Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Россиялик ҳуқуқ фаоли: Путин Украинада Чечен урушидаги усулларни қўллаши мумкин


Иккинчи Чечен уруши пайтида Грозний вайроналари орасида юрган аёл. 2000 йил, февраль.
Иккинчи Чечен уруши пайтида Грозний вайроналари орасида юрган аёл. 2000 йил, февраль.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоллари Москванинг Украинадаги уруш ҳаракатлари секин кечаётгани боис Путин 1990 йиллар ва 2000- йилларнинг бошларида Чеченистон шаҳарларини вайронага айлантирган уруш тактикасига яна мурожаат қилиши мумкинлигни тахмин қилмоқда.

“Мемориал” халқаро директори Александр Черкасовнинг 4 март куни “Настояшчее время” телеканалига айтишича, Украинадаги Россия кучлари аҳоли турар-жойларини асосан артиллерия ва ракета зарбалари билан нишонга олишга ўтган.

“Путин Украинадаги урушни ҳам худди Чеченистонда бўлгани каби бошлади. Ўшанда ҳам чечен уруши қуролли можаро сифатида тавсифланмаган ва “аксилтеррор операцияси” деб номланган эди”, дейди Черкасов.

Биринчи Чечен уруши 1994-96 йилларда бўлган. Иккинчи Чечен уруши эса 1999 йилда бошланган. Москва Чеченистонда Россиядан ажралиб чиқишни мақсад қилган сиёсий ҳаракатларни ҳарбий куч билан бостирган. Кремлнинг Грозний ва Чеченистоннинг бошқа ҳудудларини бомбардимон қилиш оқибатида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Чеченистон урушида бўлгани каби, Россия ҳукумати халқ норозилигини бартараф этиш ва уруш борасидаги Кремль версиясини оммага сингдириш учун мамлакатда цензура ва қўрқитишга зўр бермоқда.

Украинага босқин бошланган 24февралдан бери расмийлар мамлакатда янги цензуралар жорий қилди. Кўплаб етакчи ахборот ташкилотлари фаолияти тақиқланиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ва веб-сайтлари блокланди. Янги қонунга кўра, Россия ҳарбий ҳаракатлари ҳақидаги расмий баёнотларга зид материалларни тарқатганлик учун 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланди.

Чечен уруши пайтида ҳам Украинадаги каби ҳарбий йўқотишлар дастлаб инкор этилган ва камайтириб кўрсатилган. Кремль Украинадаги можарони “террорчилар” билан ҳарбий кураш сифатида баҳолаган”, деди Черкасов.

Яна Грознийми?

1999 йилда президент Борис Ельцин томонидан кутилмаганда бош вазирликка сайланган Путин олдида Чеченистондаги исёнчиларга қарши ҳужумни назорат қилиш вазифаси турар эди.

Путин ўшанда босқинга тайёргарлик кўрилаётганини рад этган. Бироқ, ўн минглаб рус қўшинларига Грознийни ҳаводан ва артиллериядан бомбардимон қилиш ва мусулмонлар кўп бўлган бўлгинчи минтақага киришга буйруқ берилган.

Расм- Владимир Путин 1999 йил 1 октябрда Чеченистонга қуруқлик орқали ҳужум қилишга буйруқ берди.

"Давлат оммавий ахборот воситалари ўшанда ҳам ҳарбийлар фақат белгиланган объектларга зарба бераётганини айтган эди. Аммо, Грозний марказига , бозорларга ва ҳатто туғруқхоналарга ракета ҳужумлари бўлди”, дея таъкидлади Черкасов

Ўшанда биринчи Чечен уруши пайтида жиддий зарар кўрган Грозний БМТ томонидан дунёдаги энг кўп вайрон қилинган шаҳар сифатида таърифланган эди.

"Путин ўзини сиёсий камикадзе каби тутди. Бор сиёсий капиталини урушга ташлади ва можарони алангалатди", деб ёзган эди Ельцин ўз хотираларида.

Украинада жанглар авж олган. Россия қўшинлари артиллерия ва ракеталарга таяниб, қамалдаги Киев, Харьков, Мариуполь ва бошқа шаҳарлардаги турар-жойларни тобора кўпроқ нишонга олмоқда.

24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирганидан бери урушда 2000 дан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлди.

"Бу яна такрорланаётгани ҳақида ўйлаш мен учун даҳшатли", дейди Черкасов.

XS
SM
MD
LG