Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Сардоба тошқини: Ота-онаси уйида яшаган ёш оилалар уй ололмаяпти


Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та ҳовли-жой сув остида қолган
Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та ҳовли-жой сув остида қолган

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг навбатдаги санаси арафасида Сардоба тошқинидан зарар кўрган яна 30 киши ўзларининг уй-жой ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилиб Тошкентга, Вазирлар Маҳкамасига борди.

Аввалроқ Президентнинг Дўрмондаги қароргоҳига норозилик юриши қилган сардобаликлар Дўрмон яқинида тўхтатилиб, ички ишлар идорасига олиб кетилган ва у ердан сирдарёлик расмийлар ҳамроҳлигида уйларига қайтарилганди.

Тошкентдан қайтарилган сардобаликлар масаласи қандай ҳал бўлгани тўғрисида маълумоти йўқлигини билдирган Сирдарё вилоят ҳокимлиги расмийсининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокими 9 декабрда Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган тошқиндан зарар кўрган аҳолини қабул қилган.

Тошқиндан зарар кўрганлардан бири Озодликка 40 млн сўмлик товон пулини ололмаётганидан шикоят қилса, бошқаси на уй, на товон пули олганидан арз қилди.

Бир фарзанднинг онаси, сардобалик 37 яшар Мадина Ниёзова шу кунда Сирдарё туманида истиқомат қилмоқда. Турмуш ўртоғи коронавирус эпидемияси тарқалишни бошлаган пайтда иш излаб Россияга кетганича, Ўзбекистонга қайтолмаяпти.

Айтишича, Наргиза Сардоба фожиаси рўй берган куни ҳозир истиқомат қилиб турган уйида бўлган. Сардоба тумани Дўстлик маҳалласидаги икки қаватли 4/7 уйдаги уч хонали квартирасини эса, сув босган.

Мадина Ниёзованинг сув босган квартираси.
Мадина Ниёзованинг сув босган квартираси.

“Тумандаги 1- мактабда 16 йил ишлаганман, меҳнат ўқитувчиси, “Камолот” етакчиси бўлганман. Бир умр йиққан бисотим ўша уйимда эди. Сув босиб, яроқсиз аҳволга келди. Қўшниларим 40 миллион сўмдан товон пули олди. Лекин менга “сиз тошқин пайтида бошқа туманда яшагансиз”, деган баҳона билан 40 миллионни ҳануз беришмаяпти”, - деди Озодлик билан суҳбатда Мадина Ниёзова.

Ниёзованинг айтишича, у тошқиндан буён ўтган 6 ойдан ортиқ вақт мобайнида туман ва вилоят даражасидаги барча тегишли идораларга, ҳатто Олий Мажлис Сенатигача арз қилган, бироқ масаласи ҳал бўлмаяпти.

Мадина Ниёзовага расмий идоралардан келган жавоблардан бири.
Мадина Ниёзовага расмий идоралардан келган жавоблардан бири.

Мадина Ниёзованинг айтишича, унга сув остида қолган квартирасининг кадастр ҳужжатлари борлиги учун янги қурилган кўп қаватли уйлардан уч хонали квартира берилган. Бироқ товон пули берилмаяпти.

Мадина Ниёзова масаласи юзасидан Сардоба туман Халқ қабулхонаси мутахассиси Озодлик саволига компьютеридаги маълумотлар орасидан жавоб излаётган пайтда қабулхонада свет ўчиб қолди. “Свет ёнганда боғланарсиз, икки соатларда ёниб қолса керак”, - деди мутхассис.

Сирдарё вилоят ҳокимлигининг мурожаатлар бўлими мутахассиси Сардор Абдуқодировнинг Озодликка 9 декабрда билдиришича, Мадина Ниёзованинг аризаси икки кун олдин вилоят ҳокимининг биринчи муовини Анвар Каримовга киритилган.

Мадина Ниёзовага берилган янги хонадон ошхонаси.
Мадина Ниёзовага берилган янги хонадон ошхонаси.

Давлат Мадина Ниёзовани жабрланувчи сифатида тан олиб, янги уйдан квартира берган бир пайтда нега товон пули бермаётганини ҳокимлик мулозими “тошқин юз берган пайтда бошқа жойда яшаб тургани учун рўйхатга тушмай қолган бўлиши мумкин”лиги билан изоҳлади.

Мақола ёзилаётган пайтда Сардоба тошқинидан зарар кўрганини айтган яна бир сирдарёлик Озодликка мурожаат қилди. Сардоба тумани Юртдош МФЙ, Ораста кўча, 1- уйда истиқомат қилувчи 30 яшар Ихтиёр Очиловнинг Озодликка айтишича, унинг уйи тошқин оқибатида яроқсиз ҳолга келган, бироқ унга давлатдан товон пули ҳам, уй ҳам берилмаган.

“4 декабрь куни 30 киши бўлиб Тошкентга бордик. Вазирлар Маҳкамасидан Мансур Жуманиёзов деган киши чиқиб, биз билан гаплашди. Шанба куни Сирдарёга бораман, ўша ерда гаплашамиз, деб ваъда берди. Ўша куни Президент Халқ қабулхонасигаям кирмоқчи бўлдик. Киролмай, қайтиб келавердик”, - деди Ихтиёр Очилов.

Озодлик сардобаликларнинг Ихтиёр Очилов қатнашган 4 декабрдаги Тошкентга сафаридан 4 кун олдин бўлган бошқа сафари ҳақида хабар қилган эди.

30 ноябрда Тошкентга арз қилиб борган сардобаликлар.
30 ноябрда Тошкентга арз қилиб борган сардобаликлар.

30 ноябрда 50 дан ортиқ сардобалик Тошкентга, Ўзбекистон Бош вазири қабулига кириш учун борган, бу ерда ҳеч ким қабул қилмагач, аризачилардан бири Одина Комилованинг Озодликка айтишича, улар президент Мирзиёевнинг Дўрмондаги қароргоҳига қараб йўл олган, етиб борганида уларни қўриқлаш хизмати тўхтатган ва Сирдарёга қайтариб юборган эди.

Хўш, бу аризачиларнинг масаласи нима бўлди? Сирдарё вилоят ҳокимлигининг мурожаатлар бўлими мутахассиси Сардор Абдуқодиров Озодликнинг бу саволига ҳозирча конкрет жавоби йўқ эканлигини билдираркан, вилоят ҳокими бугун (9 декабрь) Сардоба тошқинидан зарар кўрганларни қабул қилаётганини айтди:

“Бугун соат 11 ларда вилоят ҳокими (Ғофуржон Мирзаев) биринчи муовини (Анвар Каримов) билан бирга Сардоба туманидаги мусиқа мактабида фуқароларни қабул қилди Оқ Олтин, Сардоба туманлари, умуман тошқиндан зарар кўрган ҳудудлардаги фуқаролар қабул қилиниши режалаштирилган. Бироқ қабул натижалари тўғрисида ҳозир менда маълумот йўқ”.

33 яшар Одина Комилова 30 ноябрь ва 4 декабрь кунлари Тошкентга арз қилиб борган. Унинг Озодликка билдиришича, шанба куни (5 декабрь) Вазирлар Маҳкамаси мулозими Мансур Жуманиёзов Сирдарёга келган ва уни қабул қилган. Ўша учрашувда унга тўланадиган товон пули масаласи ечилган. Одина Комилованинг айтишича, у товон пулини 7 декабрь, душанба куни олган.

Одина Комилованинг сўзларига кўра, яна бир неча аризачининг масаласи ҳал бўлгани йўқ: "Менимча яна бир неча киши кетган. Ҳар ҳолда, бугун менга Тошкентдан қўнғироқ қилиб, учрайдиган жой манзилини сўрашди".

Ҳокимлик мулозими Сардор Абдуқодировнинг айтишича, тошқиндан зарар кўрганлар билан боғлиқ муаммолар шу кунда “турмушидан ажралиб, ота-онасининг уйига қайтиб келган қизлар, тошқингача ота-онасининг уйида яшаган, бироқ номида алоҳида уй бўлмагани учун зарар кўрган оила сифатида уй олишга ҳақсиз, деб топилганлар билан боғлиқ”.

Шунга ўхшаш фикрни тошқиндан зарар кўрганлар муаммоларини яқиндан ўрганиб келаётган сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Хайрулло Қиличев ҳам билдирди:

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Хайрулло Қиличев.
Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Хайрулло Қиличев.

“Кейинги кунларда уй олишга ҳақлиларга янги уйлар берилди. Бу иш ҳануз давом этмоқда. Бироқ уй олишга ҳақли, деб тан олинганлардан ҳақсизлар кўпроқ. Уч хил рўйхат тузилган. Ҳозир уй олишга ҳақли эмасларга қачон ва қай шаклда ёрдам берилиши номаълум қолмоқда ва шу мавҳумлик норозилик пайдо қиляпти”.

Жорий йилнинг 1 майида Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 2 570 та ҳовли-жой, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар-жой қисман зарарланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омборида тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил: лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.сабаб бўлгани ўрганилаётганини маълум қилган.

Янги қарор

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилнинг 25 ноябрдаги қарори билан “Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида” низомни тасдиқлади.

Низомга мувофиқ, “жабрланган шахс”, “табиий офат”, “фавқулодда вазият” ва бошқа шу каби тушунчаларга аниқлама берилган, етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш тартиби, етказилган зарарни аниқлаш ва баҳолаш тартиби, жабрланган шахсларга eтказилган зарарни қоплаш тартиби ва бошқа шу каби меъёрлар тасдиқланган.

XS
SM
MD
LG