28 март куни Озодлик суҳбатлашган Тошкент расмийлари¸ ҳозирча Тошкентда яшаш¸ ишлаш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун йиллар давомида амал қилиб келган чеклов ва тақиқларнинг амалда қачондан бекор бўлишини тахмин қилишга ҳам қийналишларини билдирди.
Ўзбекистон президенти 2018 йил 22 январь куни чиқарган 5308 рақамли фармоннинг 10- бандида “вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинсин”¸ деб ëзилган.
Бу фармон иловасининг 56- бандида унинг ижроси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига топширилган ва бажариш муддати қилиб 2018 йилнинг 20 марти белгиланган.
Эски чеклов ва тақиқлар ҳамон кучда қолмоқда!
28 март куни Озодлик Тошкент шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси¸ унинг бир қатор туман бўлимлари расмийлари билан боғланиб¸ пойтахт пропискаси билан боғлиқ чеклов ва тақиқларнинг амалда бекор қилинган-қилинмаганини суриштирди.
Озодлик суҳбатлашган ИИВ бошқармаси расмийлари¸ шунингдек¸ Тошкентдаги қатор ҳудудлар участка нозирлари¸ бу фармонни ижро этишнинг ҳуқуқий асослари ҳозирча йўқлиги учун¸ чеклов¸ тақиқ ва жаримага тортишлар аввалгидек давом этаëтганини билдирдилар.
“Бизга ҳеч қандай ҳужжат келмаган¸ бу ҳали мувофиқлаштирилмаган. Чеклов ва тақиқларда¸ хусусан¸ вилоятликларнинг пойтахтдан уй олишда бирор айтарлик ўзгариш йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги 527-сонли қарори асосида вилоятликлар уч йилдан эски бўлмаган уйларни бемалол сотиб олишга ҳақли. Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискаси йўқларнинг иккиламчи бозордан уй сотиб олишига рухсат бериш ҳақида қўлимизда бирор ҳужжат йўқ¸ шунинг учун бу бозор ҳали вилоятликлар учун ëпиқ. Ишга олишда енгилликлар бор лекин”¸ деди Тошкент шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган расмийси.
Жарима ëзишга мажбурмиз!
Озодлик прописка билан боғлиқ чеклов ва тақиқлар ижросини бевосита назорат қилиб¸ қоидабузарларни жазога тотиш билан шуғулланувчи участка нозирлари билан ҳам суҳбатлашди.
Чилонзор тумани маҳаллаларидан бири нозири¸ паспорт режими бекор қилинмагани ва шу боис¸ ҳар бир нозир ўзига белгиланган ҳудуддагиларнинг пропискасини текширишда давом этаëтганини билдирди.
“Ҳозир ҳам паспортний режимга чиқамиз. Текширганда¸ пропискаси бўлмаган ҳолда яшаб юрганларга огоҳлантириш варақаси берилади. Бу варақа берилганидан кейин беш кун ичида регистрацияга қўйилиши керак¸ бўлмаса¸ жаримага тортамиз. Лекин олдингидақа¸ тўғридан-тўғри жарима қилинмаяпти. Масалан¸ Самарқанддан келиб¸ бир ойдан бери Тошкентда яшаб юрипти. Биз буни аниқлаган жойимизда¸ огоҳлантириш варақасини бериб¸ беш кун ичида вақтинча рўйхатдан ўтасиз¸ деймиз. Беш кун ичида ўтмаса¸ кейин Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан 86 120 сўм жаримага тортамиз”¸ деди нозир.
Бу суҳбатдошга кўра¸ президент фармонидан кейинги ўзгариш¸ аввалгидек пропискасизни ушлаган жойида жаримага тортишдан тийилиб¸ унга рўйхатдан ўтиш учун беш кунлик муҳлат берилаëтганида¸ холос.
Шайхонтоҳур тумани участка нозирларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ юқоридан ўзларига пропискасизларни текшириб-топиш¸ уларни жаримага тортиш бўйича юклама берилмай қўйилгани боис¸ бу текшир-текшир қисқартирганини айтади.
“Олдингидақа юклама берилмаяпти. Пропискани фақат шикоят ва қонунбузарлик содир бўлгани аниқланган ҳолатлардагина текшираяпмиз. Лекин қонун ҳали бекор бўлгани йўқ. Маъмурий Кодексдаги “фуқаронинг вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши” учун белгиланган жазо бекор қилинсин”¸ деган қонун чиқмади ҳали. Шунинг учун бунақа ҳолат аниқланганда¸ биз жарима ëзишга мажбурмиз”¸ деди тошкентлик участка нозирларидан яна бири.
Қора ишлар учун прописка сўралмаяпти¸ “оқ ишлар”га сўралаяпти
Озодлик суҳбатлашган миграция бошқармаси расмийлари¸ участка нозирлари мавсумий ишлар учун вилоятдан келаëтганлардан прописка сўраш тўхтатилганини билдирди.
“Қора ишлар учун вақтинча ҳисобга турса бўлди¸ прописка сўралмайди. Офисний ишлар энди иш берувчига боғлиқ. Улардан ҳам сўралмаслиги керак”¸ деди Озодлик боғланган расмийлар.
Айни пайтда¸ Ўзбекистон пойтахтида билим ва малака талаб қиладиган иш таклиф этувчи айрим ширкатлар¸ Озодлик билан суҳбатда¸ бундай иш берувчиларнинг Тошкент пропискасини сўрашда давом этаëтганини билдирди.
“Пропискаси бор-йўқлигига қаралмаяпти¸ дея олмайман. Ҳалиям сўрашади¸ ўзгариш бўлгани йўқ”¸ деди иш топиб берувчи ширкатлардан бири ходими.
Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган мулозимлар¸ Тошкент шаҳрида доимий пропискадан ўтиш жараëнининг ҳали ҳам ëпиқ қолаëтганини қўшимча қилдилар.
Адлия вазирлиги: Жамоатчилик президент фармонини нотўғри тушунган!
Президентнинг 5308-сонли фармони ижроси учун бош масъул қилиб белгиланган Адлия вазирлигининг Озодлик боғланган расмийлари¸ фармоннинг Тошкентдаги прописка билан боғлиқ чеклов ва тақиқларни 2018 йил 20 мартидан бекор қилиниши назарда тутмаслигини билдирдилар.
“20 март бу “норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари”ни ишлаб чиқиш учун берилган муддат. Биз қолган уч идора билан мувофиқлаштирилган ҳолда¸ сўралган лойиҳаларни ҳозирлаб¸ Вазирлар Маҳкамасига 20 мартга қолмай топширдик. Бу лойиҳаларда¸ Тошкентдаги доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш учун маъмурий қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимча киритиш¸ президент фармони чиқариш ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низомларини ўзгартириш таклиф этилган. Вазирлар Маҳкамасининг бу лойиҳани кўриб чиқиб¸ амалга ошириши учун белгиланган регламенти бор. Шу регламент ичида¸ бу лойиҳаларнинг қабул қилиниб¸ кучга киришини кутаяпмиз. Адлия вазирлиги ¸ ИИВ¸ прокуратура ва Бандлик вазирлигини президент фармонини бажармаганликда айблаш учун ҳеч қандай асос йўқ”¸ деди Адлия вазирлигининг бевосита ушбу жараëнга алоқадор расмийси.