Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Ҳоким пахтага мажбурлаш ҳақида Озодликка хабар берган Ëшлар етакчисини қидиришга киришди


20 сентябрь куни Озодликда эълон қилинган “Ëшлар иттифоқи етакчиларига ўз ҳисобидан пахтага одам юбориш буюрилди” мақоласи ортидан Андижон вилояти Қўрғонтепа туман ҳокими 21 сентябрь куни тонгги соат 7 да махсус мажлис ўтказган.

Тумандаги 5-мактаб биносида ўтказилган мажлисда ҳоким ва ўринбосарлардан ташқари туман Халқ таълими бўлими мудири¸ Ëшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ва тумандаги 59 мактабда ëшлар етакчиси бўлиб ишловчи 50 дан ошиқ таълим хизматчиси қатнашган.

Ушбу мажлисда бевосита қатнашган етакчилардан бирининг билдиришича¸ йиғилиш асосан Ëшлар иттифоқи туман кенгаши раҳбари Назарбек Мирзақобуловнинг етакчиларга Telegram орқали юборган топшириғини ким Озодликка сиздиргани масаласи муҳокамасига бағишланган.

Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раисининг тумандаги 59 нафар етакчига юборган топшириғи матни.
Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раисининг тумандаги 59 нафар етакчига юборган топшириғи матни.

Сизлар Мирзақобулов Назарбекга қўнғироқ қилганингиздан сўнг ҳоким ва Ëшлар иттифоки Қўрғонтепа туман кенгаши раиси Н.Мирзақобулов тумандаги ҳамма етакчиларни йиғиб¸ бугун эрталабки 7 да мажлис ўтказди. Мирзақобулов: “Қайси биринг Озодликка мурожаат қилишдинг? Айт киминг? Пахта миллий бойлигимиз шуни билишасанми? Пулни мен ўзим учун сўрадимми? Киминг Озодликка мурожаат қилдинг? дея дағдаға қилди.

Туман ҳокими Авазбек Эргашев : “ Бу етакчиларингни бурни кўтарилиб қолибди шекилли? Осмонга чиқиб кетишдингми?” деб етакчиларга ҳужум қила кетди. Шундан кейин¸ иккаласи ҳам “киминг ëзганингни айтиш¸ бўлмаса ҳаммангни ишдан оламан”¸деб қўрқитишга ўтди”¸ деб хабар қилди бу манба.

Озодликка бир кун аввал Ëшлар иттифоқи туман кенгаши раиси юборган Telegram хабарини юборган қўрғонтепалик етакчи 21 сентябрь кунги мажлиснинг нима билан тугагани ҳақидаги саволга:

«Бир кун вақт берди - Озодликка мурожаат қилган етакчи шу вақт оралиғида, ҳеч кимга сездирмасдан¸ фақат Н.Мирзақобуловнинг ўзига айтишимиз кераклиги ва Озодликка мурожаат қилган етакчи кечирилишини айтди! Яширин тазйиқ ва қўрқитиш бошланди. Бу мажлис ҳақида ҳам ҳеч кимга айтмаслик ҳақида ëздириб олишди”¸ дея жавоб берди.

Қўрғонтепадаги мактаблардан бирида ëшлар етакчиси бўлиб ишлаëтган Озодлик манбаси¸ ўзига нисбатан тазйиқ ва таъқибдан чўчиб¸ исми сир қолишини сўрамоқда.

Айни пайтда у Озодликка ошкор этилмаслик шарти билан¸ ўз телефонига туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раиси Назарбек Мирзақобуловдан 19 сентябрь куни келган Telegram буйруғи ва 21 сентябрь кунги мажлисда ëздириб олинган тилхат суратларини тақдим этди.

21 сентябрь кунги суҳбатда бу етакчи¸ Назарбек Мирзақобулов¸ ҳокимнинг ўзи ўтирган мажлисида¸ ëшлар етакчиларидан ўз ўрнига пул тўлаб мардикор юбориш ëки ҳафтасига 100 минг сўм тўлаш буйруғи айнан ҳокимдан чиққанини билдирганини таъкидлади.

“Президент ва Бош вазирнинг баëнот ва буйруқларига қарши иш тепасида ҳокимнинг ўзи тургани учун¸ булар шунақа типирчилаб қолди. Ўз ноқонуний ҳаракатини яшириш учун булар энди етакчиларни қўрқитишга зўр бераяпти”¸ дейди бу ҳақда Озодликка суратлар билан тасдиқланган маълумот юборган қўрғонтепалик етакчи.

20 сентябрь кунги мақола чоп бўлиши ортидан Озодликка Қашқадарë вилояти Косон туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раиси томонидан бу туман етакчиларига юборилган Telegram хати сурати тақдим этилди.

Косон туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари мактаб етакчиларига юборган топшириқ моҳияти ҳам Қўрғонтепадан берилган буйруққа монанддир.
Косон туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари мактаб етакчиларига юборган топшириқ моҳияти ҳам Қўрғонтепадан берилган буйруққа монанддир.

Бир-биридан олисда жойлашган икки туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбарлари юборган топшириқ мазмун ва оҳангининг уйқашлиги¸ бу жараëн тепасида Ëшлар иттифоқи Марказий кенгаши турибди¸ деган тахминларга асос беради.

Аммо на 20 ва на 21 сентябрь куни Озодлик Ëшлар иттифоқи етакчиларига ўз ўрнига пул тўлаб одам юбориш ëки ишини бўшатиб қўйиш ҳақида берилаëтган буйруқларга иттифоқ Марказий кенгашидан бирор жавоб ëки изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Кенгаш расмийлари¸ бу саволларга фақат Ахборот хизмати раҳбари жавоб беришини билдириб¸ жавоб беришдан ўзларини олиб қочдилар.

Ëшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодировга на иш телефони ва на мобиль рақами орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG