Тажимуратов судга Қорақалпоғистон раҳбарлари чақиртирилишини сўради
Нукус воқеаларида айбланиб судланаётган Даулетмурат Тажимуратов 1 декабрь куни ўтган навбатдаги суд мажлисида судга Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг амалдаги раиси Аманбай Ўринбоев ва собиқ раиси Мурат Камаловни гувоҳлик бериш учун судга чақиртирилишини сўради.
Унга кўра, Аманбай Ўринбоев тергов давомида ёлғон кўрсатма берган. Шунингдек, у Мурат Камаловга ҳам қатор саволлари борлигини айтди.
"Нима бўлаётганини кўриб турибман. Ҳаммасига биз айбдор бўляпмиз. Давлат айбдор эмас. Давлат қонунлари тўғри ишлади... Сиёсий иш бугун, эртага кўрилади, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Буларнинг барчаси тарихда қолади, бир неча бор кўтарилади. Нима учун бундай деяпман? Қанча одам ўлди. Одамларнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Ва мен афсуланяпман деб айта олмайман. Бу ерда ўтирганларнинг ҳам (бошқа судланувчиларни кўрсатиб) айби йўқ", деди судланувчи.
У сўзида давом этар экан, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг намойишчиларга қарата қурол қўллаганига эътибор қаратди:
“Мен терговда видеода кўрдим - шаҳар ИИБ олдида айтишяпти: “Отишни тўхтатинглар, отиб ташлаяпсизлар-ку" деган видео турибди. Бу нима дегани? Қайси мамлакатда яшаяпмиз, ўз халқига ўқ отиш деган".
Шундан келиб чиққан ҳолда, Даулетмурат Тажимуратов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига суд орқали сўровнома юборишни илтимос қилди. Унга кўра, сўровномада намойишчиларга қарши ҳарбий қурол ишлатилиши нақдар қонуний бўлганига ойдинлик киритиш сўралган.
"Чунки қон тўкилди. Бунга жавобгарлар жазога тортилиши керак. Биз улар учун қамоқда ўтиришимиз керак эмас, аммо мен ўтиришга тайёрман", деди у.
Судья илтимосномаларни қаноатлантиришга қарор қилди.
ЕИ Нукус воқеалари бўйича маҳкама жараёнини диққат билан кузатмоқда
Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда июль ойи бошида юз берган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланаётган 22 нафар шахс устидан Бухоро шаҳрида ўтказилаётган суд жараёнини диққат билан кузатиб боряпти. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси хабарномасида айтилган.
Ўзбекистон ҳукуматига жараённи жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари учун очиқ ва шаффофлигини ҳамда бевосита тўғридан-тўғри трансляцияни таъминлагани учун миннатдорчилик билдирган ЕИ вакиллари маҳкаманинг адолатли ва холис бўлишига умид билдиришларини қайд этишган.
“Биз ҳукумат фикрни эркин изҳор қилиш ва йиғилишлар эркинлиги бўйича, шу жумладан, GSP+ доирасидаги ўзининг мажбуриятларини бажаришга чақирамиз. Шунингдек, биз Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича тергов комиссиясининг ишлари натижасини яқин кунларда олишни сабрсизлик билан кутмоқдамиз ва ушбу натижалар жамоатчиликка эълон қилинишига умид қиламиз”, дейилган хабарномада.
Нукус воқеалари бўйича суд жараёнини трансляция қилиш вақтинча тўхтатилди
Нукусда 1−2 июль кунлари содир этилган тартибсизликларда айбланаётганларга нисбатан Бухорода ўтаётган суд жараёнини жонли эфирда трансляция қилиш 5 декабрдан бошлаб вақтинча тўхтатилади.
«Газета.uz»нинг хабар беришича, бу судда гувоҳларнинг кўрсатма бериши билан боғлиқ. Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 432-моддасига мувофиқ гувоҳлар бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитмаслиги ва мулоқот қилмаслиги лозим.
2 декабрда ўтган суд мажлисида прокурор Жиноят-процессуал кодексининг 432-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда судья Елубай Абибуллаевдан жараённи трансляция қилишни то томонлар мунозараси бошлангунига қадар тўхтатиб туришни сўраган эди. Судья прокурорнинг бу талабини қаноатлантирган.
Бухоро вилоят судида шу йил июлида Қорақалпоғистондаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд 28 ноябрда бошланган эди.
Даулетмурат Тажимуратов ва бошқалар ЖКнинг 10 га яқин моддаси, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда.
Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди
Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия жамоатчиликни қизиқтираётган масалалар юзасидан Бош прокуратурага киритган сўровига жавоб олди.
Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний маълумотлар ва тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар очиқланди.
Шу ва бошка сўров натижалари билан мазкур ҳужжат орқали танишишингиз мумкин.
Форум