Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:19

"Мустақил комиссия": Сардоба тошқинидан зарар кўрган қарийб 100 оилага асоссиз уй берилмаган


Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та ҳовли-жой сув остида қолган.
Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та ҳовли-жой сув остида қолган.

"Сардоба сув омбори бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг учта туманида тошқиндан зарар кўрган аҳолига уй тарқатишда ҳукумат томонидан белгиланган тартиб бузилган ва натижада 147 та уй асоссиз берилган, айни пайтда уй олишга ҳақли 99 фуқарога уй берилмаган".

Бу маълумот маҳаллий депутатлар, маҳаллалар фуқаролари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисидан иборат "Мустақил комиссия" бир неча ой давомида ўтказган текширувлар юзасидан тайёрлаган ҳисоботда келтирилган.

Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари ҳали жамоатчиликка эълон қилинмаган ҳисоботдаги бу маълумотларга муносабат билдирар экан, жабрланганларга уй ажратишда ҳукумат томонидан белгиланган тартибга оғишмай амал қилинганини иддао қилди.

Сардоба: “Бу ерлар олдин жаннат эди” – омон қолганлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00

32 яшар Илёс Хамзақуловнинг Мирзаобод туман, Навбаҳор МФЙ ҳудудидаги уйини Сардоба тошқини ювиб кетган. Бир фарзанднинг отаси оиласи билан ўшандан буён отасининг уйида яшамоқда.

“Уйимни эндигина битириб кириб олган эдик. Тошқинда ювиб кетди. Ўрнига уй беришмади. Ҳужжатларинг жойида эмас экан, дейишдимией...” деди Илёс Озодликка.

Илёс Хамзақулов "Мустақил комиссия" уйсиз қолганини, бироқ ўрнига уй олмаганини аниқлаган 99 кишидан бири. Комиссия Илёс ва унинг оиласи юзасидан “Тўлиқ оқиб кетган яшаган уйи учун 3 хонали уй бериш керак”, деган хулосага келган.

Жами 35 бетдан иборат ҳисобот (нусхаси Озодликда бор) “Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори бузилиши натижасида 2020 йил 1 май кунги сув тошқинида талафот кўрган аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш жараёнида йўл қўйилган камчилик ва қонун бузилишлари тўғрисида таҳлилий маълумот” деб аталади ва муқовасидаги санадан у 2021 йил, 5 августда тайёр бўлгани англашилади.

Комиссия ҳисоботига сув тошқинидан зарар кўрганларга уй ажратиш тартибига доир меъёрий ҳужжатлар, вилоят ҳокимлигида, вилоят кенгашида бўлиб ўтган йиғилишлар қарорлари илова қилинган.

Ҳисоботнинг 27 бетдан иборат асосий қисмида комиссия аниқлаган фактлар келтирилган.

Унда айтилишича, вилоятнинг Мирзаобод туманида 61, Оқолтин туманида 51, Сардоба туманида 35 та уй асоссиз берилган.

Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.
Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.

Айни пайтда Мирзаобод туманида тошқиндан зарар кўрган 70, Оқолтин туманида 20, Сардоба туманида 9 кишига уй асоссиз равишда берилмаган.

Ҳисоботда асоссиз уй олган ҳамда уй олмаганларга оид батафсил маълумот: исм-фамилияси, манзили, оиласи таркиби ва бошқа маълумотлар бор.

Асоссиз уй олганларнинг уй олиши асоссизлиги сабаби, уй олмаганларнинг уй олишга нима учун ҳақлилиги кўрсатиб ўтилган.

Масалан, Мирзаобод туман, Солин қишлоғида яшовчи бир фуқаро “Маҳалла раисининг туғишган акаси” эканлиги, унга “1 та уй асоссиз берилган”и ёзилган.

Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.
Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.

Шунингдек, тошқин оқибатида уйсиз қолганлардан 99 кишининг уй олишга ҳақли эканлиги ҳужжатда келтирилган.

Жамоатчилик комиссияси хулосасига кўра, тошқин ортидан жабрланганлардан жами 18 та оилага 40 млн сўмдан берилган, лекин кейин қайтариб олинган.

Комиссия асоссиз уй олганлардан уйларни тортиб олиб, уларни ҳақиқий жабрланганларга беришни, “Алдов йўли билан қайтариб олинган 40 млн сўмлик маблағларни ўз эгаларига қайтариб беришни” тавсия қилган.

Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.
Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.

Ҳисоботни икки маҳаллий депутат, олти нафар маҳалла фуқароси, бир инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси имзолаган.

Озодлик ҳисоботни имзолаганлардан бири, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутати Акмал Икромов билан гаплашди.

“Биз вилоят депутатлари кенгашимиз раиси ташаббуси билан фуқаролар аризасига асосан масалани ўрганишни бошладик. Учала туманга 10 нафардан депутат бўлинди. Биз депутатлар туман ишчи гуруҳлари билан биргалашиб иш бошладик. Бироқ фуқаролар билан бевосита мулоқотлар давомида масала чигалроқ эканлиги билина бошлади ва шундан кейинги ўрганишларимиз давомида жуда кўп камчиликларни фош қилдик”, деди депутат.

Акмал Икромовнинг айтишича, биргина Мирзаобод туман, Ҳақиқат маҳалласидаги Чорвачилик бўлимида 7 та уй асоссиз берилгани аниқланган.

Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.
Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга берилган ёрдамни ўрганган мустақил комиссия ҳисоботидан.

Депутат ўзи аъзоси бўлган "Мустақил комиссия" ишига жабрланганларга уй тарқатишга масъул бўлган амалдорлар тўсқинлик қилгани тўғрисида, якуний хулоса чиққунича, аниқланган қонунбузарликлар тўғрисида “Тошкентгача жўнатилган шикоятлар яна туманларга қайтиб келгани” тўғрисида айтиб берди.

Маълумотларга қараганда, сув тошқинидан зарар кўрганларга уй бериш жараёнини вилоят ҳокимининг ўринбосариМаҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ўлмасжон Мамадаминов назорат қилган.

Ўлмасжон Мамадаминов Озодликнинг ҳисоботга муносабат билдиришини сўраб қилган мурожаатига жавоб бераркан, жамоатчилик комиссияси ҳисоботи билан таниш эмаслигини билдирди. Унда келтирилган маълумотларни Озодликдан эшитгач, уларни инкор этди:

“Ҳар бир фуқаро бўйича туман кенгашлари депутатлари ўрганиб, хулоса берган. Ҳар бири бўйича хулосалар бор, съёмкалар бор. Ҳар бир жабрланган бўйича ойлаб ишланган”.

"Мустақил комиссия" ҳисоботини имзолаганлардан бирининг (исми айтилишини истамади) 20 сентябрда Озодликка билдиришича, ҳисоботда келтирилган маълумотларни вилоят прокуратураси ўрганмоқда. “Расман шуғулланяпмиз, деб қўнғироқ қилишганига бир ҳафта бўлди”, деди у.

Сирдарё вилоят прокуратурасидан бу хусусда маълумот олишнинг иложи бўлмади.

  • 2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.
  • Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
XS
SM
MD
LG