Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Россияда бахтсизликка учраган меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш механизми йўқ


Жавлонбек Латифжонов шифохонада
Жавлонбек Латифжонов шифохонада

31августда Москва шимолидаги қурилишлардан бирида 6 қаватдан тушиб кетган икки ўзбекистонлик муҳожир оғир аҳволда шифохонада қолмоқда. Бирининг қорни ёрилиб, иккинчиси умуртқаси узилган қурувчи йигитларга Москванинг Склифосовский касалхонасида навбатдаги операцияларга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу фожеадан хабар топган ватандошлар эса жабрланганларга ўз ёрдамларини етказишга қийналаётганидан сўзламоқда.

Шифохонадаги муолажага пули етмаган муҳожир кўчага чиқариб юборилди

Москванинг Дмитровское шоссесидаги кўп қаватли уй қурилишида олтинчи қаватдан тушиб кетган икки ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Жавлонбек Латифжонов (иккинчи йигитнинг шахсини Озодлик ҳозирча аниқлай олмади) оғир жароҳатлар билан санитар вертолётда Склифосовский номидаги Тез ёрдам хирургияси бўлимларидан бирига олиб кетилган эди.

Ҳодисадан 25 кун ўтиб тиббий муассасада қолаётган ўзбек муҳожирлари муолажа ва операцияларга пул тўланмагани боис муаммолар бошлангани тўғрисида хабар чиқди.

Склифосовский шифохонасининг Тез ёрдам хирургияси бўлимида қолаётган Жавлонбек Латифжонов бундан бир неча кун олдин касалхонадан пули тўланмагани боис чиқариб юборилгани Озодликка унинг яқинларидан маълум бўлди.

Озодлик билан суҳбатлашган Жавлонбекнинг амакиваччаси Шоҳруҳга кўра, ҳозирда иш берувчи ва қариндош-уруғ ёрдамида муолажанинг бир қисмига пул ўтказилган:

- Ҳозир аҳволи анча яхши. Бугун ўзгариш бўлди- йиринг босиб кетувди организмни. Худога шукур, анча яхши бўлиб қолди. Тўғри, бир маротаба срочно пул топиб бера олмадик – чиқариб юборишувди. Иш берувчи пул бермай қолувди, ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Пул топиб келгунимча 5-6 соат кўчада қолди, дейди Шоҳруҳ.

Озодлик сўровига Скилифосовский шифохонасида пул тўлай олмаган ўзбекистонлик беморнинг кўчага чиқариб юборилгани борасида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдиришди.

Жавлонбекнинг касалхонадан чиқариш қоғози
Жавлонбекнинг касалхонадан чиқариш қоғози

Суҳбатдош акаси билан бирга шифохонада яна бир унданда оғир аҳволда қолаётган Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидан бўлган ватандош борлигини маълум қилди.

- 31 август куни бўлганди. Стройкада кўп қаватли уйда ишлаётган эдик. Кимдир атайлаб қилганми, билмадим – платформани арматурасини тортворган. Тепада икки киши бўлган – қорақалпоғистонлик бир бола ва мени акам ерга қулаган. Шунда қорақалпоғистонликнинг умуртқаси синиб кетган – ҳозир белидан пасти сезмайди, ётибди. У ҳам шу ерда оғир аҳволда, деди Шоҳруҳ.

Фарғоналик бу муҳожир йигит, шифокорларнинг сўзларига таяниб, Жавлонбек қорин қисми билан майда арматуралар устига қулаб тушгани ва йиқилганда ичаклари узилиб кетганини ҳам айтди.

Шоҳруҳ билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00
Бевосита линк

Шоҳруҳ Жавлонбек Латифжонов даволаниш пайтида моддий қийинчиликка учраганини эшитган айрим ватандошлардан ёрдам кела бошлаганини маълум қилди. У қўшни палатада умуртқаси узилиб ётган ўзбекистонлик мигрант ҳам моддий ёрдамга муҳтож экани турган гап, дейди.

Озодлик Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа ўлкаларда меҳнат қилаётган ва қийин ҳолатга тушаётган ўзбекистонликлар борасида кўп маротаба олдин ҳам хабар берган.

“Муҳожирларга кўмаклашувчи жамғарма тузиш керак!”

Озодликка Лондондан уланган ўзбекистонликлардан бири Москвадаги қурилишда оғир жароҳат олган муҳожир йигитларга ёрдам берувчилар сони жуда кўплиги, аммо уларга йиғилажак маблағни ҳориждан етказиб бериш жиддий муаммога айланиб бораётганини билдирди.

Англия пойтахтида истиқомат қилаётган Нилуфар Рашидова бундай ҳолатларга кўпдан буён гувоҳ бўлаётганини айтаркан, муҳтож бўлган мигрантларга ёрдам берувчи жамғарма тузиш вақти етиб келди, деган фикр билдирди:

- Мен Бибисининг ўзбекча сайтида Жавлонбек шифохонада ётгани ва операцияга пул етмай қолгани ҳақида эшитиб қолдим ва жуда ачиндим. Пул етмагани учун Жавлонбекни болнисада операциясини охиригача битиришмабди. Шундан кейин у билан боғланишга уриниб кўрдим. Ўша болани ҳикояси остида Фейсбукда ёрдам бермоқчи бўлганлар комментлари 300 ошиқлигини кўриш мумкин. Одамлар ёрдам берайлик деяпти, аммо менга ҳам қийин бўлаяптики, шу одамни ёки уни оиласини топиш.

Мен пул юбориб, шу болага тезроқ пулини етказишга ҳаракат қилмоқчиман. Мен икки-уч марта Россиядаги ўзбекларга ёрдам берганман. Одатда PayPal ёки “Вестерн Юнион” орқали юборардим. Аммо жуда қийналдим юборишга! Менимча, оғир аҳволда қолган одамларга ёрдам берувчи қандайдир жамғарма тузиш керак, деган фикр келди. Элчихонамиздан ёрдам кутмаса ҳам бўлади. Бу иш билан ўша ердаги диаспоралар ёни ўзбеклар расмий иттифоқлари шуғулланиши лозим, деди Нилуфар Рашидова.

Нилуфар Рашидова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:27 0:00
Бевосита линк

Нилуфар Интернет тармоқларида ўз ҳисоб рақамларига эга бўлмаган кўплаб ватандош муҳожирларга Россияга маблағ юбориш қийин бўлмоқда, дейди.

Нилуфарнинг фикрича, Россияга киритилган санкциялар туфайли юридик шахслар томонидан чет элдан маблағ ўтказилишига жиддий тўсқинликлар мавжуд. Шунингдек, Россияда тайинли яшаш жойига эга бўлмаган, пулсиз-кўмаксиз қолган, кўп ҳолларда компьютер ва бошқа алоқа воситаларидан узилган меҳнат муҳожирлари билан алоқа қилиш ёки уларга пул ўтказиш билан боғлиқ муаммолар борлиги айтилди.

Таъкидлаш жойизки, айрим ҳолларда мушкул вазиятга тушган мигрантлар Интернет ва матбуотда номлари тарқалишини истамайди ва “бир амаллармиз” қабилида иш тутади. Юқорида айтилганга Россияда мигрантларга кўмаклашувчи жамоат ва давлат ташкилотларининг озлиги, мавжуд диаспора ва ваколатхоналар эса ёрдамга муҳтож мусофирлар талабларини қондира олмаслигини қўшимча қилмоқ зарур.

Шунингдек, суҳбатдош оғир аҳволга тушган юртдош аёл-эркаклар борасида Интернет тармоқларида албатта саҳифа бўлиши ва истаган одам хоҳлаган пайтда у орқали ёрдам сўрашга имкони бўлишини алоҳида урғулади.

“У ерда бизнинг фарзандларимиз ишлаяпти!”

Ўзбекистон ҳукумати Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар муаммоларига йиллардан буён бефарқ қараб келди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг 19 июнида Жиззах вилоятига қилган сафари чоғида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳатто дангасага чиқарган эди.

Бироқ, президент Шавкат Мирзиёев Россияда юрган ўзбекистонликлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш лозимлиги ҳақида ўз чиқишларида тез-тез гапиришни бошлади.

- Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлишидан қатъий назар ишлаши, оиласи - бола-чақасини боқиши керак. Россия Федерацияси билан қўл қўйилган миграция бўйича муҳим келишув йиллар давомида – 10-15 йил давомида, - бизга азоб бериб келарди. Бизга ёқадими-ёқмайдими, бизнинг фарзандларимиз ўша ерда ишлаяпти! Уларнинг тинчлиги-осойишталиги бизга керак.

Шунинг учун биз икки тарафлама шартнома имзоладикки, раҳбарлари олдида бу масалани кўндаланг қўйдик: “Худо ҳайрларингни берсин, сизларнинг иқтисодиётларингга бизни халқ хизмат қилаяпти. Ўзбекистондан келган ҳар бир фуқарони сизлар тинчлигини, соғлигини кафолатлаган шароитларни яратиб беринг”, деб, биринчи маротаба қўл қўйдик, деб эди Россияга биринчи сафаридан қайтган президент Шавкат Мирзиёев.

Президент сўзларидан кейин Ўзбекистон ҳукумат идоралари ҳам янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартириши ҳамда муҳожирларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда улар ишлаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этишини билдирди.

Жумладан, вазирлик ҳузуридаги Миграция агентлигининг хориж мамлакатларида ваколатхоналарини очиш масаласи ишлаб чиқилгани, Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида меҳнат мигрантларига ҳамкорликда кўмаклашишга қаратилган турли марказлар очилаётгани, “меҳнаткаш-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш” ва уларни уюштирилган ҳолда ишга жўнатиш дастурлари ишлаб чиқилгани ва кўплаб бошқа ижобий ҳаракатлар бошлаб юборилгани айтилди.

Аммо, Ўзбекистон расмий идоралари фаоллигига қарамасдан, Россиядаги муҳожир ишчилар ўз аҳволида бу ўзгаришларни ҳозирча сезмаётганини билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG