Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев прокуратура тизими ва Молия вазирлиги ходимларини танқид қилгани ортидан айни идораларнинг турли бўғинларида илгаридан ишлаб келган катта стажли ходимларни ишдан бўшатиш, бўшатилмаганларни эса, изза қилиш сиëсати кетаётганидан шикоятлар келмоқда.
Ўзбекистон Молия вазирлигининг яқинда ишдан бўшатилган ходими ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иш стажи катта ходими Озодлик билан 19 январь кунги суҳбатда ўзларига нисбатан "олақараш" бўлаëтганлигини айтиб беришди. Шикоятчилар исмлари сир сақланишини илтимос қилди.
Ўтган йил июлида президент фармони билан Бош прокуратура ҳузурида ташкил қилинган Мажбурий ижро бюросига прокуратуранинг суд ижроси департаментидан (ҳозир тугатилган - таҳр.) ишга келган мулозимнинг айтишича, “МИБ раҳбарияти қилдан қийиқ ахтариб илгаридан прокуратура тизимида ишлаб келган тажрибали кадрларни ишдан бўшатиш” сиëсатини олиб бормоқда:
- Мен Суд ижро департаментида узоқ муддат ишлаб тажриба орттирганман, ишимни яхши биламан. Аммо раҳбарият менга қараб "сен давлатимиз раҳбари айтган каламушсан¸ ўғрисан муттаҳамсан¸ аризангни ëзиб ишдан кет", демоқда. МИБ раҳбари биз эски кадрларга ўғри ва муттаҳамларга қарагандек муносабат қиляпти. Коллегия мажлислари ва йиғилишларда бизни турғазиб қўйиб "сизлар Рашиджон Қодиров (Собиқ Ўзбекистон Бош прокурори) даврида одамларни қақшатган ўғриларсизлар", деб аташди. Чидаб бўлмайдиган даражада бизни изза қилишмоқда, деди прокуратура тизимида кўп йиллик стажига эга МИБ ходими.
Прокуратура "ëмон"лардангина воз кечмоқда
Озодлик бу шикоят юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Озодлик мухбири билан гаплашган кадрлар бўлими ходими “Ëмон хулқи ва тамагирлиги аниқланган эски кадрлардан воз кечиш” бўйича ишлар олиб борилаëтганини билдирди.
- Лекин бу дегани, ҳаммани бўшатамиз, дегани эмас. Ҳақиқатан ҳам нолойиқ шахсларга интизомий чоралар кўряпмиз. Озодликка шикоят қилган МИБ ходими ростдан ҳам тажрибали муутахассис бўлса¸ унинг масаласини ижобий ҳал қилиб берамиз¸ деди Ўзбекистон Бош прокуратураси кадрлар бўлими ходими.
Президент ғазабига учраган идора
Ўзбекистон прокуратураси тизимидаги ходимларнинг “саксон фоизи ўғри”, деган эди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ўтган йилги видеоселектор мажлисида.
Прокуратура ходимлари билан 2017 йилнинг 7 январь кунги учрашувида Шавкат Мирзиëев "Прокуратура фақат жазолайдиган репрессия органи бўлиб қолмаслиги” керак дея билдирган эди.
Бу ташаббус прокуратура ходимлари устидан виртуал қабулхонага 311 минг ариза келиб тушгани ортидан янграган эди.
Президент нутқида айтилишича¸ сўнгги 2 йил ичида прокуратуранинг 7 ходими жиноий жавобгарликка 643 ходим интизомий жазога тортилган ва 441 ходим ишдан ҳайдалган.
“Касал” ва “Каламушлар ини” дея тамғаланган молия вазирлигидан эски кадрлар сиқиб чиқарилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги танқиддан кейин Молия вазирлиги тизимида ишдан олишлар бошланди.
Айни вазирликдаги ишидан бўшаган ходимнинг 19 январь куни Озодликка айтишича¸ собиқ Молия вазирига яқин деб билинган барча мулозимлар ишдан бўшатилган:
- Улар орасида молия тизимини яхши билган малака ва тажриба эгаси бўлган мутахассилар бор. Афсус¸ жуда кўпчилик ишдан кетди, деди суҳбатдош.
Унинг айтишича, сўнгги 1 ой ичида вазирликдан юзлаб малакали мутахассислар бўшатилган:
- Бизни молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар” деб айтишганида жуда оғир ботиб кетди. Майли, Молия вазирлигида юқори лавозимда ишлайдиган 23 кишини ишдан бўшатишганини тушунаман. Ўзбек экономикасини бриллиант қила олишмагани тўғри. Лекин 165 нафар оддий ҳисобчини нега бўшатишганини тушунмадим¸ дейди Молия вазирлигининг ишдан бўшатилган мулозими.
Унинг айтишича шу кунларда ҳам Молия вазирлигида эскидан ишлаëтган баъзи ходимларга нисбатан яккалаш сиëсати амалга оширилмоқда:
- Сен фалончининг думисан¸ ўзинг билиб ариза ëзиб кет, дейишмоқда. Унинг ўрнига малакали кадрлар келса ҳам майли. Саводсизлар келяпти. Бунинг охири яхшилик билан тугамайди¸ деди суҳбатдош.
Молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини инновацион ғоя ва фикрга эга, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи иш олиб бораëтгаани ҳақида Озодлик ëзган эди.