Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:42

Жиноятни қасддан яширган милиция зобитлари маҳкамага тортилди


Ўзбекистонда бир неча милиция ходими жиноятни атайлаб яширгани учун жавобгарликка тортилди. Нархни асоссиз оширган 600 га яқин дорихона лицензияси бекор қилиниши мумкин. Фарғонада электр корхонаси раҳбари 415 миллион сўмни ўзлаштиргани фош этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Ўзбекистон сенати мамлакат Конституциясига ўзгартиш киритишга оид қонунни муҳокама қилади

Жорий йил 28-29 март кунлари Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади (“XXI аср”, 23 март). Сенат матбуот хизматига кўра, ялпи мажлисда бир қатор қонун ҳужжатлари билан бирга “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилади. Шунингдек, сенаторлар мамлакат Бош прокурори, Ички ишлар вазири, Марказий банк раиси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглайди.

Жиноятни атайлаб яширган милиция ходимлари жавобгарликка тортилди

Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ профилактика инспектори, лейтенант Шерзодбек Мирзаев жиноятни қасддан яширгани фош этилди (“Постда”, 18 март). Шу ҳудудда яшовчи фуқаро А.Исмоилов моллари ўғирлангани хусусида инспектор Ш.Мирзаевга мурожаат қилган. Аммо милиция нозири хизмат ҳудудидаги криминоген вазият кўрсаткичларини ёмонлаштирмаслик мақсадида ўғирлик ҳақида ИИБ навбатчилик қисмига хабар бермаган, ариза ва хабарлар китобига жиноятни қайд этмаган, шошилинч тергов-суриштирув ҳаракатларини олиб бормаган. Маълум қилинишича, жиноятни қасддан яширишда айбланган милиция офицери Ш.Мирзаев айбига тўла иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги боис унга нисбатан амнистия қўлланилди. Ўтган йил давомида жиноятни қасддан яширгани учун ички ишлар органларининг яна бир неча ходими жавобгарликка тортилган, деб хабар беради ИИВ нашри.

Ўзбекистонда 870 та дорихонада қонунбузарликлар аниқланди

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент мамлакатдаги 870 та дорихонада дори-дармон нархини асоссиз ошириш билан боғлиқ қонунбузарликларни аниқлади (“Оила даврасида”, 23 март). Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи Исмат Азизовга кўра, қонунбузарликка йўл қўйган 586 та дорихонанинг лицензияларини бекор қилиш бўйича хўжалик судига даъво аризаси киритилган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 мартидан ижтимоий аҳамиятга эга 343 номдаги дори воситаларини қатъий чекланган нархларда сотиш тартиби кучга кирди. Ушбу тартиб дори-дармонлар нархини асоссиз оширишга қарши қаратилган.

Фарғонада электр корхонаси раҳбари 415 миллион сўмни ўзлаштирди

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани электр корхонаси раҳбари бошчилигидаги жиноий гуруҳ 415 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўмарган (“Ҳуқуқ”, 23 март). Жиноий гуруҳга электр корхонаси раҳбари билан бирга унинг ўринбосари, бош ҳисобчи ва бош муҳандис кирган. Электр корхонасининг исми ошкор этилмаган раҳбарлари уч йил давомида “Uzpaynet” шахобчасига фуқаролардан тўлов сифатида топширилган нақд пулни ўзлаштириб келган. Кирим қилинмасдан ўзлаштирилган квитанциялар сони 6000 га яқин экани маълум қилинган. Электр корхонаси раҳбарлари, шунингдек, улгуржи ва чакана истеъмолчилардан қарзларни ундиришга ҳам лоқайдлик қилган. Хабарга кўра, Тошлоқ тумани электр корхонаси раҳбарларига давлат етказилган 415 миллион сўм маблағни қайтариш мажбурияти юкланиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG