Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Мажбуран пахтага олиб кетилаётган талаба ўзини автобусдан ташлаб юборди


Самарқанд давлат униерситети талабалари пахтага кетмоқда. 22 октябрь 2017 йил.
Самарқанд давлат униерситети талабалари пахтага кетмоқда. 22 октябрь 2017 йил.

Самарқанд давлат университетининг ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабаси Дилкаш Хуррамов Пастдарғом туманига пахта теримига мажбуран олиб кетилаётган пайтда автобусдан ўзини ташқарига улоқтирган. Бу ҳақда Озодликка хабар берган талабаларнинг айтишларича, Дилкаш Хуррамов бир қанча жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Университет раҳбарияти эса талабанинг жароҳат олганини тасдиқлар экан, у автобусдан тушаётган пайтда, ўзидан кетиб йиқилганини иддао қилади.

Мажбуран пахтага олиб кетилаётган талаба ўзини автобусдан ташлаб юборди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Самарқанд давлат университети ижтимоий-иқтисодиёт факультетининг 301-гуруҳ талабаси Дилкаш Хуррамов, 22 октябрь куни университет талабаларини оммавий равишда Пастдарғом туманига олиб кетилаётган пайтда қаттиқ жароҳат олган.

Воқеа гувоҳи бўлган талабанинг айтишича, Дилкаш Хуррамов тез кетаётган автобусдан сакраган:

“Эрталаб соат еттиларда университетдан Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманига колонна бўлиб жўнадик. Дилкаш минган автобус биздан олдинда кетаётган эди. Самарқанд шаҳридан чиққан эдик. Бирдан колонна тўхтаб қолди.Ҳай-ҳуй, чопа-чоп бошланди. Биз ҳам бориб кўрсак шунақа воқеа содир бўлган экан. Дилкаш билан кетаётган талабаларнинг айтишларича, у тез кетаётган автобуснинг эшигини қайириб очиб, ўзини кўчага ташлабди”, деди талаба.

Самарқанд давлат униерситети талабалари пахтага кетмоқда. 22 октябрь 2017 йил.
Самарқанд давлат униерситети талабалари пахтага кетмоқда. 22 октябрь 2017 йил.

Курсдошларидан бирининг айтишича, Дилкаш Хуррамов соғлиғи ёмонлашгани боис факультет деканидан жавоб сўраган бўлса ҳам, унга пахтадан қолишга рухсат берилмаган:

“Дилкаш соғлиғи йўқ эканлигини куратор ва янги ишга келган деканга айтишига қарамасдан, декан ундан мажбуран тушунтириш хати ёздириб олиб, агар пахтага чиқмаса ўқишдан ҳайдалишини айтган. Дилкаш касал бўлса ҳам мажбур келган”, деди талаба.

Самарқанд давлат унверситетининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси Дилкаш Хуррамов оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини айтди:

“Автобусдан ўзини ташлаганда бир қўли синган, юзлари шилиниб, йиртилиб кетган. Мен олган маълумотга кўра, юзининг беш-олти жойини тикишга тўғри келибди. Ҳозир у касалхонада”, деди ўқитувчи.

Самарқанд давлат унверситети раҳбариятининг ўзини таништирмаган мулозими Дилкаш Хуррамовнинг пахтага кетиш жараёнида, автобусдан йиқилиб тан жароҳати олганини ва касалхонага ётқизилганини тасдиқлади.

Бироқ, мулозимнинг айтишича, колонна Пастдарғомга етиб олганидан сўнг, Дилкаш Хуррамов автобусдан тушаётган пайтда йиқилиб тушган:

“Соғлиғи яхши бўлмаган, автобусдан тушаётган пайтда оёғи сирғалиб кетиб, йиқилиб тушган. Бахтсиз ҳодиса бу. Ҳозир аҳволи яхши, касалхонада даволаняпти”, деди мулозим.

“Соғлиғи ёмон талабани нега пахта теримига чиқарасиз?” деган Озодлик саволини мулозим жавобсиз қолдирди ва алоқани узиб қўйди.

Озодлик университетнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича биринчи проректори Алишер Эштаев билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди.

Лекин проректорнинг котибаси уни пахта теримига кетганини айтди:

“Домла пахтадалар, дарс ҳам бўляптию, пахтага ҳам чиқяптиларда”, деди котиба.

21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ярим тунда видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда 22 сентябрь соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилганлиги ҳақида ҳукумат нашрлари хабар қилган эди.

Бу топшириқ президент Шавкат Мирзиëев Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси мажлисидан қайтиши билан берилди. Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакатда болалар меҳнати¸ мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган¸ аммо ўқувчи-талабалар¸ қолаверса¸ ўқитувчи ва шифокорларнинг айни баëнот қилинган кунда ҳам мажбуран пахта даласида экани халқаро майдонда эътирозга сабаб бўлган эди.

Бош вазирнинг бу топшириғидан сўнг, талабалар¸ ўқитувчи¸ врач ва ҳамширалар бир кун ичида ўз ўқиш ва иш жойларига оммавий равишда қайтарилган эди.

Об-ҳаво совий бошлагандан сўнг пахта терими режасини бажариши савол остида қолган вилоят ва туман ҳокимларининг ўқитувчи ва шифокорларни турли тилхат ва таҳдидлар билан пахтага юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик вакиллари, бюджет ташкилоти ходимлари ва ўқувчи-талабларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари борлигини мунтазам инкор қилиб келади.

Пахта тераётган ўқитувчию шифокорларнинг айтишларича, улардан бегона одам сўраб қолган тақдирда, таътилда ёки дам олиш куни бўлгани учун, оилавий бюджетини тўлдириш мақсадида ўз ихтиёри билан теримга чиққанлигини айтиш уқтирилган, акс ҳолда ишидан ажраш билан пўписа қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG