Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:06

Россия ва Хитойнинг янада яқинлашуви Ўзбекистон ва минтақа учун нимани англатади?


Хитой раҳбари Си Цзиньпин Самарқандга ташрифи чоғида. 15 сентябрь, 2022
Хитой раҳбари Си Цзиньпин Самарқандга ташрифи чоғида. 15 сентябрь, 2022

Москвада Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашувдан кўп ўтмай, Хитой етакчиси Си Цзиньпин Марказий Осиёга диққат қаратди ва Россиянинг Украинага босқини оқибатлари дунёни ларзага келтиришда давом этаётган бир вақтда, май ойида саммит ўтказиш режасини эълон қилди.

Москванинг Украинага бостириб кириши оқибатларига қарамай, Си ва Путин ўзаро муносабатларида янги давр бошланганини эълон қилишди. Бу муносабатлар Марказий Осиё учун катта таъсир кўрсатиши тайин.

Кремль Марказий Осиёни ўзининг стратегик орқа ҳовлиси деб кўради, аммо минтақадаги беш мамлакат учун Хитой асосий иқтисодий куч сифатида Россия ўрнини эгаллаб бўлган. Москванинг Украинадаги уруши геосиёсий ва иқтисодий тўлқинларни ўзгартирди ва Хитойнинг минтақадаги роли ошди. Хитой дипломатик саммитлар ва янги ташаббуслар орқали Марказий Осиё ҳукуматлари Хитой, Россия ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаш учун қўллаётган тартибни бўшаштириб юборди.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Таҳлилчилар фикрича, Си-Путин шериклиги ва ҳамкорлиги кучаяркан, Марказий Осиё энди аввалгидан ҳам ноқулайроқ вазиятда қолган.

“Россия ва Хитой ўртасидаги ўсиб бораётган ҳамкорлик Марказий Осиёни бефарқ қолдирмаяпти, деб ўйламайман, – дейди Озодлик билан суҳбатда Карнеги жамғармаси эксперти Темур Умаров. – Аммо ушбу давлатлар ташқи сиёсатининг бу катта ўзгаришларга қандай мослай олиши катта савол."

Янги йўл топиш

Бир пайтлар Пекин Марказий Осиёда Россияни хафа қилмаслик учун эҳтиёткорона йўл тутар эди, чунки Кремль минтақадаги таъсирини мустаҳкам ҳимоя қиларди.

Аммо сўнгги йилларда бу ўзгарди.

Пекин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) кўлами ва миқёсини кенгайтирди ва дипломатик ҳамкорликни кучайтириш, хавфсизлик кучларини кўпайтириш орқали минтақадаги етакчи ролини қувватлашга ҳаракат қилди.

Сентябрь ойида Си Цзиньпин Ковид-19 пандемиясидан кейинги илк хориж сафарини Қозоғистондан бошлади, сўнг ШҲТ йиллик саммити учун Ўзбекистонга борди. Пекин Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама дипломатик алоқаларни кучайтирди ва минтақа ҳукуматлари билан Москвадан алоҳида ва кўпроқ мулоқот қилди.

Хитой расмийлари Марказий Осиё раҳбарлари билан ҳам виртуал саммитлар ўтказмоқда – май ойида бўлиб ўтадиган учрашув минтақа етакчилари ва Си ўртасидаги биринчи юзма-юз учрашув бўлади.

Аммо режалаштирилган саммит уруш бошланганидан бери Хитой таъсири қандай кучайиб, Россия таъсири сусайиб бораётганини кўрсатса‑да, Умаровнинг айтишича, Пекин ва Москва минтақада рақобатлашмайди.

“Мен буни Москванинг жиғига тегишга уриниш, деб билмайман. Хитой минтақада Россияни сиқиб чиқаришни, ҳатто унинг ўрнини босишни ҳам хоҳламайди, – дейди у. – Аслида, [Хитой] Россия билан яхшироқ мувофиқликда ишламоқда ва бу Пекиннинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларига мос келади”.

21 март куни Москвадаги музокаралар якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда Си ва Путин Марказий Осиёдаги умумий манфаатларини баён қилиб, “Марказий Осиё давлатларини ўз суверенитети ва миллий тараққиётида қўллаб-қувватлаш” ҳамда уларнинг суверенитетини ҳимоя қилишда биргаликда ҳаракат қилишларини таъкидладилар.

Ғарбнинг Евроосиёдаги сиёсати ҳақида гап кетганда, рангли инқилоб ҳақида огоҳлантиришлар Пекин ва Москванинг доимий иши бўлиб келган.

Си бу атамани 2022 йил январида Қозоғистондаги тартибсизликларни тасвирлаш учун ҳам ишлатган.

Марказий Осиёдаги бўлажак инқирозлар олдини олиш бўйича потенциал режада Пекин сиёсат ва хавфсизликдаги асосий ўйинчи ролини Россияга топширди.

Аммо Пекиннинг Россия ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё билан муносабатларини ўрганувчи Фростбург университети профессори Хаюн Ма Озодлик билан суҳбатда ўшандан бери Москванинг таъсири пасайгани ва минтақа ҳукуматлари сиёсий жиҳатдан Москвадан узоқлашишга ҳаракат қилганини айтади.

“Марказий Осиё давлатлари Россиянинг сиёсий ва ҳарбий тазйиқларидан кўра Хитойнинг иқтисодий ва тинч ривожланишини афзал кўриши аниқ”, дейди у.

Мураккаб воқелик

Бу ўзгариш Пекин учун янги имкониятлар очди, чунки у АҚШ билан рақобат кучайган бир пайтда ўзининг ғарбий чегараси бўйлаб таъсирини кучайтиришга интилмоқда.

Жорий йил охирида Си Цзиньпин Марказий ва Жанубий Осиё муҳим ўрин эгаллаши мумкин бўлган Хитой сармоявий ташаббуси бўлмиш “Бир макон, бир йўл”га бағишланган жаҳон етакчиларининг учинчи халқаро форумига раислик қилади. Пекин ва Москва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан уйғунлаштириш йўлларини изламоқда. Хитой Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини молиялаштиришга розилик берган.

"Марказий Осиё давлатлари Хитой-Россия муносабатларини яқиндан кузатмоқда, – дейди Ма. – Бир томондан, Хитой ва Россия ўртасида иқтисодий бўлмаган соҳаларда яқинроқ ҳамкорлик яхши янгилик эмас. Бошқа томондан, Хитойнинг Марказий Осиё [ва Россия] учун иқтисодий режаси жозибадор”.

Россия заифлашгани ва Москванинг Украинага асоссиз ҳужуми туфайли минтақа давлатларидаги хавотирга қарамай, Марказий Осиё давлатлари унинг санкциялар тушовлаб қўйган иқтисодиётидан унумли фойдаланишга муваффақ бўлди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россия миллионлаб марказий осиёликлар учун асосий манзил бўлиб қолмоқда, муҳожирлар ўз уйларига юборган пул ўтказмалари босқиндан олдинги даражада турибди ёки баъзи ҳолларда ҳатто ўсиб бормоқда.

Россия ва Марказий Осиё, хусусан, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳам 2022 йил февраль ойидан бошлаб ўсди, чунки Москва Европа импорти ўрнини қоплаши ва ўз маҳсулотларини сотиши керак эди.

“Хитой ва Россия Марказий Осиё учун муҳимдир ва улар Евроосиёдаги икки йирик давлат билан муносабатларини хавф остига қўймайди, – дейди Умаров. – Бунинг салбий томони шундаки, минтақада Ғарб таъсири муқаррар равишда камаяди”.

Форум

XS
SM
MD
LG