Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:34

Ëшлар иттифоқи етакчиларига ўз ҳисобидан пахтага одам юбориш буюрилди


Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари номидан ëзилган Telegram хабарида тумандаги 59 та мактаб етакчисига “пул тўлаб пахтага одам юборасан ëки лавозимингни бўшатасан”¸ деган "ультиматум" қўйилган.

Telegram канали орқали 19 сентябрь, куннинг иккинчи ярмида Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари номидан етакчиларга юборилган таҳдидли хатда бунинг “туман ҳокимлиги буйруғи” экани ва “муҳокама қилинмаслиги”ни алоҳида таъкидланган.

Бундай "ультиматум"¸ Ўзбекистон раҳбарлари халқаро ташкилотлар билан узоқ музокаралардан сўнг мамлакатдаги мажбурий меҳнат¸ хусусан¸ пахта терими давридаги мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида кунора баëнот бериб турган пайтда қўйилмоқда.

Озодлик боғланган Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи раҳбари¸ бундай хат жўнатганидан тонди¸ айни пайтда ўз ташаббуси билан пахта териш учун “фидойи ëшлар”ни тўплаш билан машғуллигини билдирди.

Telegram орқали юборилган ультиматум

Қўрғонтепа туманидаги ўрта мактаблардан бирида Ёшлар етакчиси бўлиб ишлаëтган ўқитувчининг Озодликка шахси сир қолишни сўраб билдиришича¸ туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари Назарбек Мирзақобулов 19 сентябрь куни эрталаб тумандаги мактаб етакчиларига¸ аввалига телефон қилиб¸ куннинг иккинчи ярмида эса¸ Telegram канали орқали “буйруқ юборган”.

Ëшлар иттифоқи Қўрғонтепа туман кенгаши раҳбари Telegram орқали мактаб етакчиларига юборган ультиматум-буйруқ.
Ëшлар иттифоқи Қўрғонтепа туман кенгаши раҳбари Telegram орқали мактаб етакчиларига юборган ультиматум-буйруқ.

Бу буйруқ матнининг Озодликка юборилган суратида¸ ҳар бир мактаб етакчисига¸ 20 сентябрь куни эрталабки соат 7 да Ëшлар иттифоқи кенгаши биноси олдига биттадан одам олиб келиш¸ одам олиб келмаган тақдирда эса¸ ҳафтасига 100 минг сўмдан пул тўлаш буюрилган. Бу талабни бажармаганлар эса¸ “дарҳол лавозимидан озод этилиш”дан огоҳлантирилган.

“Президент мактаблар пахтага аралашмайди дегани учун¸ биз ўзимиз чиқмас эканмиз. Лекин ўрнимизга қаердан бўлса ҳам одам топиб¸ унинг пулини тўлаб¸ пахтага юборишимиз керак. Оладиган ойлигимиз 800 минг сўмга етар-етмас. Ҳафтасига 100 мингдан дегани¸ ярим ойлик бўлади. Айтганини қилмасак¸ ишдан ҳайдайман¸ деяпти. Ўзи ишсизликдан ярим қишлоқ Россияда юрипти. Мактаб директорига айтсак¸ туман ҳокимига кучим етмайди¸ деяпти”¸ деди 19 сентябрь куни Озодлик суҳбатлашган қўрғонтепалик мактаб етакчиларидан бири.

Мутлақ инкор

20 сентябрь куни Озодлик Андижон вилояти Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари Назарбек Мирзақобуловнинг ўзи билан боғланди.

Суҳбат пайтида Мирзақобулов¸ туманда 59 нафар “етакчиси” борлиги ва уларга топшириқларни асосан Telegram орқали беришини тасдиқлади.

Айни пайтда¸ бу етакчиларга на оғзаки ва на Telegram орқали пахтага ўз ëнидан пул тўлаб одам топиш ëки ҳафтасига 100 минг сўм бериш ҳақида буйруқ берганини кескин шаклда инкор қилди:

- Ҳеч қанақа бунақа гап бўлмаган. Пахтага етакчилар умуман аралашмаяпти. Биз фидойи ëшлар отряди ташкил қилаяпмиз¸ кўнгиллилар чиқади¸ холос. Мен бунақа буйруқни ëзганимни юз марталаб¸ минг марталаб инкор қиламан. Тепада худо кўриб турипти. Мен ҳозир ўзим маҳаллама-маҳалла юриб¸ аппарат ходимларини олиб¸ уйма-уй кириб¸ уюшмаган¸ ишсиз ëшларни “чиқинглар¸ мана бир кило пахтага 600 сўмдан берилаяпти”¸ деб фидойи ëшлар отрядини ташкил қилаяпмиз.

Суҳбат давомида ўзининг “ўсиб келаëтган ëш кадр” эканини таъкидлаган 26 яшар Мирзақобулов¸ фидойи ëшлар отрядини тузиш ўз ташаббуси эканини айтиб¸ пахтага одам чиқариш борасида на Қўрғонтепа туман ҳокимлиги¸ на Ëшлар иттифоқи Марказий кенгашидан буйруқ бўлганини рад қилишга уринди.

Инкорни инкор...

Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи раҳбарининг “Худони ўртага қўйиб қилган раддия”сидан сўнг Озодлик мухбири¸ бирламчи хабарни юборган етакчи билан қайта боғланди.

“Кеча кечки пайт уйма-уй юриб¸ болалари катта бўлиб қолган бир аëлни топдим. 10 кун ëтиб пахта теришга 500 минг сўмга кўндирдим. Бугун эрталаб буйруқда айтилган жой – Ëшлар кенгаши биноси олдига ўзим олиб чиқдим. Иккита Дамас ва енгил машинада Улуғнорга олиб кетишди. Мирзақобуловнинг ўзи ҳам¸ туман ҳокимлигининг иккита расмийси ҳам шу ерда эди. Расм ва видеога олишнинг иложи бўлмади¸ билиб қолса¸ ëмон қиларди. Сизга қип-қизил ëлғон гапираяпти. Бу табиий ҳолку!”¸ деди Қўрғонтепадаги мактаблардан бирининг ëшлар етакчиси.

Бу суҳбатдош¸ ўз ҳамкасблари билан гаплашгани ва тумандаги 59 нафар етакчидан 50 таси 20 сентябрь куни ўрнига одам юборганидан хабар топганини қўшиб қўйди.

“Етакчилар” кимнинг хизматида?

Озодлик 20 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва Ëшлар иттифоқи Марказий кенгаши масъулларидан бу саволга жавоб олишга уринди.

Вазирлик ходимлари бу саволга Ахборот хизматидан батафсил маълумот олишни тавсия қилди. Аммо 20 сентябрь кун давомида Ахборот хизмати телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Ëшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакили бу саволга “эти бизники¸ суяги сизники” қабилида жавоб қайтарди:

“Мактаблардаги ëшлар етакчилари Халқ таълими тизимига қарашли¸ ойликни ҳам вазирлик тўлайди. Лекин уларнинг нима иш қилиши¸ вазифаларини Ëшлар иттифоқи белгилаб беради. Уларнинг пахтага одам чиқариш ëки пул беришга мажбурланаëтгани бўйича шикоятлари ҳақида етакчиларининг республика бўйича етакчиси Жалолиддин ëки Қобил деган йигитларимиз билан гаплашинг”.

Озодлик боғланган бу етакчилар эса, Қўрғонтепадаги воқеа¸ қолаверса¸ ëшлар етакчиларининг 2018 йилги пахта мавсумидаги роли юзасидан изоҳ беришни истамади.

XS
SM
MD
LG