Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:03

"Ўзбекларни олабўжи қилиб кўрсатишади". Рус генерали ўлимидан сўнг мигрантларнинг хавотирлари


Москвадаги миграция марказида навбатга тизилган одамлар.
Москвадаги миграция марказида навбатга тизилган одамлар.

Москвада рус генерали ўлдирилишига алоқадорликда Ўзбекистон фуқаросининг қўлга олиниши Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар орасида қўрқув ва ваҳима уйғотди.

18 декабр куни Россия расмийлари 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси юқори мартабали генералнинг ўлимида гумонланувчи тариқасида ушланганини маълум қилди.

Россиядаги марказий осиёлик аксар мигрантлар учун бундан ёмонроқ хабар бўлмаса керак.

Москва Украинага босқин бошланганидан бери йўқ қилинган энг юқори лавозимли Россия ҳарбий зобити бўлмиш генерал-лейтенант Игор Кирилловнинг ўлими ортида Киев турганини иддао қилмоқда. Озодликнинг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси қотилликни Украина томони уюштирганини тасдиқлаган.

Бироқ Москва “Украина махсус хизматлари буйруғи билан Кирилловни ўлдирган”ини иддао қилаётган Ўзбекистон фуқаросининг ушланиши Марказий Осиёдан келган мигрантлар орасида қўрқув ва ваҳима уйғотди.

Сўнгги йилларда Россияда ксенофобия кайфияти кучайиб, марказий осиёлик мигрантларга ҳужумлар кўпайди. Минглаб одамлар депортация қилинди ёки Россияга киритилмади. Кўплаб мигрантлар таҳдидлар ва шафқатсиз муносабатдан шикоят қилишяпти.

Энди марказий осиёлик мигрантлар Россияда уларнинг аҳволи янада оғирлашишини кутмоқда.

“Ҳамма ёқда полиция автозак (маҳбусларни ташийдиган машина)лари. Бугун бозор ёнидан ўтаётиб, бир нечта автозак қантариб қўйилганини кўрдим. Ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар – ҳаммани ушлаб, тиқишаётганди”, дейди Москвада яшовчи Ўзбекистон фуқароси Зулфия.

“Кеча менга таниш бир аёлни қизи билан бирга депортация қилишди”, қўшимча қилади хавфсизлигини ўйлаб фамилиясини очиқлашни истамаган Озодлик суҳбатдоши.

Аксилмигрант риторика “кучаяди”

Россия ўнлаб йиллардан бери марказий осиёлик миллионлаб меҳнат мигрантлари учун миграция асосий йўналиши бўлиб турибди. Улар ўз оилаларини боқиш учун турли таъқиб ва камситишларга чидаб келишмоқда.

Март ойида Москва вилоятидаги концерт залида содир бўлган терактдан сўнг Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан янада репрессив сиёсат юрита бошлади.

Терактга алоқадор деган гумон билан бир нечта Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Улар эҳтиёт чорасини қўллаш учун судга олиб келинганида юз-кўзларида калтак ва қийноқлар излари борлигини ҳамма кўрди.

Радиация, кимёвий ва биологик қуроллардан ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал Кириллов ўлимида гумон қилинаётган ўзбекистонликнинг бу қадар тез ушлангани айрим таҳлилчиларни “Россия махсус хизматлари бу йигитни балогардон қилмаяптимикан”, деб ўйлашга мажбур қилди.

Украина уруши ва мигрантлар: Россиядаги ўзбек маҳкумларнинг яқинлари хавотирда. Ҳукумат ва сиёсий партияларчи?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:48 0:00

Ўзбекистонлик таҳлилчи ва Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази директори Алишер Илҳомов гумонланувчи “катта эҳтимол билан” қийноққа солинганини айтади.

“Бу фавқулодда воқеа баҳонасида ўзбекларни олабўжи қилиб кўрсатишади”, дейди Илҳомов.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ - ФСБ) гумонланувчи Украина махсус хизматларига ёлланиб, тайёрловдан ўтганини иддао қилмоқда. Тергов маълумотига кўра, Кириллов ва унинг ёрдамчиси генерал яшайдиган уй подъези ёнида турган электр самокатга жойланган қурилма портлаши натижасида ўлган.

ФСБ гумонланувчининг “айбини тан олгани” видеосини эъон қилди. Кадрларда юзлари тилинган эркак унга “100 минг доллар ва Европа паспорти” ваъда қилинганини айтади.

“Сўнгги пайтларда Россия сиёсатчилари орасида мигрантларга қарши риторика жуда оммалашди. Энди яна ҳам кучаяди. Россия телевизион экспертлари ва депутатларидан мигрантлар ҳақида нафратомуз фикрлар ва уларга қарши даъватларни янада кўпроқ эшитамиз”, дейди Илҳомов.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун қабул қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00

Прогноз: Кўчаларда текширувлар авжига чиқади

Аксилмигрант чиқишлари билан танилган йирик сиёсий арбоблардан бири – Россия Тергов қўмитаси раиси ва Путиннинг яқин одами Александр Бастрикиндир.

Ўтган йили у Россия паспортини олган мигрантларни, агар улар Украинага қарши урушга боришдан бўйин товлашса, фуқароликдан маҳрум этиш кераклигини айтган эди.

Бастрикин, шунингдек, мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони жуда ошиб кетгани ҳақида гапирган.

“Одамлар “Руслар фронтда бўлган пайтда мигрантлар бизга орқадан ҳужум қилишяпти”, дея норози бўлишмоқда”, деган эди Тергов қўмитаси раҳбари.

Москвада яшаётган қирғизистонлик аёл Россияда марказий осиёлик мигрантларнинг аҳволи шусиз ҳам оғирлигини таъкидлайди.

“Бу воқеадан кейин бадтар бўлади. Кўчаларда текширувлар авжига чиқса керак”, дейди исми сир қолишини истаган аёл.

Форум

XS
SM
MD
LG