Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Пахта, кластер ва селектор: Фермерлар Ғаниев ва ҳокимлардан шикоят қилмоқда


Вилоятларга сафар қилаётган президент Шавкат Мирзиёев сайловолди чиқишларида Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам берилганини биринчи президентлиги даврида эришилган ютуқлардан бири сифатида бот-бот тилга олмоқда. 21 сентябрь куни қорақалпоғистонлик сайловчилар олдидаги чиқишида амалдаги президент “6 миллион “ихтиёрий-мажбурий” теримчини пахта даласидан чиқариб юборгани”дан кўнгли тўқлигини маълум қилди. У пахта ташвишидан қутулган Бош вазирни “бахтли одам” деб атади.

Айни пайтда вилоятлардан Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар Бош Вазирнинг қишлоқ хўжалиги учун масъул ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг тинимсиз селекторларидан чарчаб кетганини гапирмоқда.

Озодликка юборилган аудиоёзувлардан бирида Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилишида туман ҳокимларидан кунлик режа талаб қилаётгани, Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов эса “маҳаллалардаги бекорчилар” ва “коммунал тўловларни тўламаганларни” пахта даласига олиб чиқишга мажбурлаётгани англашилади.

Фермер: Шуҳрат Ғаниев мажлисларидан чарчадик!

Пахта мавсуми бошланиши билан Ўзбекистоннинг пахтачиликка ихтисослаштирилган минтақаларида, ўтган йилларда бўлгани каби, теримни жадаллаштириш бўйича ҳокимларнинг селектор йиғилишлари авж олди. Селектор йиғилишлари Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва вилоят ҳокимлари томонидан ўтказилмоқда.

28 сентябрь кунги селектордан ёзиб олингани айтилган аудиони Озодликка тақдим этган фермерлардан бири "эскича давай-давай бошлангани"ни айтади.

-“Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев йиғилишларда ҳокимлар энди пахта сиёсатига аралашмайди, деган гапни тез-тез таъкидламоқдалар. Лекин афсуски, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ушбу топшириққа қарамай, туман ҳокимларидан кунлик режани бажаришни талаб қилмоқда ва айрим ҳолларда режани бажармаганларни ҳақоратламоқда. Ҳар куни соат 14:00 да селектор ўтказилади. Бу ҳам Президентимизнинг мажлисбозликни тўхтатиш топшириғига зид-ку,” , - деб ёзди фермер.

Аудиоёзувлардан бирида вазир муовинига тегишли экани айтилган овоз Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний, Эликқалъа, Амударё тумани ҳокимларини пахта режасини бажаришга ундаётган бўлса, бошқа ёзувда Навоий вилоятининг Навбаҳор, Қизилтепа, Ойбек, Самарқанднинг Хатирчи тумани, Андижон вилоятининг Хўжаобод, Шаҳрихон Қўрғонтепа тумани ҳокимларининг пахта терими бўйича паст натижалари учун танбеҳ бераётганини эшитиш мумкин.

- Ойбек тумани - 100, Учтепа тумани - 1400, Навбаҳор тумани - 1000, Хатирчи тумани - 1500. Бу ёғига оби-ҳаво ҳам кечирмайди сизларни! 5700 бўлди. Бут бўлса яхши - бўлмаса яхши эмас... Хўжаобод тумани - 700 тонна, Шаҳрихон тумани - 1100, Қўрғонтепа - 1250 тонна. Сизларга ҳам оби-ҳаво билдираяптими?

- Эрталаб билдирди! Ҳозир ҳаммаси хушёрликни оширди, қараяпти. Бажарамиз, Худо хоҳласа!

- Ишончим йўқ, лекин... Беруний тумани - 1500 тонна. Беруний туман ҳокими борми? Беруний! Элликқалъа тумани - 1500 бўладими?

- Ҳозир шунга олиб келяпмиз!

- Амударё тумани. Султонбой (туман ҳокими С.Йўлдошев - таҳр.) мана 2200 тоннага чиқибди! Раҳмат!

Фарғона вилоят ҳокими лавозимида сўконғичлиги ва фуқароларга қўпол муомаласи билан ном чиқарган Шуҳрат Ғаниев ўтган йили Бош вазир ўринбосари - аграр ва озиқ-овқат комплекси раҳбари лавозимига тайинланган эди.

Шу йил апрелида Меҳнат вазирлиги Ғаниевнинг якшанба, дам олиш куни видеоселектор ўтказгани юзасидан расмий изоҳ беришга мажбур бўлган.

Фермерлар президентнинг "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори билан 2020 йилдан пахтага давлат буюртмаси бекор қилинганини айтишади.

“Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев обед вақти селектор режалаштирди. Ахир биз тушлик қилмаймизми? Робот эмасмизку! Мен хусусий корхона - кластер раҳбариман, лекин вилоят хокимлигидан телефон қилиб, ҳар куни чақиришади. Безиб кетдик бу мажлислардан”, дейди бошқа фермер.

"Бухорода прокуратура кластерларни назоратга олди"

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили мамлакатда “пахта қулдорлиги” тугатилганини эълон қилган эди. Ҳукумат расмийларининг баёноти Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатни мониторинг қилиб келаётган Халқаро маҳнат ташкилоти томонидан дастакланган.

Аммо кластерларга бирлаштирилган фермер-деҳқонлар ҳукумат амалдорларининг мустақил хўжалик субъектлари ҳисобланган фермер хўжаликлари ишига аралашиши давом этаётганидан шикоят қилишмоқда.

Бухоролик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, маҳаллий амалдорлар ўтган йилларда бўлгани каби, фермерларни прокуратура ва ИИБ билан қўрқитмоқда.

-Бухоро вилоятида пахта терими бошланиши билан вилоят прокурори Маҳмуд Истамов фермерларни пахта топшириш ва кластерлар томонидан пахтани қабул қилиш жараёнига асоссиз, ўзбошимчалик билан аралашиб бошлади. Яъни прокуратура ва департамент ходимлари деб ўзларини таништирган ходимлар пахта қабул қилиш жараёнига аралашиб, ноқонуний назоратни амалга ошириб келмоқда. Ваҳоланки, фойда кўрадиган ҳам, зарар кўрадиган ҳам кластер, яъни тадбиркорлик субъекти бўлса, прокурорларнинг тепамизда туриб назорат қилиши қонунийми? Бу назорат тури коррупцияга олиб келмасмикан?, - дейди бухоролик фермерлар номидан мурожаат йўллаётганини айтган фермер.

Юқорида тилга олинган ҳолатлар "WBМ Ромитекс" МЧЖ да ва бошқа қўшни кластерларда юз бераётгани айтилади.

Бухоро вилоят ҳокимлигида кластерчи фермерлар шикояти юзасидан Озодлик мурожаатига расмий хат билан чиқишни ва вазият ўрганилишини билдиришди.

"Ҳоким ва солиқчилар пахтани тердириб, пулни ундириб қўйсин!"

Президент Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон ва Хоразмга сайловолди ташрифлари чоғида Хоразм вилояти фаоллари билан учрашув чоғида пахтачиликдан давлатга ва аҳолига даромад йўқлигини айтди.

“Шунча йил бошимизни эгиб пахта экдик, лекин кўнгилдагидек даромад қилмадик. Бирор марта республика бўйича олинган даромадимиз 1 млрд долларга етмади. Ўртача 800-850 млн доллар бўларди. Ҳозир битта Андижон вилоятининг ўзи текстил маҳсулотларидан 700 млн долларлик экспорт қиляпти. Аввал биз пахтанинг ўзини сотган бўлсак, энди ҳатто четдан сотиб олишга, қайта ишлашга тайёрмиз. Хорижий давлатлар эса, келиб биздан пахта сўраб туришибди, - деди президент.

Озодликка келиб тушган яна бир аудиоёзув айнан Хоразмдан. Аниқроғи, Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов раҳбарлигида 26 сентябрь куни ўтказилгани айтилган селектор мажлисидан.

Унда селектор олиб борувчиси пахта “тўғри ташкил этилмагани учун жойларда ишлар анча орқага кетиб қолаётгани” ҳақида гапиради. У пахта етиштирувчи туманларга 45 нафар одам жўнатилгани ва улар “вазиятни ўрганаётганини” айтади.

-Улар жойларда нега ҳокимлар вазиятни ўрганмаётир, деган саволга жавоб излаяпти. Агарда қайсидир фермер раисдан қочадиган бўлса, ундай фермернинг кераги йўқ – уни кластерга қўшворамиз! Шу одамлар фермерларни йиғиб, ишга “мешать” қилаётганлик тўғрисида гапларни етказиш керак бўлади... Агар одам йўқ бўлса, район марказидаги маҳаллалардан қарздорлар кўп, бекор ўтирган ишчиларни ташкиллаштириб, жўнатиш керак бўлади. Эрталаб 8 да ҳудуд раҳбарлари келади ва терган пахтаси бўйича жавоб беради. Агарда график асоссиз бажарилмайдиган бўлса, одами йўқ жойларга ҳоким жавоб беради – одам топиб берсин! Шаҳар марказидаги одамларни олиб борсин, автобус ташкил қилиб берсин, - дейди мулозим.

Шундан сўнг у Қорақумда нима учун пахта терими ҳажми тушиб кетгани сабабларини суриштиради ва Худойназар деган амалдорни сўроққа тутади.

Худойназар теримнинг пастлигини аҳоли сони камлиги билан тушунтиради. Селектор олиб борувчиси эса, вазиятдан чиқишнинг осон йўлини таклиф этади:

-Ўшанинг учун, Хива ва Урганч ҳокимлари пули йўқ, коммунал тўловини тўлолмаётган одамларни олиб чиқинглар, керак бўлганда. Солиқ ва одамлар бўйича планни бажармаган солиқчи ва ҳокимни иккаласини ишдан бўшатавер. Марказда ўтирган одамларни - коммунал тўловларни тўламаганларини – пахтага жўнатвор. Солиқчиларингни ҳам пахтага жўнатвор: пахтани тердириб, пулни ундириб қўйсин.

Мулозим пахта масаласида буйруқ ва режани бажармаётган ҳудуд раҳбарларини ҳам ишдан олиш ҳақида таклиф беради.

У туман ҳокимлари ва кластер раҳбарларини бирма-бир савол-жавоб қилади ва пахта терими суръатларини ошириш учун ҳар бирига алоҳида вазифа юклайди.

Хоразм вилоят ҳокимлигидан селектор тафсилотлари ва пахта йиғим-теримидаги мажбурий меҳнат юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Хоразм вилоят прокуратурасида Озодлик сўровига вазиятни ўрганиб чиқишни ваъда беришди.

- Албатта ўрганамиз. Озодликнинг Телеграм каналида чоп этилдими? Демак, албатта ўрганиб чиқамиз ва расмий муносабат билдирамиз! - деди ўзини Шерзод деб таништирган Хоразм вилоят прокуратураси расмийси.

Айни дамда Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан пахта далаларига яна бюджет ташкилотлари ишчилари “мажбурий-ихтиёрий” равишда жалб этилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

22 сентябр куни Қорақалпоғистон Республикасига сайловолди ташвиқот учун келган президент Шавкат Мирзиёев “пахта даври ортда қолгани"ни айтганди.

2017 йили Президент Мирзиёев Наманган вилоятига сафари пайтида зарар кўриб ишлаётган деҳқонларга пахта ва ғалла экиш ўрнига фойда берадиган экинларни экишни тавсия қилган эди.

XS
SM
MD
LG