Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон пахтани экспорт қилмаётгани, уни мамлакатнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаётганини билдирди. 22 сентябрь куни Тошкент вилоятига сафари чоғида гапирган Мирзиёевга кўра, пахта режаси бажарилишидан аввал фермернинг ўзи манфаатдор.
Аммо Озодлик суҳбатлашган фермерлар кластерларга топширилаётган пахта учун қанча ҳақ тўланишини билмасликларини айтишмоқда.
Айни пайтда кластерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эълон қилган тавсиявий нархдан ҳам паст ҳақ тўлаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Водийлик фермерлар кластерлар қабул қилинган пахтанинг синфини атайин паст ёзаётгани, “скидка”нинг ҳаддан ташқари кўп қўяётганидан норози.
Ўзбекистонда пахта терими бошланганига уч ҳафта бўлди. Фермерлар етиштирган пахта ҳосилини кластерларга топширмоқда.
Аммо шу пайтгача, кластерлар пахтани аниқ қанча нархдан сотиб олишини фермерларга айтмаяпти, фақат тахминий нарх, баъзи жойларда 10 минг сўм, баъзи жойларда 8-9 минг сўмдан қабул қилиб оляпти.
Пахтанинг харид нархини аниқлаш терим бошланмасдан олдин ҳам фермерлар ва кластерлар ўртасидаги баҳсларга сабаб бўлган эди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир кило пахтанинг тавсиявий нархини 1025 сўм қилиб белгилагандан сўнг ҳам, фермерлар бунга норозилик билдириб, жорий йилда минерал ўғитлар ва ёнилғи ўтган йилга нисбатан 2-3 бараварга ошиб кетгани, пахта таннархининг ўзи ўн минг сўмдан ортиққа тушаётгани ҳақида бонг урдилар.
Фермерлар ва кластерлар ўртасидаги тортишув аниқ бир хулоса билан якунланмади ва ҳозиргача пахтанинг аниқ харид нархи маълум эмас.
Наманган вилоят, Мингбулоқ туманида фермерлик қилаётган Қосимжон Мамасолиевнинг айтишича, аслида бозор шароитида икки мустақил субъект ўртасидаги нархни биров белгилаб беришга, тавсия қилишга ҳаққи бўлмаслиги керак:
“Қонунларимизда фьючерс шартномаси имзолаш пайтдаги пахтанинг нархи Нью-Йорк биржасидаги тола нархининг учдан бир қисмига тенг бўлиши кераклиги ёзиб қўйилган. Агар пахта топшириладиган вақтда пахта нархи ошиб кетса, ўшанга қараб перерасчёт қилинади, агар тушиб кетса шартномадагидан кам ҳақ тўланмайди. Шунинг учун ҳам фьючерс шартномаси дейилади. Ҳозир эса ҳеч қайси фермернинг қўлида нарх ёзилган пахта ёки ғалла шартномаси йўқ. Бу ёғи яна монополия бўлиб кетяпти”.
Андижон вилоят, Бўстон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, пахтани қабул қилиб олаётган “Сайёра фаввораси” кластери, фермерга унинг миқдори қанча эканлигидан ташқари ҳеч қандай ҳужжат бермаяпти:
“Пахтани фақат заводга олиб кириб қабул қилиб олишяптида, қўлга ҳеч қанақа ҳужжат берилмаяпти. Нархи ҳақида гап ҳам йўқ. Агроонлайндан текшириб кўрсам ҳам нархи чиқмаяпти. Пахтани топшириб бўлганимиздан сўнг тўққиз минг сўмдан берадими, ўн минг сўмданми, буни Худо билади. Кластерлар бизда валломат. Ҳеч кимнинг унга гапи ўтмайди”.
Наманган вилоят, Поп туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг иддаосича, “Арт Софт ҳолдинг” кластери сунъий равишда пахта сифатини паст кўрсатиб қабул қилиб оляпти:
“Қўлда терилган сифатли тоза пахта таҳлил натижаларига кўра яхши, яъни 1.1 синфга лойиқ бўлса ҳам 1.2 синфга қабул қиляпти. 12 сентябрда пахта қабул қилишни бошлаган бўлса, мен уч кун давомида 25 тонна пахта топширдим. Аммо шунинг 19 тоннасини 1.2 синфга қабул қилди. Шунча пахтадан менга 6 миллион сўм зарар бўляпти. Ҳали яна 100 тонна топширсам, у ёғини ҳисоблаб олаверинг".
Фарғона вилоят, Данғара туманидаги исми сир қолишини сўраган фермер эса, кластер пахта қабулида ҳаддан ташқари “скидка” олаётганидан шикоят қилди:
“Биласизми, мендан қанча скидка олди? 13 фоиз! Агар юз тонна пахта топширсам, 13 тоннаси йўқ бўлди дегани. Булар инсофни ҳам еб юборишган. Пахтанинг нархи эса номаълум!”
Фермерларнинг бу эътирозлари юзасидан Озодлик Ўзбекистон Фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, сенатор Актам Ҳаитов билан боғланди.
Актам Ҳаитовнинг айтишича, фермер ва кластер ўзаро шартнома асосида нархни келишади:
“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тавсиявий нарх эълон қилди. Чунки бозор механизми ишлаяпти. Давлат буюртмаси ҳозир пахтада йўқ. Вазирлик минимал нарх эълон қилади, кейин кластер билан фермер келишиб ўзаро нарх белгилайди. Жаҳон бозоридаги нархдан келиб чиқилади, Нью Йорк биржаси нархидан келиб чиқилади. Бу минимал тавсиявий нархлар, ундан зиёдини ўзлари келишиб белгилайди”.
2021 йилнинг 9 сентябрь куни иккинчи бор президентликка номзодини қўйган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам берилганини таъкидлаган эди.
Аммо шунга қарамай, ўтган йили Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган бир қанча амалдорлар жазоланганини билдирди.
Озодликка келаётган хабарларга кўра, жорий йил пахта мавсумида ҳам пахта теримига мажбуран чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда.
Андижон вилоят, Жалақудуқ туманидаги МФЙлардан бирида ишлайдиган ходимнинг айтишича, ҳоким ўринбосари ҳар куни пахтага одам топиб чиқаришни талаб қилмоқда:
“Биз Андижон вилояти Жалақудуқ туман маҳалла идорасининг ходимлари пахта терими бошланганидан буён функционал вазифамиз қолиб уйма-уй юриб, пахтага одам айтиш билан билан бандмиз. Бунинг устига ҳар куни соат 19:30дан 22:30гача туман ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Абдумуталипов зум орқали ҳар бир маҳалла ходимидан пахтага нечта одам чиқарганлиги бўйича йиғилиш ўтказмоқда. Зум йиғилишида пахтага одам кам чиқарган ходимларни ёшига ҳатто аёл кишилигига қарамасдан хаммани олдида изза қилмоқда. Бундан ташқари пахтага одам чиқармаган ходимлар ҳайфсан олмоқда. Ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда".
Форум