Линклар

Шошилинч хабар
31 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:47

Нукус воқеалари бўйича суд ҳукми: Тажимуратов 16 йилга қамалди

Бухоро вилоят судида 2022 йил июлида Нукусдаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд якунланмоқда. 31 январда суд айбланувчиларга нисбатан ҳукмни ўқиб эшиттирди. Ҳукмга асосан, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалди.

15:00 30.11.2022

Мустақил Комиссия аъзоси: Бунақа комиссия илгари ҳеч қачон тузилмаган!

Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича Комиссия аъзоси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Ҳуқуқий таянч" жамоат бирлашмаси раиси Аъзамжон Формонов "Америка овози"га интервью берди.

15:20 30.11.2022

Судланувчиларнинг аксари Тажимуратовни айбламоқда

Олий суд матбуот хизмати хабар қилишича, Нукус воқеалари бўйича суд жараёнининг учинчи куни давомида сўроқ қилинган судланувчи Лола Қаллиханова ўз кўрсатмаларида айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.

"Хусусан, суд тергови давомида сўроқ қилинган судланувчи Л. Каллыханова ўз кўрсатмаларида айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, судланувчи Д. Тажимуратовнинг Нукус шаҳрида митинг ўтказиш ҳақида Жўқорғи Кенгес раиси номига ариза қолдирганлиги ҳақидаги хабарига алданиб, унинг ушбу гапларига ишониб қолганлиги, шу сабабли ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида билдириш ҳамда видеороликлар чиқарганлиги, лекин бу ҳолатлар аҳолини бунчалик даражада кўтарилиб кетишини билмаганлиги, Д. Тажимуратовнинг алдовига учганлиги, ушбу қилмиши оқибатида одамлар вафот этганлиги, уларнинг ўлимида эса ўзини ҳам айбдор деб билишини, шу сабабли ўзини кечирмаслигини, ўзига қўйилган барча айбловларни тўлиқ тан олишини билдирди", дейилади суд хабарида.

Судда иштирок этаётганлар гувоҳлигича, қолган судланувчиларнинг деярли барчаси июл бошида бўлган воқеаларда Даулетмурат Тажимуратовни айблаб, "унинг видео мурожаатлари одамларни кўчага чиқарганини" таъкидлашмоқда.

15:29 30.11.2022

Суднинг учинчи кунида тергов қилинганлар видеоси эълон қилинди

Суд жараёнинг тушликкача давом этган учинчи кунги маҳкамасида суд тергови давом эттирилиб, судланувчилар Д. Джиемуратов, Н. Найипов, С. Калимов, П. Нурниязов, А. Темирханов ва Б. Генжебаев кўрсатма берди.

Суд тергови жараёнига оид видеолавҳалар Олий суд расмий Телеграм каналида чоп этилди.

19:36 1.12.2022

Лолагул Қаллиханова Нукус воқеалари чоғида фарзандларидан айрилганлардан узр сўради

Бухоро вилоят судида 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнида судланувчилардан бири Лолагул Қаллиханова тартибсизликлар чоғида фарзандларидан жудо бўлганлардан кечирим сўраган.

“Мен бир нарсадан қаттиқ уяламан. Фарзандларидан айрилган одамлардан кечирим сўрайман. Кеча Қуръон китобни олиб кел деганда рози эдим, Қуръонни ушлаб айтар эдим: бундай уруш бўлишини билмаган эдим, умуман билмаган эдим. Ўйламанг биларди деб, билганимда ҳеч қачон бундай ишни бошламас эдим. Ҳеч қачон “суверенитет” деган сўзни олиб чиқиб айтмас эдим. Ҳеч қачон ёқламас эдим бундай нарсаларни. Мени кечиринг. Биламан, буни кечириш қийин, бироқ мен… у дунё ҳам, бу дунё ҳам… кечирим сўрайман халқдан, яқинларидан айрилганлар, қўлингиздан келса кечиринг, кечиролмасангиз, ҳеч нарса қилолмайман, бироқ бундай бўлишини билмаган эдим”, дея иқтибос келтирган Л. Қаллиханова сўзларидан Газета.uz нашри.

Қаллихановага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми “а” банди (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Прокуратура иддаосига кўра, у Қорақалпоғистоннинг амалдаги ҳукуматини ағдариб ташлаб, ҳудудда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уюшган гуруҳ ташкил этишда айбланаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг “гуруҳи билан бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган”.

Аввалроқ расмий хабарномаларда Л. Қаллиханова ўзига қўйилган айбловни тўлиқ тан олгани ҳақида билдирилган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG