Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Саида Мирзиëева Глобал аëллар форумида Ўзбекистон намояндаси сифатида сўзга чиқади


Дубай форумида сўзга чиқувчилар орасида Саида Мирзиëева ҳам бор.
Дубай форумида сўзга чиқувчилар орасида Саида Мирзиëева ҳам бор.

16-17 февраль кунлари Дубай шаҳрида амир Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтумнинг қизи Манал бин Муҳаммад бин Рашид ал Махтум ташаббуси билан Глобал аëллар форуми ўтказилади.

Дубай форуми расмий сайтида ëзилишича¸ икки кунлик анжуманда дунëнинг 87 давлатидан келган 3000 дан ошиқ делегат иштирок этади.

Форумда 100 дан ошиқ халқаро майдонда танилган аëл сиëсатчилар¸ давлат ва жамоат арбоблари сўзга чиқади.

Улар орасида Буюк Британия собиқ Бош вазири Тереза Мэй¸ Халқаро валюта жамғармаси ижроия директори Кристалина Георгиева¸ АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп бор.

Форум биринчи кунида сўзга чиқадиганлар рўйхатига Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëева ҳам киритилган.

Ўзбек жамоатчилигига президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг муовини сифатида танилган Саида Мирзиëева 2020 йилнинг 29 январь куни бу лавозимдан кетганини эълон қилди.

Глобал аëллар форуми расмий сайтида Саида Мирзиëева “Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси” сифатида тақдим этилган.

2019 йил 2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиëев “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Бу қонуннинг 10-моддасига кўра¸ “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади”.

Президент тўнғич қизининг гендер тенглик бўйича давлат сиëсатини ижро қилувчи бу комиссияга аъзо этиб тайинлангани ҳақида ҳозиргача жамоатчиликка маълум қилинмаган.

Ўзбекистон жорий 1-оиласи Дубай амири билан оилавий борди-келдини йўлга қўйган. Хусусан¸ 2019 йил ëзида Мирзиëевлар оиласининг эркаклари Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтум ўғилларининг тўйида қатнашган бўлса¸ ноябрь ойида Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактум Ўзбекистонда президент куëвларининг хос меҳмони бўлди.

Яқинларгача президент администрациясида ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг муовини бўлган Саида Мирзиëева АОКА расмийси сифатида ўтган йил Дубай амирлиги Медиа офиси вакилларини Тошкентда меҳмон қилган¸ октябрь ойида эса¸ ўзи ҳам БААга сафар қилган эди.

XS
SM
MD
LG