Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:19

Каримов даврида хусусийлаштирилган мулкларни тортиб олиш бошланди


Тадбиркорлар Мирзиëев Каримов даври приватизациясини зимдан бекор қилаëтганидан хавотирга тушмоқда.
Тадбиркорлар Мирзиëев Каримов даври приватизациясини зимдан бекор қилаëтганидан хавотирга тушмоқда.

Жорий йил январидан бошлаб турли инстанциядаги Ўзбекистон судларининг кейинги 25 йил давомида давлат тасарруфидан чиқарилиб¸ фуқароларга хусусий мулк сифатида сотилган объектларни қайтадан давлат ихтиëрига қайтариш ҳақида қарор чиқариши кўпайиб бормоқда. Озодликка хусусий тадбиркорлардан келаëтган мурожаатларда “президент қарор ва оғзаки топшириқлари” билан оқланаëтган бундай суд қарорларининг Ўзбекистон конституцияси ва қатор қонунлар билан кафолатланган хусусий мулк дахлсизлигига зид экани айтилади.

Бундай адолатсизлик устидан Олий судгача шикоят қилиб¸ натижа топмаган тадбиркорлар конституция ва қонунларни ким – президент Мирзиëев бузaяптими ëки унинг қарор ва топшириқлари баҳонасида ўз ҳудудидаги объектларни бошқа шахсларга пуллашни бошлаган маҳаллий ҳокимлар ва улар буйруғини бажарувчи судьялар бузаяптими¸ деган савол жавоби очиқ қолаëтганини айтди.

Озодлик Ўзбекистондаги бир қатор йирик мулкдорлар¸ Адлия тизими ва хусусийлаштириш жараëни мутахассислари билан суҳбатлар асносида бу саволга жавоб топишга уринди.

Ўзбекистонда Каримов даврида амалга оширилган хусусийлаштириш – приватизация жараëнининг ими-жимида бекор қилинаëтгани иддаосини Озодликка тошкентлик йирик тадбиркор билдирди.

“Дода кетса” яхши бўлади, деб ўйлаган тадбиркорнинг “дода тегинмаган” хусусий мулки тортиб олинмоқда

Шахси сир қолишини сўраган бу тадбиркор¸ хусусийлаштириш жараëнида¸ ўша пайтдаги тартиб асосида¸ пойтахтдаги қатор йирик объектларни сотиб олган¸ бироқ уларга катта сармоя ëтқизиб¸ ишга туширишни¸ мамлакатдаги бизнес иқлими ўзгарувчан деган хавотир боис¸ пайсалга солиб келган.

Тўғри¸ давлатдан сотиб олган объектларни ишлатиш учун пул сарфламадим. Нимага – чунки инвестициям ҳимояланмаган эди. Бугун уни ишга тушириб¸ даромад келтирадиган қилишим билан¸ қароқчилар қора маскалиларини юбориб¸ тортиб олмаслигига кафолат йўқ эдику! Кредит берадиган банки бўлмаса¸ бизнесим назоратчи-қароқчилардан ҳимояланмаган бўлса¸ аҳмоқ бўлиб инвестиция ëтқизаманми? Дода кетиб¸ яхши кунлар келса¸ ишлатарман¸ деб қўювдим. Ҳокимлик энди бу объектларни “ишлатилмади” деб хатлаб¸ давлат тасарруфига қайтаришни сўраб¸ судга аризачи бўлипти”¸ дейди бу тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра¸ энг қуйи инстанция район суди атиги бир неча соат ичида Ўзбекистон конституцияси¸ қолаверса¸ кўплаб қонунлар¸ жумладан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги 2012 йилги қонунга зид қарор чиқарган-қўйган.

“Ҳозир судлар ҳокимликлар томонидан ишлатилмаган объектлар рўйхатига киритилган хусусий мулкни давлатга қайтариш ҳақида пачкалаб қарор чиқараяпти. Бизнинг ишимизни эрталаб бошлаб¸ обеддан кейин қарор чиқариб¸ ëпти-қўйди. Нима эмиш¸ президентнинг махфий қарори бор эмиш. Ҳоким ва судлар очиқланган қарорлар эмас¸ ана шу махфий буйруққа бўйсунармиш. Одам тушунмай қолди – президент чиндан ҳам шунақа иккиюзлама ўйин қилаяптими¸ ëки ҳоким ва судлар “президент айтди”¸ деган баҳонада приватизацияни бекор қилиб¸ одамларнинг хусусий мулкини ўзи ва яқинларига олиб бераяптими”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тошкентлик йирик тадбиркор.

Бу тадбиркор иддаосича¸ Ўзбекистон судлари¸ айниқса вилоят судларига¸ 1 сентябрга қадар ҳокимлик тузган рўйхатга тушган хусусий мулк объектларини давлат тасарруфига қайтариб¸ уларни “инвестиция ëтқизиб¸ иш ўринлари яратаман” деганларга имтиëз билан бепулга бериш жараëнини якунлаш ҳақида топшириқ берилган.(Ҳозирча Озодлик ихтиëрида бундай расмий топшириқ мавжудлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас - таҳр.)

Бу дегани¸ ҳоким ва улар яқинлари 1- приватизацияни бекор қилиб¸ Ўзбекистонда ўзлари учун 2- приватизацияни амалга оширишмоқда. Янги ҳукумат келди¸ янги пулдорлар келди¸ янги мулкдорлар тепага чиқди. Улар эски приватизацияни тан олмоқчи эмас¸ приватизация нотўғри бўлди¸ деб собиқ давлат мулкини перераздел қилишга¸ қайтадан бўлашишга киришишди. Бир қўлдан иккинчи қўлга қақшатиб ўтказиш бошланди”¸ дейди бу тадбиркор.

Бухорода айни жараëн

Озодликка ойлардан бери турли мактуб ва шикоят билан мурожаат қилаëтган ўнлаб тадбиркор Бухоро вилоятида ҳам хусусий мулк дахлсизлиги оëқ ости қилинаëтганини айтиб¸ бу жараëн тепасида вилоят ҳокими Ўктам Барноев турганини иддао қилмоқда.

Ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович 2017 йил март ойидаги Бухоро вилоятига ташриф чоғида “Зарафшон” меҳмонхонасини бўш ва таъмирланмасдан ётган қисмини таъмирлаш ва ишлатиш чорасини кўришни топширган бўлса-да, айрим маҳаллий раҳбарлар “Зарафшон” меҳмонхонаси билан қўшиб унинг атрофида жойлашган замонавий таъмирланган ва тўла қувватда ишлаб турган¸ 80 га яқин ишчи ўрни мавжуд булган хусусий мулкимизни тортиб олишмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро Бухоро судининг 2017 йил 13 апрель кунги мажлисида судья А. Бобомуродов ҳал қилувчи қарори билан, Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Зарафшон” меҳмонхонасини хусусийлаштириш билан боғлиқ 1995 йил 13 январь кунидаги 6-сонли буйруғи, 1995 йил 24 февраль кунидаги 33-сонли буйруғи хато чиқарилган¸ деб мен ва бошқаларнинг кадастр гувоҳномаларини “ҳақиқий эмас” деб топди”¸ дейилади тадбиркор Рашид Абдуллаевнинг Озодликка юборилган мактубида. (Мактуб президент Шавкат Мирзиëевга ëзилган¸ нусхаси Озодликка жўнатилган – таҳр.)

“Зарафшон” меҳмонхонаси мулкдорларидан бири Владимир Чженнинг Facebookдаги “Халқ билан мулоқот” саҳифасида ëзишича¸ Бухоро туманлараро фуқаролик судининг қарори устидан юқори инстанция суди¸ Бош прокуратура ва президент порталига қилинган шикоятлар умуман натижа бермаган.

“Зарафшон” меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги объектлар мулкдорларидан бирининг Озодликка айтишича¸ тадбиркорлар президентнинг 23 февраль ва 18 апрель кунги қарорларидан келиб чиқиб¸ бу объектни ишга туширишга ҳозирликлари ва шу мақсадда кредит олишда ëрдам беришни сўраб вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган.

Аммо ҳоким бизга ëрдам бериш ўрнига¸ хусусий мулкимизни тортиб олиб¸ уни бошқаларга беришга қарор қилди. Судлар қўғирчоқ. Асл ният¸ президентни рўкач қилиб¸ ишламай турган эмас¸ яхшигина ишлаб турган объектларни ўз одамларига олиб беришдир”¸ дейди бу тадбиркор.

Озодлик билан суҳбатда Бухоро вилояти ҳокимлиги расмийси¸ бу жараëнларнинг президент қарор ва топшириқлари асосида амалга оширилаëтганини таъкидлади ва ҳоким шаънига билдирилаëтган айбловларни рад қилишга уринди.

Адвокат: Хусусий мулкни мусодара қилиш учун тирноқ тагидан кир қидирилмоқда!

Ўзбекистон қонунчилиги¸ ҳатто Мирзиëев қабул қилган қарор ва қонунчиликка ўзгартишлар хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаб¸ хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни тақиқлаб турган бир пайтда судлар қайси ҳуқуқий асосда бу қонунларга тескари қарорлар чиқармоқда?

Озодлик бу саволни айни кунларда учта мулкдор ҳуқуқини судда ҳимоя қилаëтган тошкентлик адвокатлардан бирига берди.

Булар процедурний хато топаяпти. Камчилик қидирсангиз¸ ҳамманинг ҳужжатларидан хато топасиз. Ўтган 25 йил давомида приватизация билан боғлиқ қонунчиликка қанча ўзгартиш киритилди¸ қонун ости актлар ўзгариб кетди¸ мулк хусусийлигини¸ унинг тегишли тарзда расмийлаштирилгани исботловчи ҳужжатлар рўйхати ўзгариб кетди. Бу биринчиси. Иккинчиси¸ бизнинг мулкдорларимиз¸ тадбиркорларимиз қонунчиликни билишмайди¸ бу ўзгартишлардан хабарсиз юраверган. Хуллас¸тортиб оламан¸ деса¸ топаяпти процедурний камчилик. Ҳозирча фақат битта ишда¸ хусусий мулкдор давлатдан сотиб олган объектни фалон муддат ичида ишга тушираман деб¸ бунга маблағи борлигини исбот қилганидан кейин¸ суд мулкни эгасида қолдирди. Қолган иккитаси ҳали давом этаяпти. Керак бўлса¸ Олий судгача борамиз¸ деб турибмиз"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган адвокат.

13 июнь – президент Мирзиëев приватизация натижаларини қайта кўриб чиқишни тақиқловчи қонунни имзолади

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келишидан кўп ўтмай¸ мамлакатда хусусийлаштирилган давлат объектларининг ишламай ëтганига эътибор қарата бошлади. Ўз баëнотларида президент урғуни хусусийлаштирилганидан бери ишламай ëтган объектларни тортиб олиш эмас¸ балки уларни ишлатишга ëрдам кўрсатиш масаласига қўйди.

Бу жараëннинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида президент 23 февраль куни «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2796-сонли қарорга¸ 18 апрель куни эса¸ «Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2895-сонли қарорга имзо чекди.

2895-сонли қарор муқаддимасида айтилишича¸ Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг «мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича тизимли ишлар доирасида 30 мингдан ортиқ давлат объекти, шу жумладан, 6,5 мингта йирик ва ўрта корхона хусусий мулк қилиб сотилган ва натижада бугунга келиб нодавлат секторига ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизидан кўпроғи, саноат ишлаб чиқаришининг 94 фоизи ва барча банд аҳолининг 82 фоизидан зиёди тўғри келмоқда».

2017 йилнинг 13 июнь куни Мирзиëев «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш¸ шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.

Бу қонуннинг 34-моддаси билан 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ЎРҚ–336-сонли Қонуни 24-моддасининг учинчи қисми қуйидаги шаклда таҳрир қилинди:

«Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади».

Давлат тизимларининг хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиши тақиқланади¸ деган янги қонун бандига¸ шахсан Шавкат Мирзиëев имзо чекди ва бу ўзгартиш 14 июндан кучга кирди.

11 август – Мирзиëев "приватизация натижаларига тегиниб бўлмайди" деганларни «ахмоқ»қа чиқарди

Айни пайтда¸ президентнинг ëпиқ эшиклар ортида ўтказаëтган йиғилишларда¸ ҳокимлик ва назорат органлари¸ хусусан прокуратурага хусусийлаштирилганидан бери ишга туширилмаган объектларни хусусий эгаларидан тортиб олиб¸ уларни янги мулкдорга бериш вазифасини топшираëтгани ва бу топшириғи ижросини шахсан ўзи кузатиб бораëтгани айтилади.

Шавкат Мирзиëевнинг 11 август кунги йиғилишда айтган мана бу гаплари¸ президентнинг нафақат хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бошлагани¸ балки давлатга қайта тортиб олинган бу объектлар асосида янги бизнес-режалар туза бошлаганини кўрсатади:

- Тошкент вилоятида ишламаган 570 та корхонадан 50-60 фоизи Тошкентда ўтирган ғўдайганларники! Тошкентда ўтирган катта-катта ташкилотларда ë олдин раҳбар бўлган¸ прокурор бўлган¸ ҳоким бўлган ë вазир бўлган¸ зампремъер бўлган¸ премъер бўлган¸ бало бўлган¸ баттар бўлган. Бекорчи¸ оддий одам йўқ. Агар оддий одам бўлганида у ëки ташлаб кетарди қўрққанидан¸ ëки бир нарса қиларди адолатли бўлиб. Нима учун ташламаяпти?Орқасида одами бор. Тўхтаб тур ҳали сотамиз буни¸ деяпти. Тўхтаб тур¸ ҳали вақт келади¸ давлатга шундай сотамизки¸ халқни жувонмарг қиламиз¸ дейди. Ўтирипти. Энди шуни ман билиб туриб бир нарса қилмасам.. Шунинг учун Бош прокурорнинг 1-ўринбосарини комиссия раиси қилдим приватизация деган комитетнинг. У айбдор эмас¸ ундан олдинги ноинсофлар қўл қўйган¸ керак одамни олади. Абдулла Нигматович қарор чиқаради¸ умуман Абдулла Нигматович бош бўлиб¸ Бош вазиримиз¸ шу ташкилотларни бир ойнинг ичида суягини суякка¸ лаҳмини лаҳмга¸ оқини оққа¸ қорасини қорага ажратсак¸ биласизларми нима бўлади?

Олдингилар нима деган – это приватизированний (кучли истеҳзо оҳангида – таҳр) ...Хусусийлаштирилган¸ тегиниб бўлмайди. Ким айтган тегиниш мумкин эмас деб? Қарорда ëзиб қўйилган – хусусийлаштиришни қайтариш мумкин эмас¸ деб. Ким ëзган уни? Кечирасизлару¸ уни ўша пайтлардаги ахмоқ одамлар ëзган!(Бу қарорлар президент Ислом Каримов 2012 йил имзолаган қонунга асосланган – таҳр.)

Адолат нуқтаи-назаридан биз приватизация қилишдан олдин мулкдорлар синфини¸ бойларни пайдо қилдиришимиз керак эди. Улар йўқ эдику! Кечирасизларку¸ Тошкент вилоятидаги 500 танинг (хусусийлаштирилган давлат объектлари назарда тутилмоқда – таҳр.) орқасида 20 та одам турибди. Бошқа одам йўқ.Оддий одам йўқ. 20 та одам турипти¸ ëки 50 одам турипти. Оддий одам сотиб ололмаган уни. Нимага уни хўп¸ бир йил индамадик¸ икки йил индамадик¸ уч йил индамадик¸ тўрт йил индамадик¸ ҳей мусурмон¸ сал олувдинг шуни¸ мани маҳалламда одамлар беиш юрипти¸ шу ерда ишлатгин¸ деган одам йўқ бизда!

Ман бугун жуда катта ваколат билан айтаман - кеча қарор чиқти ва айтаман ўша қарор бўйича фойдаланилмаëтган йирик объектлар негизида 18 та кичик саноат зонаси ташкил этишни режалаштириш топшириқ бердим бугун” (Президентнинг 11 август кунги баëнотидан иқтибос тугади – таҳр.)

Мутахассислар: Жаноб президент¸ приватизация натижаларига тегиниш яхшиликка олиб бормайди!

Остонадаги Евроосиë иқтисодий университети доценти Сапарбой Жубаев¸ приватизация натижаларини ëпиқ суд залларида қайта кўриб чиқиб¸ уларни бекор қилиш оқибатлари “вой” эканини айтади:

- Саводли инвестор давлат эмас¸ хусусий мулкдор билан ишлайди. Хусусийлаштириш мамлакат инвестицион иқлимини белгиловчи асосий омиллардан бири. Шунинг учун Ўзбекистон приватизацияни бекор қилиш эмас¸ уни охирига етказиш керак. Бугун давлат хусусий мулкни ҳар хил баҳона топиб тортиб олиш эмас¸ аксинча¸ легализация қилиши керак. Кимдир қайсидир мулкка¸ ҳужжатлари жойида бўлмаган ҳолда эгалик қилиб келган бўлса¸ давлат шу одамнинг ҳужжатларини тўғирлашга ëрдам бериб¸ бу жараëнни тугатиш керак¸ аксинча эмас.

Постсовет ҳудудидаги приватизация¸ албатта¸ жиддий камчиликлар билан бўлди. Лекин унга қайтиш ва бекор қилишнинг оқибати вой. Бу ишни Беларусда Лукашенко қилди – Шушкевич қилган приватизацияни биратўла бекор қилди. Натижани кўриб турибмиз¸ Беларусда давлат бошқарувидаги социалистик иқтисод. Қирғизистон¸ Украинада ҳар революциядан кейин келган ҳокимият олдинги приватизацияни қайта кўриб чиқишни бошлайди. Натижа – бардак¸ дейди бу иқтисодий таҳлилчи.

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев приватизация натижаларининг ими-жимида бекор этилаëтганига муносабат билдиради.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:00 0:00
Бевосита линк

Озодлик Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилигида белгиланган хусусий мулк дахлсизлигига оид кафолатлар бекор қилинмай туриб¸ янги президентнинг оғзаки топшириғи ва қарорлари асосида Каримов даври приватизациясининг амалда бекор этила бошлагани оқибатларини изоҳлашни сўраб ўзбекистонлик иқтисодчилардан бирига мурожаат қилди.

Исми сир қолишини сўраган иқтисодий таҳлилчи¸ Мирзиëевнинг 11 август кунги гапларида жон борлиги¸ кейинги 25 йил давомида давлат мулкини сув-текинга хусусийлаштирганларнинг Каримов даври элитаси ва уларга алоқадорлар эканини эътироф этмаслик мумкин эмаслигини айтди.

Шунга қарамай¸ бу мутахассис¸ приватизация натижаларини бекор қилиш оқибатлари мамлакат ва Мирзиëевнинг узоқ муддатлик режалари учун уларни тан олишдан кўра қимматроққа тушишини таъкидлади.

“Ҳар келган президент ўзидан олдингиси даврида ўтказилган хусусийлаштириш жараëнини бекор қилаверса¸ мамлакат иқтисодининг муҳим объектлари тинимсиз қўл алмашаверса¸ пул ва сармоя яхши кўрадиган барқарорлик ва узвийлик тамойили йўққа чиқади. Битта шахснинг қош-қовоғига қараб ўзгарадиган муҳитни сармоя ëқтирмайди¸ на ички¸ на ташқи сармоядор бунақа жойга риск қилиб пул ташламайди¸ аксинча¸ борини¸ олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Шунинг учун Мирзиëев¸ хусусий мулк дахлсизлигига шахсан ўзи (алмашиб турадиган президентлар эмас – таҳр.) эмас¸ ким келишидан қатъий назар¸ давлат ва унинг қонунлари кафил эканини амалда кўрсатиши лозим”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

Озодлик билан ëзишмага бу суҳбатдош¸ иқтисодий тармоқдан олинган мана бу фикрларни илова қилди.

“Мулк хусусий. Давлатдан сотиб олинган. Эгаси ундан самарали фойдаланмаса, фойдалана оладиган бошқа қайсидир тадбиркорга сотади, бу...

- Оддий арифметика. Эркин бозор.

Мулкдан фойдаланмаса, давлат текинга қайтариб олса ва фойдалана оладиган бошқа қайсидир тадбиркорга (қайта) сотса, бу...

- Оддий афермитика. Эркин мозор”.

Ўзбекистонда¸ 25 йиллик кутишдан сўнг¸ эркин бозор иқтисодига ўтамизми¸ ëки мамлакат эркин мозорга қараб кетади¸ бу Мирзиëевнинг хусусийлаштириш натижаларига муносабатига боғлиқдир”¸ дейди иқтисодий таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG