Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:12

Қорақўтон конида 3 ишчини тош босиб қолди, бири ҳалок бўлди


Ҳалокат кончилар шахтада ишлаётган пайти содир бўлган. (Иллюстратив сурат)
Ҳалокат кончилар шахтада ишлаётган пайти содир бўлган. (Иллюстратив сурат)

21 апрелда Навоий кон-металлургия комбинати(НКМК)нинг Самарқанд вилоят, Пахтачи туманидаги Қорақўтон олтин конида уч нафар ишчини тош босиб қолди.

НКМКга кончи бўлиб ишга кирганига 3 ой бўлган 42 яшар Улуғбек Нуралиев воқеа жойида ҳалок бўлган, қолган икки ишчи омон қолган.

Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

21 апрель куни эрта тонгда Қорақўтон олтин конида содир бўлган ҳалокат ҳақида воқеа тафсилотларидан хабардор кончи Озодликка маълум қилди.

“Воқеа НКМК ГМЗ-1 Кон бошқармасига қарашли бўлган Қорақўтон конида, 17-сонли ер ости шахтасида содир бўлган. Жами 3 кончини тош босиб қолган, 2 таси қочишга улгурган, улар тан жароҳатлари олган, биттаси қочолмаган, у ўша ерда ўлган”, -деди исмини очиқламасликни сўраган тафсилотлардан хабардор манба.

Қорақўтон конининг Озодлик боғланган масъулига кўра, ҳалок бўлган ишчи Пахтачи тумани “Тома” маҳалласида яшовчи 42 яшар Улуғбек Нуралиев бўлиб, у уч ой аввал конга ишчи бўлиб кирган.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Улуғбек Нуралиев ўлими ҳақида унинг оиласига эрталаб соат 6:00ларда хабар берилган. Марҳум бугуннинг ўзида дафн қилинган.

“Унинг уч боласи етим қолди. Каттаси қиз, кичиклари ўғил эди”,- деди марҳумнинг яқини.

Озодлик боғланган кончилар иддаосича, хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани сабаб ушбу ҳалокат содир бўлган.

“Улуғбек лаҳм ўтувчи яъни проходник бўлиб ишларди. У ишлаган 17-сонли ер ости шахтасини сув босган экан. Қоидаси бўйича, сувни насослар орқали тортиб олиб, кейин проходниклар ишлаши керак. Лекин насослар эскириб кетгани учун ишламаган, кончилар сувга кириб ишлашга мажбур бўлган. Аслида бу ўтган йили очилган шахта бўлиб, рудаси жуда бўш экан. Бундай жойларда кончилар ишлаши мумкин эмас. Чунки стойка қўйиб бўлмайдиган жой булиб, инструкция буйича проходический комбайн (лаҳм ўтувчи комбайн) ишлатилиши керак. Лекин Қорақўтон конида бунақа техника йўқ. Шунинг учун кончилар ишлатилиб келинган”,- деди исмини очиқламасликни сўраган кончи йигит.

Қорақўтон конининг Озодлик боғланган масъули ишчиларнинг бу иддаосини изоҳлашни истамади.

Унинг айтишича, ҳалокат сабабларини Пахтачи туман прокуратураси ўрганмоқда. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари кетяпти.

Қорақўтон конидаги ташландиқ шахталарда ғайриқонуний олтин излаш билан шуғулланувчилар орасида ҳам ўлим ҳолатлар кузатилган. 2019 йили тош босиб қолган уч ишчидан иккиси ўлган, 2018 йилда эса кон тагида қолган 30 ишчидан бири ҳалок бўлган.

Қорақўтон олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинади.

Навоий кон-металлургия комбинати конлари 2020 йили олтин қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистондан 2020 йилда экспорт қилинган маҳсулотларнинг 44 фоизини олтин ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG