Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Аннексия қилинган Қрим логотипини чизган рассом Тошкентни безаш бўйича буюртма олди


Дизайнер Лебедов Тошкент ҳокимлигида.Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган сурат.
Дизайнер Лебедов Тошкент ҳокимлигида.Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган сурат.

Украина хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи исталмаган шахслар рўйхатига киритилган россиялик дизайнер, 43 яшар Артемий Лебедев 2 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида қабул қилинди.

Ҳокимлик мулозимининг Озодликка билдиришича¸ Лебедов Тошкент шаҳрини безаш бўйича буюртма олган.

Бундан олдин Лебедев 2014 йили Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли логотипини чизган эди.

Ўзини "Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчилик кенгаши аъзоси", деб таништирган мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Артемий Лебедев шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шахсий таклифига кўра, Тошкент шаҳри бюджети ҳисобидан Ўзбекистонга келган:

- Артемий Лебедевнинг студияси билан Тошкент ҳокимлиги катта суммага шартнома тузди. Студия Тошкент шаҳри ва вилоятини режалаш¸ меъморлик ва дизайн ишларини бажариш учун буюртма олди. Буюртма тендер танловисиз Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг буйруғига кўра, россиялик рассомга берилди.

Мулозимга кўра¸ Артемий Лебедев 2 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчилик кенгашига ўз бизнес режасини тақдим қилган.

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда россиялик рассомнинг Тошкентни безаш концепциясига принципиал қарши эканлигини билдирди:

- Биринчидан, бу рассомни ким ва қайси критерийга асосан танлагани қоронғу. Нега айнан у, деган саволга жавоб йўқ. Солиқ тўловчи сифатида бу саволга жавоб олишни истардим. Иккинчидан, Лебедов таклиф қилган безаклар -провинциал эклектика. Яъни, мен бу безакларда эстетик қиммат кўрмайман. Учинчидан, ижодкор рассомлар учун Лебедев - Кремл пропагандаси яратган сиймо.

Ўзини Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчилик кенгаши аъзоси эканлигини айтган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ «кенгаш аъзолари ҳокимни Украинада исталмаган шахс бўлган рассомга иш бериш оқибатлари ҳақида огоҳлантиришган»:

- Халқаро муносабатларга зарар бериши мумкин¸ Украинага қарши лойиҳаларда қатнашаëтган пропагандист рассом бу, деб ҳокимга айтилди. Лекин у фақат Лебедев безайди Тошкентни, бўлмаса ҳеч ким, деб туриб олди.

Тошкентлик 55 яшар рассом¸ Халқаро рассомлар конфедерацияси аъзоси Шуҳрат Матчонов Озодлик билан 4 октябрь кунги суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг шаҳарни безаш бўйича сиëсатини қаттиқ танқид қилди:

- Шу янги ҳоким келгандан кейин шаҳар Хитойдан келтирилган ширпотреб пластмасса безаклар билан тўлди. Бир ой турмасдан иссиқда ўз тароватини йўқотиб ҳам бўлди бу безаклар. Увол. Халқ пулининг бунақа сарфланишига қаршиман. Ўзбекистонда Баҳодир Жалолов¸ Вениамин Акудин деган катта рассомлар бор. Шу рассомлар савиясидан анча паст бўлган ватник рассом Лебедевнинг таклиф қилинишига ҳам қаршиман.

Украинада исталмаган шахс деб топилган

Россиялик дизайнер Артемий Лебедев аннексия қилинган Қрим логотипини чизгани ортидан расмий Киев тарафидан исталмаган шахс деб топилган. Озодликнинг Киевдаги мухбири тасарруфидаги ҳужжатга кўра¸ “Артемий Лебедев Украина хавфсизлик хизмати тарафидан мамлакатга ахборот хужуми қилаëтган шахс сифатида мамлакатга кириши тақиқланган”.

Таниқли украин рассоми Александр Ройтбурд Озодлик билан суҳбатда “Қуëшли ва меҳмондўст Тошкент шаҳрининг Кремль пропагандистлари тарафидан безалишидан афсус” билдирди:

- Ўз қобилиятини Қримни босиб олган оккупантни мадҳ этишга сарфлаган бу кимса Тошкентдек гўзал шаҳарнинг визуал қиëфасини яратишга маънавий ҳаққи йўқ.

Озодлик россиялик дизайнер Артемий Лебедев студияси билан боғланди. Ўзини "Лебедев студияси арт директори", деб таништирган киши Тошкентни безаш лойиҳаси борасида Озодликка ҳеч қандай изоҳ бермаслигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG