илк чиқиши - 2019 йилда Фейсбук тармоғидаги саҳифасида бўлган. Ўшанда у президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойнинг Шинжой-Уйғур мухтор районида зулм чекаётган қардош миллат - уйғурларга ёрдам кўрсатишни сўраган эди.

Шавкат Мирзиёев даври парламентаризмининг яна бир таниқли юзи ўтган йили парламентдан истеьфо берган собиқ депутат, юрист ва журналист Расул Кушербаевдир.

Ўзбекистонда монополия, коррупция ва экология соҳасидаги кескин муаммоларни очиқ айтган, Олий Мажлис сессияларида кескин саволларни ўртага ташлаган ёш сиёсатчига айланди.

У ҳатто Ўзбекистон президентининг назарига ҳам тушди.

Аммо президент Мирзиёевнинг шахсий эътибори Кушербаевни депутатликда олиб қололмади.

Бюджет муҳокамаси чоғида парламентдан истеьфо берган Кушербаев Экология қўмитаси раисига маслаҳатчи этиб тайинланди.

Аксар кузатувчиларга кўра, шу кунда ҳануз Олий Мажлисда ўтирган ва жамоатчилик орасида эркин чиқишлари алоҳида эътироф этилаётган ягона депутат - Дониёр Ғаниев бўлиб қолмоқда.

Унинг чиқишларидаги позицияси ва танқид қилаётган муаммолари кўлами ҳам Расул Кушербаевники каби кенг. Аммо парламентдаги охирги танқидий чиқишлари билан танилган депутат Ғаниев кейинги сайловларда номзодини қўймоқчи эмаслигини айтган.

"Ичкаридан чиққан мухолифат"

Ўтган йил 30 апрелида мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишлар амалдаги президент Мирзиёевнинг 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очди.

Орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтиб ўтказилган ҳақиқий рақобатсиз президент сайловида Мирзиёев яна бир, амалда учинчи муддатга президент этиб сайланди.

14 июлдаги қасамёд нутқида Мирзиёев "конструктив мухолифат" иборасини тилга олди ва демократик ислоҳотларни амалга оширишга яна бир марта ваъда берди.

“Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз”, деган Шавкат Мирзиёев бунга оид тафсилотларга тўхталмади, хусусан, унинг “конструктив мухолифат” деганда кимни ёки нимани назарда тутгани мажҳуллигича қолиб кетаверди.

OzodNazar: ҲТБДП лидери Хидирназар Аллақулов: Партия фаолларига босим кучайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:53 0:00

Ўзбекистон сиёсий ҳаётида мухолифатнинг ўрни муҳимлиги юзасидан баҳслар бошланган 2019 йил охирида амалдаги президент Мирзиёев бунга муносабат билдириб, “мухолифат мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши лозим”лигини урғулаган эди.

Бироқ ўшандан бери мавжуд беш партия фаолиятида мухолифатга хос бўлган, мавжуд иқтидорни танқид қилиб, муқобил бошқарув йўлларини таклиф қилган қадамлар қўйилмади.

Режимга мухолиф бўлган профессор Хидирназар Аллақулов партиясини рўйхатга олиш эса 2021 йилдан буён расмийлар томонидан бир неча бор рад этилди.

Аралаш сайлов тизими

Шу тариқа, бу йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида парламент сайлови бўлади.

Бу олий давлат вакиллик органи - Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги 33 йиллик тарихида илк бор аралаш тизимда сайланади.

Бунга қадар айни тизим Қозоғистонда президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифи билан жорий этилди.

Ўтган йилнинг 19 мартида парламент сайловлари янги тизимда ўтди - Мажлис депутатларининг 70 фоизи партия рўйхатлари пропорционал тизими, 30 фоизи эса мажоритар тизим бўйича сайланди.

Аммо, вилоят ва йирик шаҳарлар депутатлари кенгашларидаги номзодларнинг ярми пропорционал, ярми мажоритар, вилоятлар масъуллари эса тўлиқ мажоритар тизим билан сайланди.

Ҳозир жамоатчиликни қизиқтираётган саволлардан бири - бу янгича сайловдан кейин Ўзбекистонда нима ўзгаради, деган саволдир.

Ҳали расмий идоралар ёки сиёсий партиялар бу саволга жавоб бериши мумкин бўлган чиқишларини бошлагани йўқ.

Аммо, 2 муддат президентликни учинчи муддатга узайтирган ва ҳокимиятини 2037 йилгача мустаҳкамлаган Шавкат Мирзиёев бошқаруви танқидчиларида айрим тахминлар бор.

Бундай таҳлилчилардан айримлари, президент ўз ташаббуси билан ваколатларини кенгайтирган парлментга, хусусан Сенатга қизи Саида Мирзиёевани илгари суриши мумкин, демоқдалар.

Бир шахсга икки муддатдан ортиқ раислик йўқ

Сиёсий таҳлилчиларнинг бундай тахминларини билвосита асословчи янгилик эса жорий йил 20 февраль куни пайдо бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Олий Мажлиснинг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартириш киритувчи қонунни имзолади.

Ўзгаришга биноан, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши мумкин эмас.

Аслида бу норманинг ташаббусчиси ҳам президент. 2023 йилда Янги Конституция лойиҳаси муҳокамаларида айни норма тилга олинган.

Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка биноан, давлат бошқарувида Сенат раиси президентдан кейин турадиган иккинчи муҳим шахс.

Айни пайтда, бу лавозимни 57 яшар Танзила Норбоева 2019 йилдан буён эгаллаб турибди. Яъни, унинг биринчи муддати охирига етмоқда.

Қонун - қабул қилинган пайтдан кучга кириши инобатга олинса, Танзила Норбоеванинг ҳам, худди Шавкат Мирзиёев билан бўлгани каби, биринчи муддати де-факто “ноллашиши” мумкин.

Яъни, парламент маъқуллаган кезда Норбоева яна икки муддат Сенатга раислик қилиши эҳтимоли катта.

Ўзбекистонда бу йил бўладиган парламент сайловлари - Ўзбекистон конституцияси 65 фоизга ўзгарган, қарийб тўлиқ янгиланганидан кейинги илк сайловлар бўлади.

Президент ташаббуси билан янгиланган конституция Шавкат Мирзиёевга 2037 йилгача ёки умрбод президентликда қолиш имконини берган.

Айни конституция янги сайланадиган парламент ва Сенатнинг янги раисига кенгайтирилган ваколатларни тақдим қилиши айтилган, аммо таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги мавжуд президент вертикалида янги ваколатларнинг тақдим қилиниши кўп нарсани ўзгартирмайди.

Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, мухолиф партияларга йўл бериш ҳақида гапирган, аммо ҳозиргача Каримовдан қолган сиёсий тузумни ўзгартириш йўлида бирон жиддий қадам қўйгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG