Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:39

"Суянчиқ", спорт ва сайловлар. Салимбойваччани Қирғизистон билан нима боғлайди?


Салим Абдувалиев Қамчи Колбаев ва Шаршенбек Абдикеримов билан. Коллаж.
Салим Абдувалиев Қамчи Колбаев ва Шаршенбек Абдикеримов билан. Коллаж.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Салимбойвачча лақаби билан машҳур Салим Абдувалиевни ҳибсга олди. Абдувалиевнинг довруғи қўшни Қирғизистонга ҳам етган. Ўтган йили Қирғизистонда бўлган сиёсий жанжаллар унинг номи билан боғланади.

Салимбойваччанинг Қирғизистонга таъсири ва алоқалари

Ўзбекистон ОАВлари хабарига кўра, Абдувалиев 1 декабр куни қўлга олиниб, Тошкент шаҳар ИИББга келтирилган. Унга нисбатан терговгача текширув бошлангани айтилмоқда.

Шу муносабат билан Озодликнинг қирғиз хизмати Салимбойваччанинг Қирғизистондаги таъсири ва алоқаларига эътибор қаратди.

Салим Абдувалиев 2015 йилда Қирғизистон сиёсий доираларида кенг муҳокама қилинган эди. Ўша йили, парламент сайлови арафасида “Майдон” газетаси Абдувалиевнинг ишончли вакили этник ўзбекларни “Қирғизистон” партиясига овоз беришга кўндириш мақсадида мамлакатга келганини хабар қилган. Хабар жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган, партия эса ушбу маълумотни “бўҳтон” деб атаган.

Кейинроқ партия етакчиларининг Салим Абдувалиевнинг ишончли вакили Шомурод Шофайзиев билан учрашуви видеоси Интернетда тарқалди. Партия лидерларидан бири Қанатбек Исаев “мен ва партия асосчиси Шаршенбек Абдикеримов ростдан ҳам Абдувалиевни таниймиз, аммо фақат спорт орқали таниймиз”, дея баёнот берди. Ўша пайтлар Абдикеримов Қирғизистон миллий олимпия қўмитаси раҳбари эди. Исаев бошқа барча гап-сўзларни инкор этди.

Ўзбекистонлик тадбиркорнинг исми Қирғизистонда 2016 йилда ҳам тилларга тушган. Ўшанда Биринчи жамоат канали Эрнест Қарибеков бошлиқ қирғиз мухолифати “Салим Абдувалиев тарафдорлари орқали Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилгани” ҳақидаги суриштирувини эълон қилган, мухолифат эса, табиийки, тонган эди.

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:40 0:00

Абдувалиев кимнинг “суянчиғи” бўлган?

2018 йилда Салим Абдувалиев, қирғиз парламенти собиқ депутати Нурғози Айдаров ҳамда собиқ милиция ходими Жалил Атамбаев бир даврада ўтиргани акс этган видео пайдо бўлди. “Салимбой Қирғизбоевич – ёнимиздалар. Биз бу билан фахрланамиз! Салимбой ака бизнинг суянчиғимиз, у киши президентимиз Сооранбай Жээнбековни қўллаб-қувватлайдилар!” – дейишади улар кадрда.

Ўша пайтдаги президент аппарати видеога муносабат билдириб, Жээнбеков билан Абдувалиев ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини айтди.

Видеоролик билан бирга Салимбойваччанинг “Қирғизистон” партиясининг Жогорку Кенешдаги фракцияси депутатлари Дамирбек Асилбек уулу ва Салайдин Айдаров, шунингдек “Аю” ширкати раҳбари Шаршенбек Абдикеримов билан тушган сурати ҳам пайдо бўлди. Депутатлар фото спорт тадбири чоғида олинган, дея изоҳ беришди.

Кўп ўтмай Дамирбек Асилбек уулу “трансмиллий жиноий гуруҳга алоқадор” деган айблов билан Қозоғистонда ушланди. Икки йилдан сўнг уни озод қилдилар ва ҳозирда у Кураш федерацияси вице-президенти бўлиб турибди.

Қирғизистонлик таҳлилчи Тўлаган Келдибоев Салим Абдувалиевнинг Қирғизистондаги алоқалари ҳақида шундай дейди:

“Қирғизистонда унинг шериклари бўлган. Қолаверса, Салимбойнинг Ўзбекистондаги ширкати орқали Аравон ва Қизилқия заводларидан цемент ва бошқа товарлар жўнатилган. У нафақат Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиёда нуфузли криминал авторитет деб тан олинади. У нафақат Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда, балки бутун МДҲ мамлакатларида жиноят оламининг обрўли вакилларидан бири бўлган. Бизнинг жиноятчилар у билан бирга кўп қинғирлик қилганлар”.

Колбаев ва Салимбойвачча

Интернетда криминал авторитет Қамчи Колбаев билан Салим Абдувалиевнинг фото ва видеолари айланиб юрибди. Фотосуратларда Қирғизистонда қидирувга берилган ва МХДҚ Колбаевнинг “чўқинтирган отаси” деб атайдиган Азим Рой (Ўразохун Сайдазимов) ҳам бор.

Қирғизистонда “қонундаги ўғри” сифатида машҳур бўлган 49 ёшли Қамчи Колбаев 4 октябрь куни Бишкекда МХДҚнинг махсус амалиёти чоғида ўлдирилди. Шундан сўнг Қўмита мамлакатда жиноятчиликка қарши кураш бўйича кенг кўламли тадбирлар бошланганини эълон қилди, Колбаевга дахлдорлиги тахмин қилинган ўнлаб уюшган жиноятчиларни қўлга олди, яна ўнлаб давлат хизматчиларини бўшатди. Колбаевнинг умумий қиймати 1 миллиард долларлик активлари хатланди.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев мамлакатда “қоралар” ортиқ бўлмайди, деган гапни тез-тез такрорлайди.

“Уюшган жиноий гуруҳлар бирлашиб, бутун бошли давлат идоралари, тадбиркорлар ва оддий халқ устидан назорат ўрнатишибди. Биз бу ўргимчак тўрини яксон этиб, шу пайтгача ҳеч ким қила олмаган ишни қилдик. Бундан кейин бирон уюшган жиноий гуруҳ чиқиб “Биз Жалолободга қараб турамиз” деса, тадбиркорлардан ўлпон йиғса, ҳаммасининг оёғини синдирамиз. Шунақа одамлар бўлса, бизга хабар қилинглар, биз уларни майиб қиламиз”, деди Ташиев Жалолобод вилоятида жамоатчилик билан бўлган учрашув чоғида.

Қозоғистондаги махсус операция

Октябрь ойининг илк кунларида қўшни Қозоғистонда уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари ёппасига ҳибсга олина бошланди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, ДХҚ ва ИИВнинг Жамбил, Туркистон ва Жетису вилоятларидаги махсус амалиёти чоғида уюшган жиноий гуруҳларнинг 70 дан ортиқ аъзолари ушланган. Бир ойдан сўнг президентнинг расмий медиаси бўлмиш “Телерадиокомплекс” канали “Ликвидация” номли махсус фильмни намойиш этди.

Фильмда ДХҚ вакили Аркен Абдугали чегара ҳудудларда уюшган жиноий гуруҳлар чуқур илдиз отганини айтади. “Чегарага туташ туманлар ҳамиша уюшган жиноятчилар учун ноқонуний бойлик орттириш манбалари бўлган”, дейди у.

Маҳаллий “Жибек жоли” телеканали ушбу амалиётни Қозоғистонда жиноят оламига қарши сўнгги йиллардаги энг йирик амалиёт деб атар экан, уюшган жиноий гуруҳлар Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой билан чегарадош ҳудудларида тадбиркорларни талаб келганини урғулади.

Ҳокимиятга яқинлашган Салимбой Мирзиёевга "ҳеч кимни яқинлаштирмаслик"ка онт ичди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:42 0:00

“Жиноятчиларни наркотижорат бирлаштиради”

Салимбойвачча ҳибсга олингани ҳақида хабар чиққанидан сўнг ўзбек кучишлатар идоралари жиноий гуруҳлар аъзоларини ёппасига ушлаётгани маълум бўлди. Ўзбекистон ИИВ мамлакатда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кунлик кампания эълон қилди. ОАВ хабарларига кўра, Фарғона вилоятида турли жиноий гуруҳларнинг 20 дан ортиқ аъзоси қўлга олинган.

Шунингдек, яна бир бизнесмен – криминал доираларда "Қора Ғафур" лақаби билан танилган Ғафур Раҳимовга қидирув эълон қилинди. "Саидазиз медгородок" лақаби билан машҳур криминал авторитет Саидазиз Сайдалиев, "Бахти Ташкентский" лақабли 52 яшар Бахтиёр Қудратуллаевлар ҳам ҳибсда. ИИВ 5 декабр куни Достон Халилов исмли шахс Қирғизистонга қочиб ўтишга уринган чоғида ушланганини билдирди. У Бахти Ташкентскийнинг одами экани айтилади.

2012 йил 23 февралда АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовни санкция қўлланганлар рўйхатига киритиб, уни Евроосиё жиноят синдикати етакчиларидан бири деб топди. Ҳужжатда Раҳимов Марказий Осиёда наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи ўзбекистонлик криминал етакчи, дея таърифланади. Қирғизистонлик Қамчи Колбаев ҳам АҚШнинг “қора рўйхат”ида эди.

Эксперт Тўлаган Келдибаев Марказий Осиёда жиноят олами вакилларини наркотрафик ўзаро боғлашини айтади.

“Афғонистонда етиштириладиган афъюн Марказий Осиё орқали ташилади. Юклар Олой ва Боткен орқали ўтади. Шу боис ҳам наркотик моддалар савдоси жиноятчиларни бирлаштиради. Бахти Ташкентский каби авторитетлар мол чегаралардан ўтишини кафолатлаган. Минтақа жиноятчилари шу соҳада ҳамкорлик қилишади”, дейди Келдибаев.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов трансмиллий жиноий гуруҳларга қарши кураш масаласи Марказий Осиё ва МЛҲ мамлакатларининг хавфсизликка доир анжуманларида ҳамиша муҳокама қилинганини таъкидлайди.

“Трансмиллий гуруҳларга қарши бирга кураш олиб боришимиз кераклиги ҳақида ҳар доим гапирганмиз. Биз хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, вужудга келган хавф-хатардан огоҳлантирамиз”, дейдиИманқулов.

Яқинда Қирғизистон ИИВ “Уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги қонун ҳамда Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексга қўшимчалар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжатнинг асослама қисмида уюшган жиноятчилик мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётини издан чиқараётган, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган асосий омиллардан бири экани айтилади.

Қирғизистон ИИВга кўра, мамлакатда уюшган жиноий гуруҳларнинг 400 дан ортиқ фаол аъзоси мавжуд, уюшган жиноятчилик кўлами эса миллий хавфсизликка таҳдид солмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG