Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Россия ва Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари учун пенсия келишувини имзоламоқчи


Россия Меҳнат вазири Максим Топилин
Россия Меҳнат вазири Максим Топилин

Россия ва Ўзбекистон яқин келажакда меҳнат муҳожирлари учун пенсия масаласида келишув имзолаши мумкин. Бу ҳақда журналистларга хабар берган Россия Меҳнат вазири Максим Топилинга кўра, Россияда легал тарзда ишлаган ва солиқ тўлаган мигрантлар муайян нафақа тўловларига даъво қилишлари мумкин.

Президент Владимир Путин бошчилигидаги давлат делегация таркибида Ўзбекистонда бўлиб қайтган Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги раҳбари Максим Топилин икки мамлакат ўртасида пенсия келишуви масаласида ҳужжат имзоланиши мумкинлигини маълум қилди.

Вазирга кўра, давлат ташрифи давомида Россия Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал агентлик (Роструд) ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасида Меморандум имзоланди.

Москвага қайтиб, “Известия” нашрига берган интервьюсида вазир Максим Топилин Россия ва Ўзбекистон яқин келажакда пенсия Россия Федерацияси ҳудудида қонуний тарзда ишлаб, тегишли тўловларни амалга ошириб борган Ўзбекистон ватандошлари нафақа тўловларини олиши мумкинлигини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон тарафи ташаббуси билан республикада Россияга меҳнат қилгани кетаётган муҳожирларга кетишидан олдин патент ва ишга рухсатнома расмийлаштириш марказини очилиши масаласи кўрилаётгани айтилди.

Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасида имзоланган Меморандум бир қанча йўналиш бўйича ҳамкорлик қилишни ўз ичига олган.

Унда, жумладан, меҳнат бозори таҳлили ва мониторинги, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнат миграциясини ташкиллаштириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқаси акс эттирилди.

Максим Топилин икки тараф ўртасида маҳкама идоралари ва аҳоли бандлиги ва меҳнат соҳасида тажриба алмашиш жараёнлари кучайтирилишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Шу ўринда, Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида Роструд ва Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ўртасида биргаликдаги ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида Қарор имзолангани хабари чиқди.

“Ишчи гуруҳини ташкил этишдан асосий мақсад Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун уюшган тартибда йиғиш ва жалб қилиш ҳақидаги битимни амалга ошириш ҳисобланади”, дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда, Россияга “уюшган тартибда йиғилган ва жалб қилинган” ва шахсий ташаббуси билан ишлагани кетган ўзбек мигрантлари мутлақо ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолаётгани борасида кўп маротаба Озодлик хабар берган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги хорижда қийин аҳволда қолган Ўзбекистон гражданларини ватанга қайтариш бўйича ишларни бошлагани борасида эълон қилди. 71 кишидан иборат ишчиларнинг биринчи гуруҳи Москвадан Тошкентга 12 октябрь куни “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” қатнови билан етиб келгани тўғрисида хабар қилинганди.

2018 йил 5-8 сентябрь Москва шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 19-кенгашида Россия Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги (СУВСИГ) тахминан 1500 нафар Ўзбекистон Республикаси гражданларини қайтаришга кўмаклашиш ҳақида келишувга эришилган эди.

XS
SM
MD
LG