Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Кремл ҳарбий машинаси учун чиплар. Марказий Осиё санкцияларни четлаб ўтишда Россияга кўмаклашмоқда


Украина.
Украина.

Санкция остидаги товарлар Хитойдан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Россияга келишда давом этмоқда, деб ёзади Ғарб ОАВлари. Ўтган ҳафтада хориж матбуотида Туркий давлатлар ташкилоти аъзоларининг ҳарбий салоҳияти ҳам таҳлил қилинди, шунингдек Хитой Қозоғистоннинг нодир металл – литий захираларига қизиқаётгани ҳақида сўз борди.

АҚШ ширкатлари ишлаб чиқарган компьютер чиплари ва дронлар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Хитойдан Марказий Осиё орқали Россияга етказилмоқда ва бу Москва уруш учун зарур товарларни олиб келаётган йўлларни тўсиш қанчалик мушкуллигини кўрсатади, деб ёзади Wall Street Journal.

Мақола муаллифлари Лиза Лин ва Кларенс Леонга кўра, Ғарб икки мақсадли товарларнинг Россияга экспорт қилинишини ҳарчанд чекламасин, Марказий Осиё уларни етказиб беришда давом этяпти – бунга шимоллик қўшни билан юзлаб километрга чўзилган чегаралар, ношаффоф савдо сиёсати ва фойда кетидан қувган воситачилар шароит яратмоқда. Товарлар асосан Хитойдан ташилмоқда, жумладан йирик АҚШ ширкатлари Хитойда ишлаб чиқарадиган товарлар ҳам. Мазкур ширкатлар товарларимиз Россияга бизнинг рухсатимизсиз сотиляпти, дея ўзларини оқлашади.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

“Марказий Осиё савдо йўли сифатида жуда муҳим, чунки Ғарбда ишлаб чиқарилган кўплаб товарлар Россияга айнан шу йўналиш бўйлаб етказилмоқда. Бу микроэлектроника, автомобил эҳтиёт қисмлари, ҳарбий мақсадларда қўлланадиган товарлар ҳамда зеб-зийнат буюмлари ташиладиган асосий йўлакдир”, дейди Вашингтондаги C4ADS тадқиқот фирмаси таҳлилчиси Натали Симпсон.

АҚШ ва иттифоқчилари санкция солинган икки мақсадли товарлар рўйхатини тузган. Ўтган йили унда компьютер чиплари, подшипниклар дохил 45 хил товар номлари бор эди, 2024 йилнинг февралида рўйхат яна беш сатрга узайтирилди.

Хитой божхонаси маълумотига кўра, 2022 йил февралдан бошлаб Хитойдан Қозоғистон ва Қирғизистонга икки мақсадли товарларни экспорт қилиш кескин кўпайган. 2023 йилда, юқорида тилга олинган рўйхатдаги 45 хил маҳсулот экспорти бурноғи йилга нисбатан 1,3 миллиард долларга (ёки 64 фоизга) ошган. C4ADS таҳлилчилари ушбу товарларнинг катта қисми Россияга реэкспорт қилинганини айтишмоқда.

Дронлар санкцияланган товарлар рўйхатига киритилмаган. Хитой ҳам ўз ҳисоботида сўнгги икки йилда Қозоғистонга дронлар сотгани ҳақида маълумот берган эмас. Бироқ, савдо айланмасига доир қайдларга кўра, 2023 йилда Қозоғистон Хитойдан 5,9 миллион долларлик дронлар харид қилган, айни чоғда Россияга 2,9 миллион долларга дронлар етказиб берган.

C4ADS ширкати Россия божхона хизматининг очиқ маълумотларига таяниб, 2023 йилнинг дастлабки етти ойи мобайнида Қозоғистон ва Қирғизистон Россияга жами 64 миллион долларлик товарлар экспорт қилганини аниқлади. Бироқ ушбу маълумотлар тўлиқ бўлмаслиги мумкин.

Wall Street Journal ёзишича, ўтган йили АҚШнинг Vishay Intertechnology ширкати Хитойдаги заводида ишлаб чиқарган электрон бутловчи қисмлар Қозоғистонда рўйхатдан ўтган фирмага сотилган. Божхона маълумотларига кўра, мазкур фирма Vishay маҳсулотларини Россиядаги буюртмачига пуллаган. Украина ТИВ Vishay бренди маҳсулотлари Россия дронларида қўлланаётгани ҳақида баёнот берган эди. Кейинчалик АҚШ ва Евроиттифоқ товарларнинг Россияга етказилишида иштирок этган Elem Group ширкатига нисбатан санкциялар жорий этди.

Халқаро савдога оид ImportGenius маълумотлар базасига кўра, Elem Group 2023 йил март–август ойларида Россияга миллион доллардан ортиқ суммада маҳсулотлар етказиб берган, улар орасида Далласдаги Texas Instruments ҳамда Уилмингтондаги Analog Devices каби электроника брендларига мансуб товарлар ҳам бор. Elem Group товарларнинг катта қисмини Хитойдан олган. Фирма Россиянинг Украинага босқини бошланишидан бир оз кейин очилган бўлиб, 2022 йилда унинг даромади 14,5 миллион долларга етган. Ўтган йилнинг март ойидан бери Elem Group Қозоғистон фуқароси номида.

Туркий давлатлар ташкилотининг мудофаа салоҳияти

Туркий давлатлар ташкилоти мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишга интилмоқда, дейилади АҚШнинг Jamestown Foundation маркази сайтида эълон қилинган мақолада.

Мақола муаллифи, Озарбайжондаги Халқаро алоқалар таҳлил маркази тадқиқотчиси Васиф Гусейнов Боку яқинда бўлиб ўтган президент сайловидан сўнг Туркий давлатлар ташкилотига кўпроқ эътибор бераётганини урғулайди.

Ташкилотга Озарбайжондан ташқари, Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.

Туркия мудофаа ширкатларининг Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари билан шериклик лойиҳалари мазкур тузилма Евроосиё маконида йирик геосиёсий кучга айланаётганини кўрсатмоқда, деб ёзади муаллиф.

Украинага босқин: 233-кун | Кремль: Ғарбдан тўхтаган импортни Ўзбекистондан олишга тайёрмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:41 0:00

Гусейновнинг фикрича, аъзо давлатлар иттифоқчилик алоқаларини мустаҳкамламоқда, хусусан ҳарбий соҳада. Ўтган йилнинг ноябрида бўлиб ўтган Остона саммити якуний ҳужжатида “мудофаа саноати комлекси ва ҳарбий ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳақида гап боради. Ташкилотга аъзо давлатларнинг хавфсизлик ва мудофаа бўйича ҳамкорлиги ҳозирча кўпроқ икки томонлама шаклда олиб борилмоқда.

Хусусан, ўтган йилнинг февралида Қозоғистон парламенти Ўзбекистон билан бултур декабрда имзоланган иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Ҳужжатда томонлар бир-бирига қарши альянсларга кира олмаслиги белгиланган.

2022 йил майда Қозоғистон турк дронлари йиғувини ташкил қилиш ҳақидаги битимни имзолади. Ўтган йилнинг октябрида эса Қозоғистонда дронлар ишлаб чиқариш 2024 йилда бошланиши маълум қилинди.

Озарбайжон армияси ихтиёрида Туркиянинг турли русумдаги дронлари мавжуд. Улар Озарбайжон ҳамда Тоғли Қорабоғдаги армани кучлар ўртасидаги можарода муҳим вазифани бажарди. 2023 йил охирларида Ўзбекистон ҳам Туркиядан дронлар сотиб олди.

Гусейновга кўра, Туркий давлатлар ташкилоти аъзоларининг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги кенгайиши минтақадаги динамикани ўзгартиради: ташкилотга аъзо мамлакатлар хавфсизлик, стратегик мувофиқлаштириш ва ташқи сиёсатда умумий кун тартибини шакллантиришга устуворлик беришмоқда, дейди эксперт. Айни чоғда у, ташкилот доирасида ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Россия, Хитой каби йирик ташқи ўйинчилар билан муносабатлар ўртасида мувозанатни сақлаш зарурлигини ҳам эслатади.

Йирик кучларнинг Қозоғистон литийига қизиқиши

Қозоғистон ўзини жаҳон бозорига юқори сифатли литий етказиб бера оладиган муҳим манба ўлароқ кўрсатмоқда, энергия сақлаш технологиялари учун ниҳоятда зарур бўлмиш ушбу маъданга талаб эса тобора ортаётир, деб ёзади инглиз тилидаги Eurasianet сайти.

5 март куни Сеулда бўлиб ўтган конференцияда Корея геология ва минерал захиралар илмий-тадқиқот институти олимлари Шарқий Қозоғистонда жуда катта литий конлари топилганини маълум қилишди. Олимлар тахминича, майдони 1,6 кв.километрга тенг Бакен конида 15,7 миллиард долларлик минерал ресурслар мавжуд. Илгари ушбу конда тантал қазиб олинган.

Қозоғистон Геология хизмати эса литий захираси ҳажмини 75,6 минг тонна, дея кўрсатмоқда.

Ўтган йили майда Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган инвестиция форумида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев литий ишлаб чиқаришга сармоя киритишга чақирган эди.

Хитой литий ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш таклифига рози бўлса, у ушбу соҳадаги монополиясини мустаҳкамлаб олади, деб ёзади Eurasianet. АҚШ энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилда жаҳонда қазиб олинган литийнинг 60 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган.

Қозоғистон литийидан Европа ҳам манфаатдор. Ўтган йилнинг сентябрида Тоқаев Берлинда HMS саноат концерни раиси Деннис Швиндт билан учрашган эди. Швинт уни Шарқий Қозоғистонда литий ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича қиймати 500 миллион долларлик лойиҳа билан таништирган. Мазкур воқеадан бир ой олдин HMS литий, кобалт, никел, тантал ва бошқа нодир металларни қидириш ва қазиб олишга рухсат берилган икки қозоқ ширкатининг акцияларини сотиб олган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG