Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Президент мактаби: Фарғоналик ота-оналар кириш имтиҳонлари натижасини бекор қилишга чақирмоқда


 Президент мактабларига 2019 йилда асос солинган.
Президент мактабларига 2019 йилда асос солинган.

Фарғона шаҳридаги Президент мактабига топширган ўқувчиларнинг ота-оналари 22 август куни ўтган қабул имтиҳонлари натижалари бекор қилинишини талаб қилишмоқда.

Ота-оналарнинг иддао қилишича, икки кун давом этган тест синовларида ўқувчиларга ёшларига мос бўлмаган тоифадаги тест саволлари берилган. Улар синов жараёнида кўзбўямачиликлар бўлганини айтишмоқда.

Маҳаллий блогерлар имтиҳоннинг иккинчи кунида ўқувчиларга жавоблари олдиндан белгиланган саволлар китоби берилгани ҳақида ёзди.

Президент таълим муассасалари агентлиги масъули ушбу ҳолат бўйича суриштирув олиб борилаётганини маълум қилди.

21-22 август кунлари бутун мамлакат бўйлаб Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг 2-босқичи ўтказилиб, ўқувчилар инглиз тили ва мантиқий фикрлаш фанларидан имтиҳон топширишди.

Фарғоналик ота-оналар вилоятда ўтган Президент мактабига кириш имтиҳонлари пайти кўзмўямачиликлар бўлганига норозилик билдирмоқда.

“Ўғлим учун Фарғонадаги Президент мактабининг 6-синфида ўқиш учун ҳужжат топширганмиз. 21 август куни Фарғона давлат университети стадионида 2-босқич имтиҳонлари ўтди. Ўғлим имтиҳондан жуда хафа бўлиб чиқди. Сабабини сўрасам, инглиз тилидан жуда қийин саволлар тушганини айтди. Кейин шу ердаги ота-оналар билан гаплашсам, улар ҳам шу гапни айтишди. Кейин билсак, болаларга нотўғри тест беришган. Кичкина синфларга катта синфларга мўлжалланган тестни бериб, катта синфларга кичкина болаларнинг тестини беришган. Буни атайлабдан қилишган. Чунки пул берганларнинг болаларини имтиҳондан ўтказиш керак-ку!”,-дейди исми очиқланмаслигини сўраган фарғоналик йигит 23 август куни Озодлик билан суҳбатда.

Қоидага кўра, Президент мактабларида инглиз тили бўйича имтиҳондаги саволлар даражаси уч тоифага ажратилган:

  • 5-6-синфларга A даражали;
  • 7-8-синфларга B даражали;
  • 9-10-синфларга C даражали;

Фарғоналик ўқитувчи ва блогер Исроил Тиллабоев Facebook саҳифасида ёзишича, 21 август куни Фарғона давлат университети стадионидаги қабул имтиҳонларида 1-сменада 5-6-синфлар ва 2-сменада 9-10-синфларга бир хил - B тоифадаги тестлар тарқатилган.

5-6-синфлар ўзидан катта синфлар учун мўлжалланган тестни ечишга мажбур бўлишган.

9-10-синфлар эса ўзидан кичик синфлар учун мўлжалланган тестларни ечишган.

Шунингдек, Тиллабоевга кўра, Фарғонадаги имтиҳоннинг иккинчи кунида ўқувчиларга жавоблари олдиндан белгиланган саволлар китоби берилган.

“22 август куни 7-8-синфларга топширувчи ўқувчиларга ундан ҳам расво ишлар қилишди: аввал қоидага кўра инглиз тилидан тест бериш керак эди, булар кутилмаганда режани ўзгартиришди, биринчи мантиқий, танқидий масалаларни беришди, у тугагач 20 дақиқа танаффус берилиши белгиланган эди, негадир танаффус, бугунги иссиқда 45 дақиқага чўзилади, болалар иссиқда қолиб кетади ва уларга стадионга кириб келган Кобалт машинасидан инглиз тилидан тест беришади. Биласизми, қандай тест, кеча иккинчи сменада берилган худди ўша B тоифа тестлар берилади. Энг шармандали ҳолат шуки, болалар тест саволномани очишса, жавоблар қаламда белгиланган ва ўчирилиб-ўчирилмаган жавобларни кўради”, дея ёзди блогер Исроил Тиллабоев.

Фарғонадаги ҳолатдан сўнг кўпчилик имтиҳон натижаларини бекор қилиш талаблари билан чиқди.

Жумладан, фарғоналик журналист ва блогер Шарифа Мурод ҳам мутасаддилар олдига шу саволни қўйди.

"Барча вилоятлардаги 2-босқич имтиҳонлари натижаларини бекор қилиш керак ва ишончли бўлиши учун қайта имтиҳон ташкил қилиш керак ҳамда муҳрланган имтиҳон ва титул варақаларини ота-оналар иштирокида очиб тарқатиш лозим", дея ёзди Фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Президент таълим муассасалари агентлигининг 23 август куни туш пайти Озодлик боғланган масъули Фарғонадаги имтиҳон пайти содир бўлган воқеадан хабардорлигини айтиб, бу борада кун якунида расмий баёнот эълон қилинишини айтди.

Kun.uz нашри Сирдарё вилоятида ҳам Президент мактабига қабул имтиҳонининг 2-босқичида Фарғонадаги каби ҳолат юз бергани ҳақида ёзди.

Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг 1-босқичи 26-28 июль кунлари ўтказилиб, унда 105мингдан зиёд ўқувчи математика фанидан тест топширган.

Президент таълим муассасалари агентлиги масъулига кўра, Президент мактабларига имтиҳон жараёнларини ташкил қилишда Cambridge Assessment International Education ташкилоти билан ҳамкорлик қилинаётганини айтди.

1-босқич натижалари 7 август куни Cambridge Assessment International Education ташкилоти вебсайтига жойлаштирилган ва 32112 нафар бола 2-бочқичга ўтган.

Президент мактаблари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги махсус қарорига кўра ташкил этилган.

Ушбу мактабларда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантириш режалангани айтилди.

2019 йилда Тошкент шаҳрида илк мактаби ташкил этилди. Кейинчалик Наманган, Нукус ва Хивада ҳам Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

2021 йилда мамлакатнинг барча ҳудудида миллионлаб сўм сарфланиб, Президент мактаблари учун махсус бинолар қурилиб, ишга туширилди.

Ўтган ой Мирзиёев Президент мактаблари битирувчиларига алоҳида имтиёз берди - эндиликда ушбу мактабларни битирган ёшлар тест синовларисиз ва имтиҳонларсиз давлат олийгоҳларига қўшимча грант асосида ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, ушбу мактабларни битириб, Ўзбекистондаги хорижий ёки нодавлат олийгоҳларига ўқишга кирганларга эса тўлов-контракт суммасини қоплаш учун субсидия тўланади.

Ушбу хабардан сўнг фарзандларини Президент мактабларида ўқитишни истовчи ота-оналар сони кескин кўпайди.

Тармоқларда бу жараёнга коррупция аралашаётгани айтилиб, танқид қилинди.

Вазиятдан хабардор блогерлардан бирининг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, Президент мактабларига боласини жойлаштириш учун ота-оналарнинг "5 минг доллардан 10 минг долларгача пора бериш ҳолатлари" ҳам бўлмоқда:

“Президент мактабларига қабул бошланган пайти кўплаб ота-оналардан бизга мурожаатлар бўлди. Улар мактабга боласини жойлаштириш учун пора талаб қилишганини айтишди. Пора миқдори вилоятига қараб, ҳар-хил. Масалан, Тошкентда энг қиммати, Нукусда эса арзонроқ”.

Расмий маълумотга кўра, Президент мактаблари сони ҳозирда 14та бўлиб, 2021-2022 ўқув йилида Президент мактабларига 1632 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Ушбу мактабларга умумтаълим муассасаларининг 4-синфини битирган ўқувчилар қабул қилинади.

Президент мактаблари интернат сифатида фаолият кўрсатади яъни, ўқувчилар 5 кун давомида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб, ўқишади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин.

Президент мактаби ўқувчилари бепул мактаб формаси ва овқат билан таъминланади.

Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM - таълим“ дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Айни пайтда Президент таълим муассасалари агентлиги масъули Фарғонадаги вазият бўйича мутасаддилар иштирокида YouTube тармоғида онлайн учрашув ташкил қилинганини хабар қилди.

Учрашувда Фарғонадаги вазият бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилади. ​

XS
SM
MD
LG