Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Ҳамма ичган, форма йўқ, овқат бермайди". Сафарбар қилинганлар фронтга бормасдан ўлмоқда


Мобилизация қилинганларни жўнатиш. Томск, Россия.
Мобилизация қилинганларни жўнатиш. Томск, Россия.

Путин сафарбарлик эълон қилган 21 сентябрдан бери Россияда ҳали фронтга жўнамай туриб сафарбарлик жамлоқларининг ўзида 17 киши ўлди. Бу – жамоатчиликка маълум бўлгани, холос.

Ўлганлардан баъзилари жиддий касал бўлган ва вақтинча жамлоқлардаги оғир шароитда хасталиги зўрайиб кетган экан. Яна бир неча кишининг ўлими сабаблари эса мавҳумроқ – уларнинг қариндошлари Сибирь.Реалии билан суҳбатда жасадларда калтак излари бўлганини, сафарбарлик жамлоқларида ичкиликбозлик туфайли муштлашувлар бўлиб туришини айтишди.

“Расмига қарасам, дод дегим келади”

Братсклик 35 ёшли Александр Колтун 28 сентябрда ўз ихтиёри билан ҳарбий комиссариатга борган. Ўша куниёқ уни сафарбар қилинган бошқаларга қўшиб Новосибирскка – ҳарбий билим юрти базасидаги жамлоққа жўнатганлар. 2 октябрь куни Колтун сўнгги марта онасига қўнғироқ қилади, кейинги тунда эса қариндошлари унинг ўлганидан хабар топадилар.

– Ярим кечаси келиним Галя телефон қилиб, Саша ўлганини айтди, – ҳикоя қилади Александрнинг онаси Елена Гудо. – Аниғини ҳануз билмаймиз: бир хонага кириб, бурчакка ўтиргану ўлиб қолган эмиш. Ўша ҳолатда топишган, менга фотосуратини юборишди: ўғлим худди кичрайиб қолганга ўхшайди... Бу ҳақда гапириш менга жуда оғир, расмига қараганимда эса дод дегим келади. Ўғлим яқинда чурра бўлган эди: ўзи парво қилмади, боз устига тиббий кўрик умуман бўлмаган, ҳатто номига бўлса ҳам текширишмаган! Энди бўлса, сафарбар қилинганига қарамай, у ҳарбий деб ҳисобланмаслигини айтишяпти. Бу қанақаси?

Александрнинг ўлими ҳақида қариндошларига унинг бирга сафарбарликка олинган дўсти хабар қилган экан.

– Ҳарбий комиссариатдан ҳеч ким қўнғироқ қилмади барибир, – дейди Елена Гудо. – Мен ўзим телефон қилдим, у ердагилар ҳам ҳеч вақони билишмайди: нима бўлган, кўнгиллиларга ваъда қилинган 300 мингни олишга ҳақлимизми, йўқми – тайинли гап айтишмади. Ўлим ҳақидаги хулосанини ҳалигача беришмади. Юраги хуруж қилган, дейишяпти, аммо Сашада бунақа муаммо йўқ эди, ҳарқалай юрагидан шикоят қилмаган сира.

Александр Колтун онаси Елена Гудо билан.
Александр Колтун онаси Елена Гудо билан.

Елена ўғли Новосибирскка кетаётганида ёнида етти минг рубль пули бўлганини, аммо 2 октябрь куни қўнғироқ қилганида пули аллақачон тугаганини айтади.

– Аскарлар жамлоғини расво жой деганди ўғлим, – давом этади аёл. – Ит эгасини танимайди, кун бўйи сандирақлаб юрамиз, кўпчилик сурункасига ичяпти, на уст-бош беришди, на овқат. Уйдан олиб келган озиқ-овқатимиз тугаёзган, деб арз қилганди. Армия шунақа бўладими ахир?

Александр Колтун хотини Галина билан олти фарзандни тарбиялашарди. Улардан тўрт нафари – Галинанинг биринчи турмушидан. Александрнинг ҳам аввалги никоҳидан 13 яшар қизи бор эди. Оила – етим бўлгани учун Галинага давлат томонидан берилган бир хонали квартирада яшаган.

Колтун дастлаб қўриқчи бўлиб ишлаган бўлса, кейинроқ Братскда пойафзал таъмирлаш устахонасини очган эди.

Оиланинг дўсти Анастасия Пестовага кўра, қариндошлари Александрнинг кўнгилли бўлиб урушга кетишига қарши бўлганлар.

– Топиш-тутиши яхши эди, хотини ҳам тузуккина ойлик оларди, яъни у армияга пул учун боргани йўқ. Онаси билан хотини тавалло қилганига қарамай, ўз ихтиёри билан военкоматга борди: мен десантда хизмат қилганман, барибир чақиришади, ундан кўра ўзим борганим маъқул, деб туриб олди. Мана оқибат, – уф тортади Анастасия. – Ўлими олдидан жамлоқда нималар бўлганини эшитиб тепа сочим тикка бўлди, ҳамон ўзимга келолмаяпман. Фожиадан бир неча кун бурун қўнғироқ қилганида “Ҳатто каравот беришмаган, бетон устида ётибмиз. Иссиқ овқатимиз йўқ. Одамлар очлик ва совуқдан асабийлашиб, ҳар куни жиққа-мушт бўлаяпти”, деган эди. Сибирь иқлимида одамларни шу аҳволда қолдиришган, тасаввур қиласизми?

Мобилизация қилинган Александр Колтун (ўнгда)
Мобилизация қилинган Александр Колтун (ўнгда)

Одамлар нима қилишсин? Ичини илитиш учун, қолаверса бекорчиликдан ичкиликка ружу қўйишган-да. Ичкилик бор жойда жанжал чиқади. Александр ичмасди, аниқ биламан, лекин бошқаларнинг жанжалига аралашиб қолган бўлиши мумкин. Ўзи беҳудага биров билан ёқалашмасди.

Сашанинг ўлимини онасига қай тарзда маълум қилишганини биласизми? Бирга аскарликка кетган дўсти унинг бетон устида тиришиб, ўлим билан олишиб ётган ҳолатини расмга олиб, онасига жўнатган. Онанинг ўшандаги аҳволини таърифлашга тил ожиз! Қарғамаган кишиси қолмади. Ҳозир сал ўзини босиб олган, лекин дард анча ҳоритиб қўйди уни. Кичик ўғли ёнида, шу уни тутиб турибди.

Саша айнан нимадан ўлганини ҳозирча билмаймиз. Лекин ҳар хил тахминлар айтилаётгани жуда шубҳали. Елена тезроқ жасадни кўрмоқчи: агар ўғлининг кўкарган ёки тилинган жойлари бўлса, экспертизага беради. “Ўғлимни соппа-соғ жўнатган эдим, бекорга ўлиб кетиши мумкин эмас”, дейди.

Биласизми, улардан олдин Украинага урушга кетган ҳарбийларнинг кийим-кечагига бутун шаҳар пул йиққанмиз. Давлат бир чақалик ёрдам бермаган, – дея сўзини якунлайди Анастасия.

Сибирь.Реалиига маълум бўлишича, Александр Колтун 10 октябрь куни Братскда дафн қилинибди. Жасадни олиб келиш ва кўмиш қариндошларга 180 минг рублга тушган. Братск шаҳри маъмурияти бу харажатларни қоплашга ваъда берган.

– Ўғлимнинг урушга боришига тиш-тирноғим билан қарши эдим. Оиланг катта, уларни қандай кўзинг қияди, деб хўп ялиндим. Йўқ, эрта кетсам, эрта қайтаман, деб туриб олди... Менинг тақдирим барча оналарга сабоқ бўлсин, – деди Елена Сибирь.Реалии мухбири билан сўнгги бор суҳбатлашганида.

“Қорни моматалоқ эди”

44 яшар Денис Козловни ҳарбий жамлоқдан Челябинскдаги Кизилбулак қишлоғига занбилда олиб келишибди.

– Чақирув қоғози келганида биз қаршилик қилмадик, чунки ўғлим болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилган, Челябинск танкчилар билим юртини тамомлаган, Улан-Уде шаҳридаги қисмда бир оз хизмат ҳам қилган, – дейди Дениснинг онаси Зоя Козлова. – Аммо соғлиғида муаммо бор эди: мартдан бери тиззасини даволатар, яқинда операция бўлиши керак эди. Шундай бўлса ҳам, армиядан қочди деб таъна қилишларини истамай, комиссариатга борди. Касалини айтиб, ҳужжатларини кўрсатиб, пича вақт сўрамоқчи эди. Лекин тиббий кўрик умуман бўлмапти, дарҳол автобусга ўтқазиб, йиғин жойига юборишибди.

Козлов Аргаяш туманидан аскарликка олинганлар қаторида 27 сентябрь куни ҳарбий тайёргарлик марказига жўнаб кетади. Уч кун ўтгач қариндошларига Денис уйга қайтаётганини хабар қиладилар. Бироқ у тез тиббий ёрдам занбилида қайтганди.

– Денисни машинадан тушириб олиш учун қўни-қўшниларни ёрдамга чақирдим. Ўғлим ўз оёғи билан юра олмасди. Ҳуши жойида эдию лекин мен билан отасини бир қарашда таний олмади, – дея хотирлайди Козлова.

Денисни уч кундан сўнг – 3 октябрда дафн қиладилар.

– Военкоматдагилар ўғлим тиззаси хаста бўлгани учун қайтарилганини айтишяпти. Лекин унинг бурни синган эди, занбилда тушираётганимизда қорни кўкариб кетганини ҳамма кўрди. Аниқ биламан, ўғлимни қаттиқ калтаклашган. Бироқ ҳозир ҳеч нимани исботлай олмайман! Қўлимда Дениснинг касалликдан эмас, калтакдан ўлганини тасдиқлайдиган бирон қоғоз йўқ, – дейди она.

Денис билан бирга аскарликка жўнаганлар Еландаги ҳарбий жамлоқда у аллаким билан муштлашиб, бошидан зарба еганини билдиришган. Ота-она ҳарбий қисм командирлари телефонда “ўғлингиз қорин соҳасига тўмтоқ буюм билан етказилган жароҳатдан вафот этди”, дейишган бўлса-да, расмий тиббий хулосада бунақа гап йўқлигини айтишмоқда.

Яна камида 15 киши ўлган

21 сентябрдан бери Россиянинг турли ҳудудларида сафарбарликка олинганлардан камида 17 киши вафот этгани расман тасдиқланди.

Улардан бир қанчаси юрак хуружи ва бошқа касалликлардан ўлган. Бир неча киши эса ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

Журналистлар хасталикдан ўлган ҳарбийлар тиббий текширувлардан “соғлом” деб топилганини қайд этганлар.

Шунингдек, улар орасида “ўлими сабаби аниқланмаган”лар ҳам бор.

Форум

XS
SM
MD
LG