Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:18

OzodDayjest: Artel ширкатига берилган имтиёзларни бекор қилиш таклиф этилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Коммунал тўловлар нархи аҳоли даромадига мутаносиб эмаслиги танқид қилинди. Artel ширкатига давлат томонидан берилган имтиёзлар ўзини оқламаётгани таъкидланди. Фарғонада икки нафар милиция зобити пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ошиб бораётган коммунал тўловлар аҳоли умумий даромадига мутаносиб эмас

Ўзбекистонда коммунал хизматлар нархлари йилида камида икки марта, баъзан эса уч марта оширилмоқда (“Оила даврасида”, 2 май). Аммо мутасадди идоралар нарх нима сабабдан ошаётгани, белгиланган тариф қандай келиб чиққанини очиқ-ойдин кўрсатиб, асослаб бермайди. Газета ўтказган тажрибага кўра, кичик рўзғор – уч ёш фарзанди билан уч хонали уйда яшовчи оила коммунал хизматлар учун бир ойда ўртача 350 минг сўм сарфлайди. Бу амалдаги энг кам иш ҳақига нисбатан (202 минг сўм) 172 фоизга кўпдир! “Ҳа, рақамлар таҳлилга муҳтож эмас. Коммунал тўловларнинг умумий миқдорини даромадимизга мутаносиб деб бўлмайди. Ахир, коммунал тўловлардан ташқари бу оила яшаш ҳам керак эмасми?!” деб ёзади газета.

Имтиёзлардан фойдаланаётган Artel маҳсулотлари нархи қиммат экани савол остига олинди

Artel бренди остида маиший техника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан берилган имтиёзлар ўзини оқламаяпти (www.ishonch.uz, 26 апрель). Ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ҳамидовга кўра, ушбу корхоналар Хитой ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган маиший техника воситаларининг бутловчи қисмларини импорт қилиб, Ўзбекистонда уларни йиғиб, ички бозорда тайёр маҳсулот сифатида сотиш билан шуғулланади. Аммо ички бозорда Artel маҳсулотларининг нархи Хитойдан келтирилган худди шу турдаги маҳсулотлар нархидан қимматроқ. Қолаверса, Artel маҳсулотлари Қозоғистонда Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан камида 30-40 фоиз арзон сотилаётир. Ҳолбуки, мазкур монополист ширкат 2022 йилга қадар маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материаллар ва бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловлари, шунингдек, фойда ва мулк солиқлари ҳамда йўл фондига ажратмалар тўлашдан озод этилган. Таъкидланишича, давлат томонидан берилган имтиёзлар кутилган натижани бермаяпти. Имтиёзларнинг бекор қилиниши эса Ўзбекистон ички бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради.

Эслатиб ўтамиз, Artel брендига Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан асос солинган. Пойтахт раҳбари ширкат бошқарувидан кетгани, аммо унга ҳиссадор эканини айтган.

Пора билан ушланган икки нафар милиция зобитига ҳукм ўқилди

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси ҳамда ҳудуд профилактика инспектори пора билан ушланди (“Даракчи”, 2 май). Исми ошкор этилмаган суриштирувчига машина ўғрилиги жиноятини ўрганиш топширилган. У эса ўғриликда гумонланаётган шахсдан жиноий иш очмаслик эвазига 500 доллар пора талаб қилган. Ушбу ҳолат юзасидан прокуратура ҳузуридаги департамент рейд ўтказган ҳамда дастлаб участка нозири, сўнг тергов бўлими суриштирувчиси кўрсатилган миқдордаги порани олаётганда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди раиси Ниёзбек Пайғамовга кўра, тергов бўлими суриштирувчиси 6 йилга, участка нозири эса 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG