Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Муҳожирларга патент сотишдан Россия 57 миллиард рубль даромад кўрди (ВИДЕО)


Меҳнат муҳожирларига патент сотишдан Россия 2018 йилда 866 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад кўрди. Ўтган йил давомида Россияда мигрантларга жами 1,7 миллион ишга рухсатнома расмийлаштирилди.

Меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришдан Россия ҳукумати 2018 йилда 57 миллиард рубль (~866 млн. АҚШ доллари) фойда кўрди.

Бу ҳақда журналистларга Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Валентина Казакова хабар қилди:

- Ўтган йил давомида ҳаммаси бўлиб 1 миллион 700 минг панент расмийлаштирилиб, улардан давлат субъектларига тушган аванс тўловлари миқдори 57 миллиард рублни ташкил этди.

Казакова хоним, шунингдек, Россиянинг ҳар бир минтақасига меҳнат муҳожирлари оқимини камайтириш ҳуқуқи берилган бўлиб, фақат иккита вилоятгина бу ҳуқуқдан фойдаланган.

- Агарда субъектга меҳнат муҳожирлари бошқа керак бўлмаса улар патент беришни чеклашга ҳақли. Аммо патентлар пайдо бўлганидан бери фақат иккита минтақа бу ҳуқуқдан фойдаланган – бири Калининград футбол бўйича Жаҳон Чемпионати пайтида. Асосан субъектлар ишга рухсатнома беришни чеклашмайди ва биз тушунамизки у ерда ишчи кучи зарур, дея хулоса қилди Миграция департаменти раҳбари.

Россия полицияси келтираётган рақамлардан 2019 йил бошида Россияда яшаётган хорижликлар сони 10 миллионга етганини кўриш мумкин. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 500 минг кишига кўпроқдир.

Келтирилган рақамларга биноан, 2018 йилда Россия пойтахтида қайта патент расмийлаштирган мигрантлар сони 61 фоизни ташкил этган. Мигрантлардан энг катта даромад кўраётган Москва шаҳри бюджетига 2018 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида меҳнат муҳожирларига сотилган ишга рухсатномалардан тушган даромад 12 фоизга ошган ва 15,9 млрд. рубл ёки 242 миллион долларни ташкил этган.

Миграция департаменти вакиласи меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан бўлиб, уларнинг аксар қисми Россиянинг Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург шаҳри ва Ростов вилоятида жойлашганини маълум қилди.

Бундан олдинроқ Валентина Казакова 2017 йилда мигрантларга ишга рухсатнома сотишдан Россия 51 миллиард рубль миқдорида даромад олганини хабар қилганди.

2019 йилнинг январидан бошлаб Россиянинг деярли барча минтақаларида патент нархлари қимматлаган тўғрисида хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG