Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:56

Онаси пахтага кетган бола девор тагида қолиб ўлди


Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида 4-синф ўқувчиси устига девор қулаши оқибатида нобуд бўлди. Воқеа тафсилотларидан хабардор тахиатошликларнинг Озодликка айтишича¸ мактаб ўқитувчиси ўрнига пахтага ёлланган боланинг онаси фожиа пайтида далада бўлган. Туман Халқ таълими бўлими раҳбари ўқитувчиларга ўз ўрнига одам ёллаб пахтага юбориш мажбурияти қўйилганини инкор қилишга уринди.

Тахиатош тумани марказидаги Бердақ номли мактабнинг 4-синф ўқувчиси 11 октябрь куни девор тагида қолиб нобуд бўлди.

Фожиа тафсилотларидан хабардор тахиатошлик ўқитувчилардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, боланинг қаровсиз қолгани фожиага сабаб бўлганини тахмин қилади.

“Боланинг отаси Россияга ишлагани кетган. Онаси мактаб ўқитувчиси билан пулга келишиб, унинг ўрнига пахта теримига чиққан. Бола кеча жийда тераман деб уйлари яқинидаги эски бетон деворга осилиб чиқмоқчи бўлган. Лекин, девор қулаб уни босиб қолган. Бола ўша заҳоти жон берган. Онасини пахтадан чақириб келишган”, деди исми сир қолишини сўраган боланинг маҳалладошларидан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ фожиа кундузги соат 12 ларда содир бўлган ва 11 яшар бола мактабнинг иккинчи сменасида ўқиган.

Тахиатошлик ўқитувчи таълим тизими ходимларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Бош вазир топшириқ берганига қарамай¸ ўқитувчиларга ўз ўрнига одам ёллаб пахтага чиқариши мажбурияти қўйилганини фожианинг билвосита сабаби деб билишини яширмайди.

“Тахиатошнинг ҳамма мактабларида ҳозир аҳвол шундай. Ўқитувчилар ўз ўринларига одам ёллаб пахтага юборган. Пулга зориққан одамлар ўқитувчилар ўрнига чиқиб пахта теришаяпти. Буни ҳамма билади. Ўқитувчиларга ҳам¸ ўзининг ўқитувчилигини бекитиб¸ пахтага чиқиш буюрилган”, дейди ўзи ҳам чўнтагидан пул тўлаб¸ ўрнига пахтага одам юборишга мажбур бўлган тахиатошлик ўқитувчи.

Тахиатош туман Халқ таълими бўлими мудири Қувватбой Бекбўлиев Озодлик билан суҳбатда Бердақ номли мактабнинг 4-синф ўқувчиси девор тагида қолиб ўлганини тасдиқлар экан, ўқитувчиларнинг пахта терими учун ўз ўрнига одам ёллаётганини инкор қилди:

- Йўқ, ўқитувчиларга ўз ўринларингга одам чиқаринглар деган талаб қўйилмаган. Қишлоқ жойларда обеддан кейин ўзининг даромади учун битта-яримта чиқаётган ўқитувчи бор. Бу ихтиёрий, ўзларининг чўнтагига пул ишлаш учун чиқаётганлар бор, деди Қувватбой Бекбўлиев.

Ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, пахта сиёсати туфайли оналар ўз фарзандларини кўп ҳолатларда қаровсиз қолдиришга мажбур бўлмоқдалар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00
Бевосита линк

21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ярим тунда видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда 22 сентябрь соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилганлиги ҳақида ҳукумат нашрлари хабар қилган эди.

Бу топшириқ президент Шавкат Мирзиëев Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси мажлисидан қайтиши билан берилди. Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакатда болалар меҳнати¸ мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган¸ аммо ўқувчи-талабалар¸ қолаверса¸ ўқитувчи ва шифокорларнинг айни баëнот қилинган кунда ҳам мажбуран пахта даласида экани халқаро майдонда эътирозга сабаб бўлган эди.

Бош вазирнинг бу топшириғидан сўнг, талабалар¸ ўқитувчи¸ врач ва ҳамширалар бир кун ичида ўз ўқиш ва иш жойларига оммавий равишда қайтарилган эди.

Об-ҳаво совий бошлагандан сўнг пахта терими режасини бажариши савол остида қолган вилоят ва туман ҳокимларининг ўқитувчи ва шифокорларни турли тилхат ва таҳдидлар билан пахтага юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик вакиллари, бюджет ташкилоти ходимлари ва ўқувчи-талабларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари борлигини мунтазам инкор қилиб келади.

Пахта тераётган ўқитувчию шифокорларнинг айтишларича, улардан бегона одам сўраб қолган тақдирда, таътилда ёки дам олиш куни бўлгани учун, оилавий бюджетини тўлдириш мақсадида ўз ихтиёри билан теримга чиққанлигини айтиш уқтирилган, акс ҳолда ишидан ажраш билан пўписа қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG