Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:07

Қирғизистонда ҳам тўйларни тартибга солмоқчилар


Ўзбекистондан фарқли ўлароқ қўшни мамлакатда бу иш билан Маданият вазирлиги ҳузурида тузилган Экспертлар гуруҳи шуғулланмоқда. Гуруҳ тўйларни исрофгарчиликсиз ва миллий удумларни сақлаган ҳолда ўтказиш бўйича таклифларини жамоатчилик муҳокамасига тақдим қилмоқчи.

Экспертлар гуруҳи аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Умут Култаева Азаттиқ радиосида ўтказилган давра суҳбати чоғида тўйлар масаласида бутун мамлакат жамоатчилиги фикрини ўрганиш зарурати борлигини айтаркан, муҳокамага халқнинг удумларини биладиган интеллектуаллар фаол қатнашишига умид билдирди.

Профессор Култаеванинг фикрича, олдда турган муаммолардан бири тўй вақтини чеклаш заруратидир. Чунки тўйларга кўп вақт сарфланиши ҳар томонлама қимматга тушмоқда.

“Аксари тўйларда меҳмонлар оқшом соат 5 га чақрилади. Тадбир эса, соат 6-7 ларда бошланади. Баъзан, масалан, бешбармоғи пишмай, кечикиб кетади, натижада тўй тунги 1 гача чўзилиб кетади. У ёқ-бу ёғи билан, тўйга келадиган меҳмоннинг 10 соат вақти сарф бўлади”, дейди профессор Култаева.

Экспертлар гуруҳи аъзосининг фикрича, тўй – янги келин-куёвга оқ фотиҳа бериш маросимидан кўра, бойликни кўз-кўз қилиш, шуҳратпарастлик, рақобат маросимига айланиб бораяпти.

Тўй олиб борувчиларнинг савияси пастлигини ҳам танқид қилган Умут Култаева тўй сценарийлари танловини ўтказиш ғоясини илгари сурди.

Азаттиқ радиоси ўтказган давра суҳбатига чақирилган тўй бошловчиси Эркин Рисқулбеков профессор Култаеванинг фикрларига қўшилар экан, айни пайтда бу масалада маъмурий чоралар иш бермаслигини айтиб ўтди.

“4-5 йилнинг ичида вазият ўз-ўзидан изга тушиб кетса керак, деб ўйлайман. Чунки 3-4 йил олдин тўйга чет давлатлардан таниқли артистларни чақирганлар бўларди. Мен олиб борган тўйларга ҳатто Boney M келган. Ҳозир эса, бундай кўриниш йўқ”, дейди тамада Эркин Рисқулбеков.

Тўйлар бўйича экспертлар гуруҳини тузган Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги Ахборот бўлими мудири Жийде Зоотбекованинг айтишича, Экспертлар гуруҳининг тавсиялари мамлакат халқига “тўйни ундай ўтказ, бундай ўтказ”, деган буйруқлар шаклида бўлмайди, балки аҳолининг фикрини уйғотишга ундовчи усулларни қўллашга қаратилади, ижтимоий видеороликлар суратга олинади ва намойиш қилинади, соғлом турмуш тарзи тарғибот қилинади.

Айни пайтда Ўзбекистонда...

Президент Мирзиëев ўтган ойда тўйларни тартибга солиш ҳақида давлат тепасига келганидан буён иккинчи марта гапирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси учун очилган regulation.gov.uz сайтида 15 март куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” деб номланган ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа муаллифи Олий Мажлис Сенати деб кўрсатилган қарорнинг 30 мартдан кучга кириши режалаштирилган.

Лойиҳада¸ Вазирлар Маҳкамасига 15 кун ичида шаҳар ва туманларда турли маросимларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи махсус комиссиялар тузиш¸ вилоят ва республика даражасида ҳам тузиладиган бундай комиссиялар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишни топшириш кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG